17 June 2009
11:14 - Эрон ва Ўзбекистондаги президент сайловларини солиштирсак
Ўтган жума куни ўтказилган президентик сайловида мағлубиятини тан олмаган номзод, озори аслли Мирҳусейн Мусавининг тарафдоралари сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан норозилик акцияларини давом эттирмоқдалар.

Муҳташамлиги билан “Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989 йилидаги митингларидан қолишмайдиган Теҳрон шаҳрининг Озодлик майдонида ҳозир бўлаётган митинглар Мирҳусейн Мусави тарафдорларининг кучини намойиш қилмоқда. 1979 йили ҳокимиятга рекацион исломчиларни олиб келган инқилобдан кейин Эронда бундай кўламда митинглар ўтказилмаган экан. Сайлов натижалари бекор қилинадими ёки йўқ, ҳозирданоқ бир нарса аниқки, Эрондаги реакционерлар тузуми яхшигина чайқатилди, энди улар вазиятни эски ҳолига келтиролмайдилар. Сайлов натижаларини тан олмасдан ва қўрқмасдан режимга қарши чиққан Мирҳусейн Мусавига офарин дейиш керак.

Эронда бўлаётган воқеаларни кузатаётган ҳар ўзбек мамлакатимизда ўтказиладиган президент сайловларининг қанчалик ёлғондакам ўйин эканлигини яна бир марта ўйлаб қолса керак. Мухолифатнинг номзодларисиз ўтказилган сўнги икки сайловни эмас, 1991 йил декабрда гўёки мухолифат номзоди деб танитилган Салой Мадамин иштирокидаги сайлов ҳам қанчалик шармандали ўйин бўлганини, шу пайтгача тан олмаганлар ҳам энди тан олсалар керак.

Мирҳусейн Мусавидан фарқли ўлароқ, ҳозир 53-54 лақаби билан танилиб қолган Салой Мадамин очиқдан-очиқ сохтакорлик руҳида ўтказилган сайловларга ҳеч қандай эътироз билдирмасадан, ҳали расмий натижалар эълон қилинмасданоқ, Ислом Каримни ғалаба билан қутлаганди ўшанда. Чунки, у шундай қилишга ваъда бергани учун сайловга қатнаштирилган эди. Ўзбекистон ҳукумати ва унинг раҳбари Ислом Карим мухолифатнинг ҳақиқий лидери Абдураҳим Пўлатдан ўтдан қўрқандек қўрққани учун, унинг номзодини сайлов бюллетенларига киритмаслик учун - ўзи керак деб ҳисоблаган ҳамма нарсани қилганди.

Ҳамма рангли инқилоблар митинглардан бошланган. Агар, ўшанда Салой Мадамин тарафдорларини майдонга чақирса эди, “Бирлик” ҳам уларга қўшиларди. Шунда ёки сайлов натижалари бекор қилинарди, ёки, ҳеч бўлмаганда, Ислом Каримнинг тахти ўшандаёқ тебратиб қўйиларди.

Аммо, хоин Салой Мадамин яна иккита квартира ундириб қолармиканман деган умид билан Ислом Каримнинг хизматини қилди, ўз халқини сотди ва ишлатиб бўлингандан кейин бир тепиб улоқтирилди. Ҳинд халқининг буюк фарзанди Жаваҳарлар Неру “Сотқинлик бор ерда қуллик бор” деган. Мана ҳозир халқимиз юрт ичида қулликда, юрт ташқарисида мардикорликда юрибди.

Миллатни қулликдан чиқара оладиган кучларни ўз атрофида тўплай олиш потенциалига эга бўлган битта ташкилот бор Ўзбекистонда – “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси. Ҳозирги режимдан қутулишни ўйлайдиганлар унинг атрофида бирлашишлари керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону