Дарҳол айтишни истаймиз, сенсация икки журналистнинг ҳибсга олиниши ёки адвокатнинг ўлдирилиши эмас, Туркияда бу каби воқеалар, минг афсуски, оддий воқеага айланмоқда, сенсация - ҳибсга олиш ва ўлдириш орқасидаги баъзи фактлардир.
Ҳибсга олинганлардан бири Жон Дундор Туркиянинг энг машҳур журналистларидан бўлиб, у ҳозир "Жумҳурият" газетасининг Бош редактори вазифасида ишлайди. Иккинчи журналист Эрдем Гул шу газетанинг Анқара бюроси раҳбари.
Сенсация эса, бу икки журналист Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон номидан шу йил июль ойида Анқара прокуратурасига берилган шахсий айбнома аризаси асосида очилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинганидир. Хўш, Эрдўғон президент эмас, шахс сифатида бу икки журналистдан нима айб топди? Бу саволга жавоб қидирсак, журналистларнинг "айби" орқасидаги воқеа ҳам сенсацион эканлигини кўрамиз.
Воқеа эса шундай. Туркия полициясининг хавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган кучлари Адана вилоятида Сурияга қараб кетаётган катта юк машинасини (турклар ТИР дейишади) тўхтатишади ва юк машинаси Туркия Миллий Истиҳборат Агентлигига (СССРнинг КГБси, АҚШнинг ЦРУсига ўхшаган ташкилот) қарашли эканлиги маълум бўлгач ҳам, уни қўйиб юбормасдан, тинтув ўтказишади. Тинтув кўрсатадики, автомобилда қурол олиб кетилаётган экан. Кейинчалик Туркия расмийлари ҳам бу қурол Сурияда Башар Асад режимига қарши урушаётган туркманларга юборилаётганлигини тан олдилар. Табиий, бу - халқаро нормаларни бузишдир.
Аммо, дейди мухбиримиз, бу куннинг ҳақиқатлари шундан иборатки, бундай махфий ишлар ҳамма давлатлар тарафидан қилинмоқда ва яқин орада қилинаверади. Бугун истасак-истамасак, давлатларнинг ўз манфаатлари бор, бошқа давлатлар билан манфаатлараро қарама-қаршиликлар бор. Бироқ, давлатнинг ўзи қилаётган яширинча операциянинг шу давлатга тегишли кучлар тарафидан фош қилинишини қандай тушуниш керак? Тезда маълум бўладики, ўша ТИРни ушлаганлар давлат ишида ишлайдиган ва шу пайтгача эрдўғончиларнинг ҳамкори бўлиб келган фатхулла-гуленчилар экан. Ва улар бу ишни билиб туриб қилишган.
Бу масалада фатхулла-гуленчиларни оқлаб бўлмайди, қилган ишлари давлатга нисбатан хоинликдир. Кўринишидан, юқорида номи олинган икки журналист ТИР атрофидаги воқеаларни фатхулла-гуленчилар нуқтаи назаридан ёритишган ва шу туфайли ҳибсга олинишди.
Бугун яна бир воқеа юз берди. Туркия курдлари ўзларининг пойтахти деб ҳисоблайдиган Диёрбақир шаҳрида шу вилоят Адвокатлар Ассосиацияси раҳбари Тоҳир Элчи отиб ўлдирилди. У бир неча ой аввал CNN Turk эшиттиришлардан бирида курдларнинг "ПКК ташкилоти террористик эмас" деб айтгандан кейин, ўлдирилиши ҳақида таҳдидлар олган экан. Демак, уни ўзини миллатсевар, ватансевар деб ҳисоблайдиганлар ўлдиришган.
Айнан шу соатларда Туркиянинг Арманистон билан чегарадош Ағри вилолятида Туркия армияси ПККчилар билан шиддатли жанглар олиб бормоқда.
Хуллас, Туркия русларнинг уриб туширилган бомбардимон учоғи масаласида Россия билан совуқ уруш олиб борар экан, юрт ичида ҳам тинчлик йўқ.
Аммо, тан олиш керакки, рус учоғининг уриб туширилиши турклар тарафидан олқишланмоқда, Ражаб Эрдўғон ва уни партиясининг обрўсини оширмоқда. Шундай экан, бу кки журналистнинг ҳибсга олиниши Ғарб таарфидан қораланаётган бўлса ҳам, аслида, Эрдўғоннинг обрўсини оширишга хизмат қилади. Яна ҳам тўғрисини айтсак, бундай пайтда шу пайтгача Эрдўғонга нисабатан ашаддий мухолифатчилик қилаётган турк миллиётчилари юмшашлари лозим. Бу гап фатхулла-гуленчиларга ҳам тегишли.
Расмда - Жон Дундор ва Ражаб Эрдўғон