10 December 2015
22:18 - Юсуф Жумадан онадан айрилиш кунига бағишлаб ёзилган икки шеър

Марҳумнинг шеъри

Ҳаётимга нуқта - ниҳоя - якун -
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.
Онам ўтгандан сўнг ҳар кун мен учун
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.

Қоп-қора ер макон шўрлик онамга,
Кўмди фалак мени қоп қора ғамга.
Осмон - қоп қоратош гўрим - оламга,
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.

Темурбек ўлган кун ўлган туроним
Ота онам билан суғрулди жоним.
Яшашга қолмади бирор имконим
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.

Дунёдан дунёнинг ўтди уч чини,
Қолгани ёлғондир - икит очуни,
Қуёшдир фалакка тупурган хуним,
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.

Ёвуз бошида тож - тангрининг нури
Сўзим оғир бўлса, бўлмаса сеҳри,
Кечиринг, бу ахир марҳумнинг шеъри
Ўнинчи декабр - онам ўтган кун.

2015 йил 21 ноябр

Дийдорингиз кўзим нури

Соғинч кўзни кўр қилади,
Она, кўзим хиралашди.
Ёп-ёруғ кунларимга
Ялдо тунлар ўралашди.

Жону юрак, бағрда дард -
Чексиз, чексиз оғринишдир.
Бу очуннинг жаҳаннами -
Ўтганларни соғинишдир.

Сизсизлик - манглайим шўри,
Сизсиз қолган кўрни кўринг.
Тушларимга кўпроқ киринг
Дийдорингиз кўзим нури.

2015 йил 4 декабр

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону