Ҳамма нарса Россиянинг энг машҳур “КоммерсантЪ” газетасининг сиёсат бўлимидан 2 нафар журналист – Иван Сафронов ва бўлим бошлиғининг ўринбосари Максим Иванов - 2019 йил 17 апрелда Россия Федерацияси Сенати, яъни Федерал Кенгашининг раҳбари Валентина Матвиенко шу йил май ойида ўз лавозимидан кетиши, тахминларга кўра, у Россия Нафақа Фондига ишга ўтиши, унинг ўрнига Давлат Думасининг собиқ раҳбари, ҳозир Ташқи Разведка Хизмати директори Сергей Наришкин келиши ҳақида “КоммерсантЪ” газетасида берилган “Спикеров делать из этих людей” номли хабар-мақола туфайли ишларидан ҳайдалганларидан кейин бошланди. Аслида, улар ишдан ҳайдаламаганлар, гўёки ўз ихтиёрлари билан ишдан кетганлар. Бунинг устига, “КоммерсантЪ” газетасидаги мақоланинг яна 3 та муаллифи борлиги ҳам ҳисобга олинмаган.
“Америка Овози” радиосининг русча хизмати хабар беришича, газетанинг Бош редактори Владимир Желонкин - Максим Иванов ва Иван Сафронов редакцион стандартларни бузганлари учун ишдан чиқарилганларини билдирибди. Бош редактор ўринбосари Рената Ямбаевага кўра, журналистлар газетанинг эгаси Алишер Усмановнинг талаби билан ишдан ҳайдалганлар. У ишдан ҳайдаш асоссиз ва редакция учун зарарли эканлигини, бу очиқча босим эканлигини ҳам айтган, аммо у ҳали ҳам ўз лавозимида ишлашни давом эттирмоқда.
Бироқ, кеча кечқурун газетанинг сиёсат бўлимида ишлайдиган ҳамма журналистлар бош акционернинг қарорига қарши эканликларни намойиш қилиш учун ишдан кетиш ҳақида ариза берганлар. Табиий, бош акционер деганда, улар ўзбек аслли Россия миллиардери Алишер Усмоновни назарда тутмоқдалар.
Алишер Усмановнинг одамлари унинг “КоммерсантЪ” газетаси ичида бўлаётган жанжалларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтаётганлари ҳам Россиядаги бир қатор оммавий ахборот воситалари тарафидан тилга олинмоқда.
Нима бўлганда ҳам, бу жанжал Алишер Усмонов ва “КоммерсантЪ” газетасининг обрўсига катта зарба бўлади.