Бугун 19 апрель куни пешинда Кўксарой қароргоҳида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Мун Чжэ Ин ва Шавкат Мирзиё шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Шу орада икки президент турмуш ўртоқлари билан расмга ҳам тушибдилар. Бу расмнинг ягона қизиқ жойи – 1 йилчадан бери кўринмай қолган Шавкат Мирзиёнинг биринчи хотини Зироатхон қайтадан кўриниб қолганидир.
Кейин 2 президент бошга-бош ва кенгайтирилган форматда суҳбатлар ўтказдилар. Икки президент ҳузурида бир қатор расмий ҳужжатлар, асосан, меморандумлар имзоланди. Охирида икки президент ҳамманинг кўзи ўнгида икки давлатнинг стратегик алоқалари ҳақидаги Шартномани имзоладилар.
Жойи келгани учун эслатиш керакки, Жанубий Кореянинг Мун Чжэ Индан аввал, аниқроғи, 2013-2017 йиллари президенти бўлган Пак Кин Хе хоним порахўрлик, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлат сирларини маъсул бўлмаганларга билдириш каби айблари туфайли импичмент йўли билан ўз лавозимидан олинган ва 2018 йилда Марказий Суднинг қарори билан 25 йил қамоқ жазосига ва $17,8 млн жаримага тортилганди. Унинг давлат ишларида ишламайдиган ҳамтовоғи ва ёшликдан дўсти Чхве Сун Сил ҳам 2018 йили коррупция айби билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Мун Чжэ Ин аввалги президентга нисбатан мухолифатда бўлган ва 2017 йили ўтказилган сайловларда президент этиб сайланганди. Аммо, ўз мамлакатида демократия учун курашган ва ғалаба қозонган Мун Чжэ Ин дунёнинг энг мудҳиш диктаторликларидан бири бўлган, Фридом Хаус (Озодлик Уйи) тарафидан жаҳоннинг "Ёмонларнинг ёмонлари" рўйхатига киритилган Ўзбекистон билан яқин алоқалар ўрнатаётгани, Ўзбекистонда демократия ва тўла бозор иқтисодиёти йўқлигини, инсон ҳуқуқлари, сиёсий ҳуқуқлар ва ошкоралик принциплари оммавий равишда топталаётганини умуман тилга олмаётгани мисли кўримлмаган шармандаликдир.
Мун Чжэ Ин бугун Кўксаройидаги учрашувлар пайтида “Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги эрасига қадам қўймоқда” деб айтгани замонавий шармандачиликнинг рамзи сифатида тарихда қолади. Айни замонда савол туғилади: Мун Чжэ Ин ҳам аввалги президент Пак Кин Хе хоним каби порахўрлик, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш билан шуғулланмаяптими? Агар шундай бўлса, Жанубий Кореянинг имижи яна ҳам пастга тушади.