12 January 2005
04:00 - 21:30 - Ўзбекистон давлат рахбари хайитни эълон килди 17:00 - «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг Информацион Билдириши 8:00 - Ургутда хам «бирлик»чиларга тазйиклар ўтказишга интилмокдалар 7:00 - Андижонда «Бирлик» тарафдорларига тазйиклар
21:30 - Ўзбекистон давлат рахбари хайитни эълон килди

Ўзбекистон давлат рахбари Ислом Каримовнинг хайит кунларини эълон килиши ўзига хос анъанага айланди. Одатдагидек, бугун, 12 январда у Вазирлар Махкамасининг раиси сифатида бўлгуси диний байрам - Курбон хайитининг 1-кунини 21 январда нишонлаш хакида карор чикарди. Карорга кўра, 21 январь, жума Ўзбекистонда дам олиш куни деб эълон килинди.

Мазкур карорнинг 2-кисмига кўра, «мутасадди идора ва ташкилотлар Курбон хайитининг жойларда тартибли ва юкори даражада ўтиши учун тегишли тадбирларни», яъни асосан хавфсизлик чораларини амалга оширадилар.

17:00 - «Бирлик» Халк Харакати Партиясининг

Информацион Билдириши


8 январь 2004 йил

2004 йил 23 декабрда Ўзбекистон Бирлик Халк Харакати Партияси Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўгрисидаги» конунига мувофик ўз хужжатларини Адлия вазирлигига расман руйхатдан ўтиш учун топширган эди. Маълум бўлишича, шу кунларда аризага илова килинган 20150 таъсисчининг имзоларини хакикийлиги Адлия вазирлиги томонидан текширишга бошланган. «Бирлик» Партияси рахбарияти Адлия вазирлигига, партиянинг Фаргона, Самарканд, Тошкент вилоят ташкилотларининг рахбарлари жойлардаги Адлия бошкармаларига шу муносабат билан мактуб йўллаб, Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олиш жараёнига жиддий эътибор бераётгани муносабати билан мамнуниятларини билдирдилар.

Лекин, дейилади «бирлик»чиларнинг мактубида, Фаргона, Самарканд, Тошкент, Наманган, Андижон ва Навоий вилоятларида «Бирлик» тарафдорларининг имзосини текшириш билан Ички ишлар вазирлигининг махаллий ходимлари хамда махалла фукоролар йигини рахбарлари, махалла посбонлари шугулланаётгани маълум бўлди. Улар имзоларни текшириш бахонасида партия тарафдорларига нисбатан каттик босимлар ўтказа бошлашган, «бу партиянинг террористик ташкилотлар, хусусан, Хизб-ут-Тахрирга алокаси бор, бу партия хукуматнинг душмани, шу сабабли сизнинг бошингизга хам мусибатлар тушиши мумкин» дея тахдидлар килишган.

Баъзи партия тарафдорлари бу босимларга чида олмасдан милиция ва махалла кўмиталари тарафидан аввалдан тайёрлаб келинган «Мен бу партияга билмасдан аъзо бўлиб колибман», «Мени алдаб бу партияга олиб киришди», «Мен имзо кўйдириш учун келган одамга рад этолмаганим учун кўл кўйгандим» каби хатларни имзолашга мажбур бўлишган.

«Бирлик» Партияси рахбарияти Ўзбекистон хукуматининг бу ишларини халкаро инсон хукуклари ташкилотлари, Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилоти, Гарб давлатларининг ташки ишлар вазирликлари ва Тошкентдаги элчиликларига билдирди ва Ўзбекистон хукуматини ўз конунлари ва халкаро нормаларга риоя килиш хусусида огохлантиришга чакирди.

Айни замонда, партия аъзолари ичида тушунтириш ишлари олиб бориш жадаллаштирилди. Маълумки, партия аъзоларини на махалла кўмиталари, на милиция ва на бошка давлат органларининг ходимлари партия аъзолиги хусусида сўрокка тутишга хаклари йўк. Уларнинг саволларига жавоб беришни рад этиш мумкин. Факат Адлия вазирлигининг ваколатли ходимларигина партия аъзосининг имзоси хакикий эканлигини текширишлари мумкин. Улар хам одамлар нима учун бу партияга кирганлари, кандай вазиятда кирганлари, партиянинг Дастур ва Низомлари хакида саволлар беришга хаклари йўк.

«Бирлик» Партияси хукумат органларидан дархол бу гайриконуний ишларини тўхтатишни талаб килди ва Ўзбекистон конунларини оёк ости килаётган амалдорларни мавжуд конунлар доирасида жиноий жавобгарликка тортиш учун харакат бошлашини билдирди.

* * *


8:00 - Ургутда хам «бирлик»чиларга тазйиклар ўтказишга интилмокдалар

«Бирлик» Партияси Самарканд вилояти ташкилотининг рахбари Холикназар Ганиев 10 январь куни Ургут туманида хам партия таъсисчиларининг имзоларини текшириш жараёнида уларга тазйиклар ўтказилаётганидан хабар топгач, 11 январда бу ерга келиб ахвол билан танишганини самаркандлик мухбиримизга билдирди. Маълум бўлишича, Адлия бошкармаси ходимлари имзоларни хакикийлигини текшираётганда конунга хилоф, одамларни чалгитвчи ва кўркув-хадик уйгатадиган саволлар беришган.

Холикназар Ганиев Ургут туманида имзо тўплаш жараёнида бевосита катнашган Омон Салохитдинов, махаллий хукук химоячиларидан С.Бўлатов ва К.Гафуровлар билан биргаликда шу ерлик хусусий нотариус Бердимурод Махмудов билан учрашди. У киши Ургут шахрининг «Чорраха» махалласи оксоколи Гаффор Эргашев билан уйма-уй юриб таъсисчиларга «Бу имзо сизникими?», деб сўраш билан чекланиш ўрнига «Сиз Бирлик партиясига киришни сўраб ариза берганмисиз?» деган савол билан мурожаат килганини тан олди. Масаланинг махияти шундаки, таъсисчилар партияга кириш учун ариза бермайдилар, уларнинг умумий рўйхатдаги имзоси етарлидир. Шу сабабли, юкоридаги савол чалгитувчи бўлиб, хамма унга, табиий, «Йўк» деб жавоб берган. Бу жавоб эса, хукумат одамлари томонидан одамлар «Бирлик»га кирмаганларини тасдикловчи факт сифатида фойдаланилмокда.

Бердимурод Махмудов текшириш вактида таъсисчилардан «Сиз нима учун бу партияга кириш учун ариза берасиз?» саволига жавобан тушунтириш хатлари хам ёздириб олганлигини мамнуният билан таъкидлади. Холикназар Ганиев унга «Тушунтириш хати бирор айб иш килинган холда ёзилади, партияга кириш, сизнингча, айб ишми, нима учун бундай ноконуний ишни килдингиз?» деб сўраганда нотариус огзини очолмаган.

Сўнгра «бирлик»чилар Ургут туман давлат нотариуси Шахоб Хайдаров билан учрашдилар. У олдинги имзо текшириш кампаниясида «бирлик»чилардан олган танбехидан тўгри хулоса чикарган шекилли, бу сафар ўзини бу ишдан четга олганлигини айтди. Олдинги сафар у одамларни «Сизлар нега бу партияга кўшилдинглар, сизлар билан МХХ шугулланади» деб кўркитган эди. «Бирлик» Партияси бу фактни Адлия вазирлиги устидан Олий Судга берган аризасида тилга олган ва Шахоб Хайдаровни гувох сифатида судга чакирилишини талаб килганди.

Бўлаётган вокеалар шуни кўрсатмокдаки, деб ёзади мухбиримиз, «Бирлик» фаоллари жойларда карши хужумга ўтиб «адлия»чилар ва уларнинг ёрдамчиларни ўзларини химоя этишга мажбур килмокдалар. Айнан шу жараёнда «Бирлик» сиёсий партия сифатида тобланмокда, кучаймокда. Бу фаолият давом эттирилиши лозим.

7:00 - Андижонда «Бирлик» тарафдорларига тазйиклар

«Бирлик» Партияси Андижон вилоят ташкилотининг Матбуот маркази куйидагиларни маълум килди.

10 январь куни Жалакудук туман «Кўштепа» ширкат хўжалиги фермери Косимжон Эгамбердиев олдига Жалакудук туман Давлат Нотариал идораси нотариуси Эътиборхон Мирзаева бошчилигида, махалла фукаролар йигини раиси ва номларини айтмаган бир катор фукаро кийимидаги масъуллар келиб, «Бирликка» имзо кўйишингизни сабаби нимада, бу – вахобийлар партияси биласизми, имзоингизни кайтариб олинг, бу мени имзоим эмас деб, тушунтириш хати ёзиб беринг......» каби яна бир катор гапларни айтган. Косимжон Эгамбердиев уларга рад жавоби берган, лекин хукумат масъсуллари яна бир неча фукаро билан юкоридаги усулда гаплашганини, айримларини кўркитиб ёки тазйик усулида, улардан тушунтириш хатлари ёздириб олганини айтади.

«Бирлик» Партиясининг Жалакудук туман раис Мўминжонов Шокиржон ва раис ўринбосари Бакиров Улугбеклар хам юкоридаги холат 10 январдан буён туман бўйича кенг микёсда бошланганини таъкидлаб, масъуллар Ўзбекистон конституциясига ва яна бошка мавжуд конунларга зид холатда одамларга тазйиклар уюштириб, тушунтириш хатлари ёздириб олаётганини айтишади.

10 январь куни Андижон тумандаги «Огуллик» махалла фукаролар йигини идорасига махаллада яшовчи фукаролардан навбат билан жуда кўпчилик йигилган ва туман ФХДЁ булими бошлиги Мамажонова хамда «Биз СМБданмиз» деб ўзларини таништирган, лекин исм- шарифларини айтмаган икки оддий кийимдаги масъуллар фукаролардан «Бирлик» Партияси учун кўйилган имзоларни кайтариб олишлари кераклигини айтган. Айримлардан «биз бу имзоларни ўзимизни муаммоларимизни хал килиш учун кўйганмиз» деган рухда тилхат ёздириб олган. Фукаролар Солижонов Салимжон, Усмонов Хусанбойлар ушбу йигилишга чакиртирилганлигини расман тан олишади.

11 январь куни Мархамат туман Коракургон кишлок фукаролар йигинида яшовчи Худойбердиев Нодирбек, Худойбердиев Пахлавон ва Отахонов Дониёрлар туман Ички Ишлар бўлими ходимлари томонидан ушлаб кетилган. Хукук химоячиси Мухаммадкодир Отахоновнинг айтишича камокка олинганлар «Бирлик» Партиясига имзо йигишда айбланишмокда. Уларнинг такдири билан Мухаммадкодир Отахонов кузатувлар олиб бораётганини маълум килди.

«Бирлик» Партиясининг вилоят ташкилоти раиси Акбаржон Орипов Жалакудук туман Нотариал идорасида бўлганида, идора котибаси Раънохон Абдуазимова, имзо кўйган фукаролардан тушунтириш хатлари ёздириб олиш бўйича махсус буйрук борлигини айтган.

Кеча Акбаржон Орипов «Эзгулик»нинг Андижон вилояти бўлими раиси Музаффармирзо Исоковбилан биргаликда «бирлик»чиларнинг конуний сиёсий хукуклари кўпол тарзда бузилаётгани борасида вилоят Адлия бошкармасига «Билдирувнома» топширди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону