06 February 2009
04:00 -
22:30 - Санкт-Петербургдаги суд Тошкентдаги 1991 йил воқеасини эслатади
11:00 - Туркияда исломчилар билан дунёвий тузум тарафдорларининг сайловолди политтехнологиялари
10:00 - Обаманинг Афғони
11:00 - Туркияда исломчилар билан дунёвий тузум тарафдорларининг сайловолди политтехнологиялари
10:00 - Обаманинг Афғони
22:30 - Санкт-Петербургдаги суд Тошкентдаги 1991 йил воқеасини эслатади
Москвадаги “Фуқаролар ҳамкорлиги” ташкилотининг “Марказий Осиёдаги сиёсий қочқинларга ёрдам программаси” раҳабари Елена Рябининанинг тарқатган хабарида айтилишича, шу йил 2 февраль куни Санкт-Петебург шаҳрининг Смольний туман суди “Мемориал” жамиятининг юристи Ольга Цейтлина берган аризани қониқтириб, Ўзбекистон тарафининг талаби билан Ўзбекистонга қайтариб юбориш учун ушланган ва вақтинча қамоқхонада сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Ўринбой Эргашевни озод қилиш ҳақида қарор чиқарибди. Адолатнинг ғалабаси сифатида бу қувончли хабардир. Лекин воқеаларнинг давоми ҳам қизиқ.
Эргашевни судга олиб келган милиция конвойи суднинг қарорига қарамасдан, уни яна ушлаб олиб кетмоқчи бўлибди. Кўринишидан, милиционерлар суднинг бундай қарорини кутишмаган ва олдиндан ўз раҳбарлари тарафидан берилган буйруқни бажармоқчи бўлишган.
Адвокат Цейтлина дарҳол бу масала бўйича “Фуқаролар ҳамкорлиги” ташкилотининг раисаси Светлана Ганнушкинани хабардор қилган. Светлана Ганнушкина эса ўз навбатида Россия Федерациясининг Бош прокуратурасига телефон қилган ва айни замонда Россия Федерацияси Омбудсмани Владимир Лукинни бу ишга жалб қилган. Унинг аралашуви натижасида Смольний туман суди эшиги олдида турган милиция конвойи чақириб олинган ва Ўринбой Эргашев озодликка чиққан.
1957 йилда туғилган, асли Наманганлик, Ўринбой Эргашев иш қидириб 2007 йилда Россияга келган. У Абдували Қорининг мухлиси.
Бу воқеа 1991 йил ГКЧП фитнаси кунлари Тошкентда бўлган бошқа бир воқеага ўхшаб кетади. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” журналида эълон қилинган хотираларидан бирида ёзилишича, август фитнаси бошланган куннинг эртаси, яъни 20 августда “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбарлари Ёзувчилар Уюшмасида тўпланиб, кечаёқ лойиҳаси тайёрланиб, “Озодлик”нинг русча янгиликларида эълон ҳам қилиниб бўлган ва фитнани қоралаб, унга бўйсинмасликка чақирувчи баёнотни охирига етказиш, уни тарқатиш масалаларини маслаҳатлашишган. Уюшма биносининг бошқа қаватида “Эрк”чилар ҳам йиғилишганди.
Куннинг ўрталарида эркчлар тўсатдан тарқалиб кетишгани маълум бўлди. Бир неча дақиқа ўтмасдан Ёзувчилар Уюшмасини милиция босди ва бирликчиларни тарқатиб юборди, аммо, уч кишини (Абдураҳим Пўлат, адвокат Миролим Одил ва журналист Анвар Усмон) шаҳар прокуратурасига олиб кетишди. Ярим кечагача давом этган сўроқлардан кейин Анвар Усмонни бошқа бир ерга, Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одилни Куйбишев туман судига олиб келишди.

Ярим кеча бўлишига қарамасдан, уларни кутиб ўтирган судья дарҳол ишга киришди. У адвокат Миролим Одилни яхши танигани учун, бўладиган ишни ҳам дарҳол этиб қўяқолди. Унга буйруқ берилган экан: ортиқча қоғозбозлик қилиб ўтирмасдан, бу икки кишини “ГКЧПга қарши чиқишда” айблаб 30 кунга қамаш.
“Бирлик” фаоллари судьяга вазиятни тушунтириб, бу ГКЧПнинг умри бир ҳафтага бормаслигини, кейин унинг ўзи бутун умрга судьяликдан четлатилиши мумкинлигини айтишгач, у тараддудга тушди, Абдураҳим Пўлат ва Миролим Одилга 500 сўмдан жарима солиб, уларни дарҳол озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Аммо, эшик олдида турган милиция конвойи, юқоридан олинган буйруқ асосида бирликчиларни Тоштурмага олиб бориш ниятида қатъий эди. Шунда туман судьяси кутилмаган мардлик кўрсатди ва милиционерларга дўқ қилиб: “Мен судьяман, мен қарор чиқардим, уни бажармасангиз ўзингизга ёмон бўлади” дегандан кейин, миршаблар чекинишди ва бирликчилар озод бўлишди.
Аммо, эртаси куни уларни қайтадан ушлашмоқчи бўлганда, бу қизиқ саргузашт Абдураҳим Пўлатнинг хотираларида тўла ёзилган, улар милиция қўлидан қочиб кетишга маваффақ бўлишди ва Чимкент орқали Москвага учишди. Улар Москвага келганда, ГКЧП мағлубиятга учраб бўлган эди.
Анвар Усмон эса, бошқа бир туман судида 10 кунга қамалди, ГКЧПнинг битиши ва бу орада Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилишга тайёргарчилик кўраётганига қарамасдан 30 августгача қамоқда ўтирди. "Бирлик"нинг ГКЧПни қораловчи баёноти "Озодлик"нинг русча хабарлари орқали бутун дунёга тарқалди. "Эрк"чилар эса, ГКЧП битгандан кейин, уни қораловчи "даҳшатли" баённома эълон қилдилар.
Петербургдаги рус судьяси 18 йил аввалги ўзбек судьясининг мардлигини бугун қайтаролмагани диққатга сазовор нарса. Бу факт ҳам кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда вазият ўша пайтда анчагина яхши эди. Ҳозирги аҳволга тушишимизнинг асл сабабчиси – вақтида бирлашиб, умумий мақсад йўлида биргаликда иш олиб бормаган, бир қисми Ислом Каримнинг тузоғига тушиб, унинг хизматчисига айланган ва кейин улоқтирилган демократларнинг ўзидир. Бу воқеалардан ҳали ҳам етралича хулосалар чиқарилмаётгани - келажак мағлубиятларига замин тайёрламоқда.
11:00 - Туркияда исломчилар билан дунёвий тузум тарафдорларининг сайловолди политтехнологиялари

Март ойида Туркияда маҳаллий сайловлар бўлади. Бизнинг атамалар билан айтсак, вилоят ва туман кенгашлари ва ҳокимлар қайтадан сайланади. Ҳозир ҳокимиятдаги диний илдизлари чуқур деб ҳисобланадиган Адолат ва Тараққиёт Партияси (раиси – ҳозирги Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон) ва мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш Жумҳурият Халқ Партиси (Отатурк томонидан тузилган бу партиянинг ҳозирги раиси Дениз Байкал) мавжуд шароитда жуда муҳим бўлган бу сайловлар арафасида мисли кўрилмаган политтехнологиялр ишлатмоқдалар.
Масалан, шу пайтгача салкам атеистлар партияси сифатида кўриб келинган Жумҳурият Халқ Партияси ўз раисининг иштирокида партияга ҳижоб кийган аёлларни қабул қилиш тадбирларини ўтказди. Шу кунларда бу партиянинг туман ташкилотлари Қуръон курслари очиш каби кутилмаган кампания олиб бормоқдалар.

Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) ҳам кутилмаган политтехнологиялар ишлатишда асосий рақибидан қолишмаяпти. Туркия матбуотида хабар берилишича, бир қатор вилоят ва туманларда ҳокимликка бу партиянинг номзодини танитиш маросимларида қатнашувчиларга спиртли ичимликлар тарқатилибди. Ваҳоланки, бу партия ҳокимиятга келгандан кейин, айниқса, бу партиянинг вакили президент бўлиб сайлангандан кейин, турли овқатли маросимларда спиртли ичимликлар бериш анъанаси намоийшкорона тўхтатилган эди.
Бу воқеалар Туркияда декмократик жараёнлар борган сари чуқрлашиб бораётгани, қарама-қарши кучлар мувофиқлаштирувчи йўллар излашаётганинг кўрсатгичидир.
Юқоридаги расмда - Дениз Байкал ҳижобли аёллар иштирокида Қуръон курси очмоқда, пастдаги расмда - АТПнинг Датча тумани ҳокими номзодини танитиш маросимида қадаҳ кўтарилмоқда.
10:00 - Обаманинг Афғонистонга қаратилган сиёсати йўлида катта умид ва тўсиқлар Ўзбекистон билан ҳам боғлиқ

Reuters агентлигининг Олма-Отадаги мухбири Олжас Ауэзовнинг номини очиқлашни истамаган дипломатга асосланиб агентлик сайтида тарқатган хабарига кўра, АҚШ ва Ўзбекистон америкаликларга Ўзбекистон орқали Афғонистонга ўтиш йўли очиш тўғрисида шартнома имзолашга яқинлашиб қолганлар. Қирғизистон ўз ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базасини бекитишга тайёрланаётгани, Покистон ҳудудлари эса Ал-Қоида террористлари туфайли хавфли бўлиб бораётгани сабабли АҚШ Афғанистонга бошқа йўллар, хусусан Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали йўллар қидираётгани табиий.
Қозоғистон ҳозирданоқ ўз ҳудудлари орқали ҳарбий бўлмаган АҚШ юкларини ўтказишга тайёр эканлигини билдирган эмиш, дейилади Reuters агентлигиниг хабарида.
Айни замонда, АҚШ омммавий ахборот воситалари бу мамлакатнинг Афғонистондаги қуролли кучлари сонини кескин ошириш режалари орқага сурилаётганини ҳам ёзишга бошладилар. Давлат Котиби Хиллари Клинтон Қирғизистон ўз ҳудудидаги АҚШ базасини бекитиш ниятидан роҳатсиз бўлганини билдирган ва Қирғизистон билан бу масалада мулоқот қилишни давом эттиражагини билдирган.