23 June 2009
11:11 - Самарақандда япон қудалар ҳам «ёр-ёр» айтишди
Яқинда Каттақўрғон шаҳридаги «Оқ олтин» маҳалласида муҳандис Даврон ака ҳамда Ўғилтош опаларнинг хонадонида бўлиб ўтган тўй байналмилал, яъни ўзбек-япон миллатининг ҳақиқий бахт кечасига айланди, дейилади Zarafshon газетасидаги хабарда (11 июнь 2009 йил, № 71).

Маълум бўлишича, Абдуллаевлар оиласи япониялик Хагиялар билан қуда-андачилик ришталарини боғлашган. Тақдир экан Абдуллаевларнинг қизи Дилафрўз ўз умрини Ҳидето билан боғлаган. Севги, муҳаббат туйғулари юрт, ирқ, мазҳаб танламас экан.

Дилафрўз Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқиб юрган пайтида кейинги тақдири нима бўлишини билмаган эди. Кейинчалик таҳсилни Япониянинг Синдай университетида давом эттирди. Ўзбек, рус, инглиз, япон тилларида бемалол, бурро сўзлаша оладиган каттақўрғонлик бу қиз магистратурада ҳам аъло баҳоларга ўқиди, туризмнинг бизнес-дизайн соҳаси бўйича мутахассислик дирломини Япониянинг нуфузли олий ўқув юртида қўлга киритди.

Куёв Ҳидето ҳам зиёли хонадон фарзанди. Унинг отаси Каори Хагия ва онаси Казико Хагиялар тажрибали педагоглар. Куёв бола эса 2008 йилда Пахоку университетининг кимё-технология инженерлиги факультетини тамомлаган. Ҳозирда эса жаҳонга машҳур «Никки» компаниясида ишлайди.

Япон қудалар ёшларнинг тўйига розилик олиш учун тўрт-беш марта Каттақўрғонга келиб-кетишган. Ниҳоят, ўзбек қудаларнинг рози-ризолиги олинди, ёшларнинг никоҳи ўқилди. Дастлаб тўй Японияда ўтказилган бўлса, бироз вақтдан сўнг «Оқ олтин» маҳалласида ҳам тўй бўлиб ўтди. Элга ош тортилиб келин-куёвлар қонуний расмийлаштирилди. Тўйга Узоқ Шарқдан ҳам йигирмага яқин меҳмонлар ташриф буюришди.

Ўша кунлари Самарқанд шаҳрига саёҳатга келган бир гуруҳ япониялик сайёҳлар ҳам бу тўйнинг дарагини эшитиб, Каттақўрғонга етиб келишди. Улар ўз тўйларида куйлайдиган термаларини моҳирона ижро этиб, миллий қўшиқларини «Ёр-ёр» ва ўланларга улаб юборишди. «Тановар» ва «Лазги»га рақс тушишди. // Хабарни тайёрлаган – Холиқназар Ғани

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону