01 June 2019
01:19 - “Бирлик” фаоли бўлган Исоқжон Зокировга нима сабабдан Ўзбекистонга кириш вазаси беришмаяпти?

29 май куни “Озодлик” радиосининг ўзбекча сайтида “Ўзбекистонга бора олмаётган ўзбекистонлик” деб аталган видеофильм эълон қилинди. Бу фильм “аввал “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг фаоли бўлган, кейин 2003 йили бу Ҳаракат асосида тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг аъзоси сифатида танилган Исоқжон Зокиров ҳақидадир.

“Озодлик”нинг видеосига “Америка Овози” радиосининг ўзбекча сайтида эълон қилинган видеофильмдан олинган лавҳалар ҳам қўшилган. “Америка Овози” радиосининг ўзбекча хизмати ҳам Исоқжон Зокировни ҳимоя қилиш ниятида эканлиги кўриниб турибди.

Эслатиш керакки, Исоқжон Зокиров 2004 йилнинг охирида Ўзбекистон хавфсизлик хизматидагиларнинг огоҳлантиришлари, тўғрироғи, қўрқитишлари натижасида Ўзбекистоннинг ўзи яшайдиган Андижон шаҳрини тарк этиб, Туркияга келган. Бу ерда БМТнинг қочқинлар билан шуғулланадиган ташкилотига мурожаат қилиб, Ғарб давлатларидан биронтасига кетишга рухсат сўраган. У натижа чиқмаслигини тезда тушуниб, Украина орқали Польшага кетган ва шу ерда Ғарбга кетиш учун рухсат сўраган ва жавоб кутган.

Бу ерда ҳам натижа бўлмагач, у 2006 йилнинг июль ойида Киевга келиб, шу ерда яна БМТнинг қочқинлар билан шуғулланадиган офисига мурожаат қилган ва АҚШга кетишга рухсат сўраган. 2009 йили у АҚШда қочқин сифатида яшашга рухсат олган ва АҚШга кўчиб келган. Якка ўзи келган, чунки, Ўзбекистонда қолган оиласи чет элга кетишга розилик бермаган. 2015 йили у АҚШ фуқаролигини ҳам олди, кейинчалик унга Ўзбекистон тарафидан фуқароликдан чиқарилгани ҳақида расмий ҳужжат ҳам берилди. Ҳозир у Нью-Йоркда яшайди.

Исоқжон Зокиров ўз яқинларни кўриб келиш мақсадида Ўзбекистонга бориб келиш учун АҚШ фуқароси сифатида виза олишга ҳаракат бошлади. У 2017 йил сентябрь ойида шундай ишлар билан шуғулланадиган, Нью-Йоркнинг жуда кўп рус тиллилар яшайдиган Брайтон Бич қисмида жойлашган, собиқ СССРдан келган Жанна Брызак яратган Travel Agency (Сайёҳлик Агентлиги) офисига мурожаат қилди. Аммо, Ўзбекистон бу агентлик орқали ҳам виза бермади. Электрон виза пайдо бўлгандан кейин, у ерга ҳам мурожжат қилинди, яна виза берилмади.

Энг қизиғи, Ўзбекистонга мурожаат қилинса, у ердагилар ўзингиз яшаётган жойдаги Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилинг дейишади, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консули Қаҳрамон Далимов эса, биз электрон виза ишига мутлақо аралашмаймиз дейди. Аслида, дейди “Ҳаракат” мухбири, дунё танийдиган демократик ташкилот - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг собиқ фаолига нима учун виза берилмаётгани, Қаҳрамон Далимовни ҳам бир инсон сифатида қизиқтириши керак эди-ку!

Аммо, “Озодлик” ва “Америка Овози” радиоларининг ўзбек хизматлари тарқатган видеоларида кўриниб турганидек, Қаҳрамон Далимов овқат ейишдан бошқа нарсани билмайдиган оддий порахўрга ўхшайди. Шундай бўлса ҳам умид қиламизки, унда инсонийлик туйғулари уйғонишга бошлайди ва у Исоқжон Зокировга ёрдам беради.

“Озодлик” ва “Америка Овози” радиоларининг ўзбек хизматлари бу ачинарли воқеа ҳақида тайёрлаган видефильмларини шу ерда кўришингиз мумкин - https://www.ozodlik.org/a/29970730.html?fbclid=IwAR1rTq6iDhVCD2RagCZOpgGJX3tb4P1NaivvsAxtR1m1gIUy4BiyHr5aqIA

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону