25 May 2009
02:57 - Мамлакатнинг турли нуқталарида бола меҳнатидан фойдаланиш давом этмоқда ("Эзгулик"нинг навбатдаги хабарлари)
Ўзбекистон инсон ҳуқулари “Эзгулик” жамияти бугун тарқатган икки релизида мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари давом этаётганини таъкидлаган. Жамиятнинг 24-сонли релизида Самарқанд вилоятининг Ургут ҳамда Қашқадарёнинг Нишон, Қарши туманларида болаларнинг баҳорги мавсумий ҳашарларга жалб қилинаётгани тилга олинади. Масалан, деб ёзади “Эзгулик”, Нишон туманидаги Ширинобод фермерлар уюшмаси далаларида қўза қатор ораларини ягана қилаётган 5-синф ўқувчиси Ҳилоланинг айтишича, фермер бир кунлик иш ҳақи учун уларга 3000 сўм (1,7 АҚШ доллари) миқдорида ҳақ тўлайди. Агар далага чиқяпман, зарбдорнинг аъзосиман, деса ўқитувчилар дарс қолдиришига ҳам рухсат беришади. Лекин мазкур ҳашар мактаб маъмурияти ташаббуси билан уюштирилмагани, ўқувчилар мактаб томонидан ҳашарга жалб қилинмаётгани сабабли далаларда болалар сони нисбатан камроқ.

“Эзгулик”нинг 25-сонли релизида шу йилнинг 28-31 май кунлари Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Умид ниҳоллари — 2009” мусабақаларининг ўтиши, унга тайёргарлик жараёнида мактаб ўқувчиларининг тинкасини қуриётгани ҳақида гап боради. “Баҳорнинг жазирама кунларида мактабдаги машғулотларини ташлаб, йўл четидаги ахлатларни тозалаётган, тошларни турли рангларга бўяётган ўқувчилар шу заҳмат камдек спорт байрами куни ҳукумат шаънини улуғловчи шиорларни кўтаришади. Ўзининг бахтиёрликдан сурурга, ғурурга тўлганини таъкидлаб, ўйин кўрсатади” дейилади релизда. Жамият баёноти сўнгида “Умид ниҳоллари — 2009” спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича республика комиссиясини тадбир доирасида болалар меҳнатидан фойдаланиш, ихтиёрий-мажбурий ҳашарда уларни қатнашишга мажбур қилишни тўхтатишга чақиради.

Релизларнинг тўла матни билан жамият веб саҳифасида танишиш мумкин -www.ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону