19 May 2019
21:07 - Москва Давлат Халқаро Муносабатлар Институти битирувчиларининг V Халқаро Форуми Тошкентда ўтказилишининг муҳим аҳамияти борми?

ЎзАнинг бир қатор хабарларидан маълум бўлишича, Тошкентда кечадан бери Москва Давлат Халқаро Муносабатлар Институтининг (МДХМИ, русча - МГИМО) мамлакатимиздаги филиали мезбонлигида бу институт битирувчиларининг V Халқаро Форуми ўтказилмоқда. Бу тадбирда 32 мамлакатнинг ҳукумат, парламент аъзолари, сиёсатчилар, дипломатлар, йирик хорижий компаниялар раҳбарлари ва МДХМИ вакиллари қатнашмоқда. Уларни Россиядаги энг нуфузли олий таълим муассасаси - МДХМИда кечган талабалик йиллари бирлаштириб туради.

Форумнинг асосий дастури давлат идоралари ва компаниялар раҳбарларининг бизнес учрашувларидан иборат бўлиши, уларда таълим, маданият ва инвестиция, шунингдек, Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши, МДХМИнинг Тошкент филиалига бағишланган экспозиция ҳам ташкил этилиши, таълим соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилиши аввалдан хабар қилинган эди.

Хабарларда бу олий даргоҳни ўзбек аслли Россия миллиардери Алишер Усмонов, ўзбек аслли Қозоғистон миллиардери Фаттоҳ Шодиев ҳам битиргани алоҳида урғуланади. Евроосиё Банки Директорлар Кенгаши аъзоси, “Eurasian Resurces Group Sa.r.I” (“ERG”) компанияси асосчиларидан бири бўлган Фаттоҳ Шодиев кеча Форумда нутқ ҳам сўзлабди ва бир маҳаллар бу олий даргоҳнинг филиали Тошкентда очилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаганини урғулабди.

Дарвоқе, жорий йилнинг 15 июнидан МДХМИнинг Тошкент филиалга қабул бошланади, дастлабки ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича 75 та талаба қабул қилиш режалаштирилган.

Хабарларда бу тадбир ўта оламшумул воқеа сифатида тақдим этилмоқда. Ҳа, бундай олий ўқув юртининг филиали Ўзбекистонда очилиши муҳим воқеа, аммо, V халқаро форумунинг Тошкентда ўтказилиши қанчалик муҳимлигини вақт кўрсатади. Алишер Усмонов бу Форумга келмагани ҳам тасодиф эмас.

Форумнинг очилишида олинган расмда – ўнг тарафдаги 1-чи қаторнинг чап тарафида Шароф Рашидов замонида СССР Ташқи Ишлар Вазирлигининг Дипломатик Академиясини битирган, Шароф Рашидовнинг куёви, ҳозир Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов ва Фаттоҳ Шодиевни кўрмоқдасиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону