07 May 2019
17:23 - Шавкат Мирзиё: Бу йил Фарғона вилоятида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш йили бўлади. “Ҳаракат”: Банақада келажагимиз бўлмайди, ҳамма ерда ҳар йили шундай қилиш керак!
Бугун 7 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Фарғона шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказди, ҳаммани Рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган Хотира ва Қадрлаш Куни билан табриклади. Бундан ҳам муҳими, президентнинг нутқидаги қуйидаги сўзлардир: “Фарғона вилояти инвестиция олиб келиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир йил фавқулодда ҳолатда ишлайди. Келгуси йил май ойигача ҳокимликлар ҳам, тегишли вазирликлар ҳам ҳисобот беради. Бир йил шу тизимда ишласак, ҳаммаси аён бўлади”.

Кўриниб турибдики, Шавкат Мирзиё давлатни бошқариш қобилиятига эга бўлган инсон эмас. Чунки, фақат Фарғонада эмас, бутун Ўзбекистонда, қолаверса, бутун дунёда одамлар тўхтовсиз инвестиция яратиш, уларни ҳаётга тадбиқ қилиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш билан шуғулланишлари керак. Шундай оддий нарсаларни тушунмайдиган одам Ўзбекистонда 13 йил Бош вазирлик қилиб, мана энди 2,5 йилдан бери президентлик курсисида ўтириб, қуруқ сафтабозлик билан овора. Бунақада Ўзбекистонда ҳеч қандай жиддий ижобий ўзгаришлар бўлмайди, бундай президент билан бўлолмайди ҳам.

Ўзбекистонни аввал Ислом Карим, энди Шавкат Мирзиё раҳбарлигида Москванинг топшириғи билан ҳозирги ғариб аҳволга туширган тожиклар режимини керакли ишлар билан шуғулланишга мажбур қилиш керак. Кўп марта қайтарганимиздек, Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга раҳбарлик қилиши лозим, бунинг учун у кабинeтидан чиқмасдан ишласа ҳам бўлаверади.

Вақти келгани учун эслатиш керакки, фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.

Расмга қаранг, эркак тўла залда иккитагина аёл кўринмоқда. Нима, Шавкат Мирзиёнинг мақсади Фарғонада аёлларни четга суришми?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону