НАТО ва Россия ўртасида совуқ уруш, Сурия ва Ироқда ҳақиқий уруш давом этмоқда, Афғонистон, Яман, Нигерия ва Малида ҳам ҳар куни қон тўкилмоқда. Ироқда АҚШ ҳарбийлари ИШИДнинг раҳбарларидан бири деб айтилаётган Абу Умар аш-Шишанийни асирга олишибди. Ироқ қўшинлари Боғдодга яқин ерда жойлашган ва 2014 йилнинг май ойидан бери ИШИДнинг қўлида бўлган Эр-Рамади шаҳрини қайтариб олганларни айтмоқдадар, аммо АҚШ ҳарбийлари ҳали буни тасдиқламаяптилар. Хуллас, ҳамма кўникиб бўлган оддий воқеалар.
Хабарга арзийдиган биттагина воқеани тилга олиш мумкин. Донбассда яшаётган месхет-турклари бу ерда тинчлик йўқлиги ва яқин орада бўлмаслигига ишониб, Туркия ҳукуматига мурожаат қилибдилар ва у ерга кўчиш учун рухсат олибдилар.
Уларнинг 350 кишилик биринчи гуруҳи Туркиянинг Гуржистон билан чегараларига яқин жойларга шу кунларда учиб кетишган. Бу ерлар уларнинг она юртлари ҳисобланадиган Гуржистоннинг жанубидаги Месхетияга яқиндир.
Маълумки, месхет-турклари 1944 йили Сталиннинг буйруғи билан ўз юртларидна мажбуран Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга кўчирилган эдилар. 1989 йил июнь ойининг бошларида ўзбеклар ва месхет-турклари ўртасида қонли жанжаллар бўлганидан кейин, уларнинг мутлақо кўпчилиги ташкилий равишда Ўзбекистондан олиб кетилган эди. Тахмин қилиш мумкинки, Донбассдаги месхет-турклари Ўзбекистондан кўчирилганлар бўлса керак.