20 June 2009
02:36 - Дилмурод САЙЙИД: "Адвокат Ҳасан Маҳбубов ИШОНЧни оқламади! Нега?"
Шу йил 22 феврал куни ҳибс этилишимиз туфайли Ҳасан Маҳбубовнинг менинг турмуш ўртоғимга ўз хоҳиши билан мени ҳимоя қилиш истагини билдиргач, мен ва Анорбой Пўлатовлар уни адвокатликка олдик. Шунингдек, Тўрабой Эргашев ҳам адвокатликка олиб, пул тўлади. Лекин, Ҳасан Маҳбубов ўз ҳимоясидаги Анорбой Пўлатов билан Тўрабой Эргашевга: “Дилмурод Саидов “Эзгулик” жамиятининг аъзоси, бу жамият Ўзбекистон ҳукуматига қарши борадиган ташкилот” деган гапни айтади. Шундан сўнг Т.Эргашев Ҳасан Маҳбубовга “отвод” берган, яъни хизматидан ҳам, ўзидан ҳам воз кечган.

Билишимча, Ҳасан бундан “тушунтириш ишлари”ни менга ишончнома берган фермерлар орасида ҳам олиб борган...

Ҳасан Маҳбубовнинг бизнинг ишимиз бўйича Самарқандга келиб-кетиши, ётоқ ва овқатланиш харажатлари А.Пўлатов, Т.Эргашев яқинлари томонидан тўлиқ қопланган. Бироқ у йўл харжи баҳонасида менинг турмуш ўртоғим Барнодан (кекса онамнинг пенсия пулидан!) икки юз минг сўм пул олган.... Лекин у бирор марта ҳам Каттақўрғондаги турмага боргани йўқ, фақат тергов ҳаракатлари вақти учрашдик, холос.

Менинг соғлигим узлуксиз муолажани талаб этишини Ҳасан Маҳбубов яхши билади. Шунингдек, турмада ҳам, ВУТида ҳам доим врач хизматига муҳтож бўлганман. Суд вақти Тайлоқ туман ВУТига “Тез ёрдам” чақирилди.

Мен терговдаги ноҳақликлар ҳақида жаҳон жамоатчилигини хабардор этиб боришликни адвокатим Ҳасан Маҳбубовдан доим илтимос қилганман. Ва тергов сирини эмас, воқелик баёнини ҳамиша матн шаклида бериб юборганман. Менинг аҳволимни 16 март куни В.Иноятова, А.Ташанов ўз кўзлари билан кўришган.

Тергов охири (24 апрел куни!) “Иш” жилдидаги материаллардан ксеронусха олиб, менга қолдиришни Ҳасан Маҳбубов кафолатлагачгина, мен тергов якуни ҳақидаги қоғозга имзо чекдим. Бироқ адвокат Ҳ.Маҳбубов менинг ишончимни оқламади, зарур ҳужжатлардан ксеронусха ололмай қолдим.

Ҳасан Маҳбубов ўз адвокатлик бурчини етарли адо этмади, деб ҳисоблайман. Зеро, бизга қўйилаётган айблов ҳам, “Иш” жилди ҳам уйдирма эканлигини тасдиқловчи далиллар етарли бўлса-да, адвокат Маҳбубов тегишли идораларга, жаҳон жамоатчилигига қонун доирасида мурожаатлар қилишни истамади. Хизмат ҳақини биздан олиб, КИМнинг манфаати учун хизмат қилгани бизга ҳозирча қоронғу!

Дилмурод САЙЙИД

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону