Ўзбекистонда ҳокимлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситаларидан бири бўлган Kun.uz Интернет нашри бугун хабар беришича, кеча 27 май куни Шавкат Мирзиё тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказибди.
Йиғилиш қаерда бўлгани, унда кимлар иштирок этгани айтилмайди. Аммо Шавкат Мирзиёнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Энг катта масала - иш жойи. Одамларнинг истаги, нияти, талаби ҳам шу, десак тўғри бўлади. Жуда катта қарор, фармонлар қабул қиляпмиз. Ўзгариш бор, буни тадбиркорларнинг сони ошганидан ҳам кўриб турибмиз. Лекин ҳозирги иқтисодиётимиз, вилоятларда бўлаётган муаммоларни чуқурроқ таҳлил қилсак, энг катта масала одамларнинг талаби юқори, бироқ бизнинг бюрократиямиз ҳали зўравонлигини қўлдан бой бермаяпти, десак адолатдан бўлади.”
Йиғилида ҳозирги оғир аҳволдан чиқишнинг гўёки йўли ҳам кўрсатилибди. Савдо-Саноат Палатаси раиси ва Адлия вазири раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳи тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш зарурмиш, аниқланган муаммоларнинг ҳудудга тааллуқлиси вилоят ҳокимига, республика даражасидагиси эса бош вазирга берилиши, улар ҳафтада бир кун қабулхона масалалари билан шуғулланиши кўрсатиб ўтилганмиш.
Булар оддий сафсата, дейди “Ҳаракат” мухбири. Ўзбекистонда демократия йўқ экан, яъни ҳақиқий Олий Мажлис, ҳақиқий сиёсий партиялар, ҳақиқий сайловлар, “Ҳаракат” Агентлиги каби ҳақиқий демократик оммавий ахборот воситалари йўқ экан, ватанимиз ва миллатимиз ҳозирги ғариб аҳволдан ҲЕЧ ҚАЧОН чиқолмайди.
Авваллари ҳам кўп марта айтганимиздек, ҳозирги ғариб аҳволдан чиқиш учун, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ва ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш керак.
Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.
Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ЎТИШ, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтса, ўзимизнинг инвесторлар синфи яратилади ва ўз инвесторларимиз ҳамма муаммоларни Шавкат Мирзиёнинг йиғилишларисиз ҳам ҳал қиладилар.
Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.
Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.
Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.
Расмда – СССРда демократик жараёнларни бошлаб берган Михаил Горбачев.