10 June 2009
12:12 - Холиқназар Ғани: Кириш имтиҳонларига тайёрланиш керакми…
Мен кўп йиллардан бери (математика фанидан) репетиторлик қиламан. Хар йили мендан таҳсил олишни истовчилар сони менинг имкониятларимдан анча ортиқ бўлар эди. 2008/2009 ўқув йили мавсумида талабгар абитуриентлар сони кескин камайиб, таклифнинг учдан бирича ҳам эмас. Сабаби нимада? Агар сабаби репетиторда, яъни менда, менинг таълим бериш услуб-маҳоратимда бўлса, бу ўзгариш бирдан, бир йил ўтмасданоқ бўлмаслиги керак эди.

Менимча, сабаби бултурги кириш имтиҳонларининг ўтказилиш тарзида. У эса, ўша имтиҳонларда қатнашган абитуриентларимнинг таърифлашларича, ҳамишагидан ҳам кўра ўта адолатсиз, ғирром бўлган. Ўқишга ўтиши шарт бўлган абитуриентларнинг имтиҳон варақалари қолганларнинг кўз олдиларида имтиҳон хонасидан обчиқиб кетилиб, ташқарида тўлдирилиб, қайтарилиб келтириб берилган. Имтиҳонда қўл телефонларидан фойдаланиш, бировнинг ўрнига бошқа бировнинг имтиҳон топшириши, шпаргалкалардан фойдаланиш ҳолатлари назорат қилинмаганлигини айтмаса ҳам бўлади, дейишди улар. Шундай бўлгач, кириш имтиҳонларига репетиторга қатнаб тайёрланишнинг фойдаси йўқ. Чунки репетиторга борувчилар абитуриент аҳлининг 90%ини ташкил этувчи ўртамиёна иқтидорли, мактабда ўқиш ўрнига ойлаб пахтада юрганлиги туфайли билими ҳам нол атрофидаги ўсмир ёшлар бўлиб, улар қанчалик тайёрланишмасин барибир имтиҳонга киритилган учта фаннинг учаласидан ҳам 100% баллни ола олмайди.

Мутлақо китоб ўқимасдан керакли «тайёргарлик»ни кўрганлар эса уччала фандан ҳам 100% баллни олишади ва қабул режасидаги ҳамма ўринларни эгаллаб, ўз билимига ишонганларга ўқишга кириш имкониятини (шанс) қолдиришмайди. Кириш имтиҳонлари ҳалол-ҳаққоний бўлса, сўзсиз, унга оз бўлсада тайёргарлик кўрган, ҳақиқий билимли абитуриентларнинг имкониятлари саводсиз нодон абитуриентларникига нисбатан зиёд бўлади.

Мен ҳайронман, давлат аҳамиятига эга бўлган, бир йилда бир марта бир кун бўладиган бу маъракани, наҳотки, рисоладагидек, ҳалол-покиза қилиб ўтказишнинг иложи бўлмаса? Уни президент шахсан ўзи назорат қилса ҳам бўлади-ку? Холиқназар Ғани Самарқанд

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону