Ўтган ҳафта Нью-Йорк биржасининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Dow Jones индекси бор-йўғи 50 поғанага ортган бўлса ҳам, унинг абсолют миқдори юқори даражада бўлгани ва ўша юксакликда зиг-загли барқарорлик кўрсатганини, яъни АҚШ иқтисоди кучли ва барқарор эканлигинини ўзида акс эттирганини билдирган эдик. Аммо, жорийдаги ҳафтанинг иш кунларида Dow Jones фақат пастга тушиб борди. Кеча, яъни жума куни тушиш 309 га тенг бўлди. Ҳафталик тушиш эса 583 (!!), яъни 3,27% бўлди. Хуллас, биржа бекилганда Dow Jones 17265 га тенг эди. Бу - йиллик минимумдан ҳам бироз пастдир.
Хўш, АҚШ иқтисодида ҳеч қандай тушиш кўринмас экан, биржани нима жин урди ва Dow Jones нимага бунчалик тушиб кетди?
Биржанинг экспертлари бу аҳволни жаҳон бозорида нефтнинг нархи тушиб кетаётгани билан изоҳламоқдалар. Ваҳолангки, АҚШ нефть сотмайди ҳисоб, аксинча, сотиб олади. Демак, нефть нархининг тушиши АҚШнинг фойдасига эмасми?
"Ҳаракат"нинг фикрича, жаҳон бозорида нефть нархининг тушиши билан Нью-Йорк биржасидаги ўпирилишнинг бевосита бўлмаса ҳам, билвосита алоқаси бўлса керак. Аммо, биржадаги ўпирилишнинг асосий сабаби АҚШда Марказий Банк ролини ўйновчи Федерал Резерв жаҳондаги барқарорсизликни ҳисобга олиб, қарзга берадиган пул учин олинадиган фойданинг фоизини аввалги ваъдаларига қарамасда шу йилнинг охиригача оширмаслигининг эҳтимоллиги ортаётганидан қўрқувдир.
Аввал ҳам айтганимиздек, биржанинг бундай ҳассослиги - объективлик белгисидир, яъни яхши нарса, аммо АҚШдек давлат иқтисодининг аҳволини ўзида акс эттирадиган, ҳатто бу иқтисодга таъсир кўрсатадиган Dow Jones индексининг ўта ҳассослиги, бунчалик шўнғиш ва юқорига сакрашларга мойиллиги, яхши эмасдек кўринади.
Шундай экан, биржанинг ишлаш механизмларида ўзгаришлар қилиб, унинг ҳассослигини камайтириш ҳисобига бўлса ҳам, барқарорлик даражасини орттириш керакмасмикан? Бу савол устида биржа мутахассислари ўйлашлари керак.