29 December 2015
01:38 - Озорбайжонлик журналист Арманистонга жосуслик қилиш айби билан 6 йилга кесилди
Бу журналистнинг исми Рауф Миркадиров. “Ҳаракат” агентлигининг 2014 йил 19 ва 20 апрелдаги хабарларидан маълумки, бу журналист - қайта қуриш йилларидан бери озорбайжон ва рус тилларида чиқадиган машҳур Зеркало/Айна газетасининг охирги 3 йилда оиласи билан Туркияда яшаб келаётган мухбири эди. У 2014 йил 19 апрелда Туркиядан депортация қилинган ва эртаси куни Боку аэропортида ҳибсга олинган эди. Дарҳол маълум бўлдики, унга Арманистон фойдасига жосуслик қилиш айби қўйилибди.

Ўша кунлардаги хабарларимизда айтилгандек, уч йилдан бери Туркияда яшаётган журналист арманиларга, агар ўзи буни истаса ҳам, Озорбойжоннинг қандайдир сирларини сотишга қодир эканлигига ишониш қийин.

Мана орадан 1,5 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Кеча Бокунинг оғир жиноятлар бўйича суди Рауф Миркадировни 6 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқарди. У айбларни тан олмаган. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар уни аллақачон сиёсий маҳбус деб эълон қилиб бўлганлар.

Яна аввалги хабарларимиздан маълумки, 2014 йилнинг август ойида эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Лейла ва Ариф Юнуслар ҳам шу каби айблар билан ҳибсга олинишган, айнан улар Рауф Миркадировни жосуслик ишига тортишгани иддао қилинганди.

Аммо, Лейла ва Ариф Юнус шу йил ёзда қандайдир молиявий қонун бузарчилик айблари билан 8 ва 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган, аммо Ғарб давлатлари ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг катта шов-шувидан кейин олдинма-кетин шартли озодликка чиқарилгандилар.

Бу воқеалар муносабати билан аввал ҳам бир неча марта айтилган фикримизни такрорлаймиз. Озорбойжаннинг бир-биридан фарқини ўзлари ҳам тушунмайдиган демократик мухолифат ташкилотлари қоғозда бирлашган бўлса ҳам, амалда тарқоқ. Худди Ўзбекистонда каби, ҳар бир мухолифатчи фақат ва фақат лидер бўлиб олишни ўйлайди, миллат ва ватан тақдири билан ортиқча қизиқмайди, бунақа масалаларни ва катта сиёсатни тушунмайди ҳам. Мухолифат шундай бўлгани учун Илҳом Алиев ва Ислом Каримларга тахтда ўтрибдилар, уларга айнан шундай мухолифат керак.

Мухолифатнинг бу каби касалликлари тузатилмаса, бу икки мамлакатда диктаторлик давом этаверади. Қолаверса, мухолифатнинг бундай касаллигини тузатиш фақат мухолифатнинг эмас, бутун жамиятнинг ишидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону