Бу ҳақда Президент Ислом Карим қишлоқларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини кузатиш мақсадида Фарғона вилоятига қилган сафари чоғида гапирган экан, унинг гаплари телеканаллар орқали тарқатилибди, баъзи қўғирчоқ сайтларда эълон қилинибди.
Маълумки, “Ҳаракат” Агентлиги унинг ишга ярамай қолгани ва Фарғонага худди турист каби бориб келгани ҳақида танқидий лавҳа чоп этган эди. Ҳеч шубҳа йўқки, у шунга жавоб ўлароқ деҳқонлар олдида мана бу сўзларни гапирган экан:
“Биз мустақилликка эришиб энди янги давлат қура бошлаганимизда ичимиздан чиққан баъзи ҳасадгўй кишилар биз бошлаган барча хайрли ишларни қоралашга ўтишди, бизга ёрдам бериш ўрнига бизни танқид қилиб, томошабинлик қилишди. Охири улар ғалабаларимизни кўра олмай Ватанимизни тарк этишди ва чет элдан туриб ҳасадгўйлик қила бошлашди. Улар нимага эришишди? Ҳеч нимага! Ўзлари ватангадо бўлишди холос. Мен сизларга шуни чин дилдан айтаманки, улар энди Ўзбекистонга қайтиб кела олишмайди. Чунки биз мустаҳкам пойдеворга туриб олдик. Буни ўша ҳасадгўй ватангадоларнинг ўзлари ҳам тушуниб етишди. Ва ўзлари ҳам Ўзбекистонга қайтиб кела олмасликларига ишонч ҳосил қилишди”.
Албатта, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Миллатнинг миллат сифатини йўқотишига бошчилик қилаётган, мамлакатни бутунлай ўнглаб бўлмас иқтисодий таназзулга олиб келган Ислом Карим бошқа нима ҳам дерди. Агар мухофифатчлар Ватанга қайтса, албатта унинг асл башараси яна ҳам тезроқ очилади, унинг ёлғонларига индамай бош ирғаётган оломонда саволлар пайдо бўлади, бу саволларга Ислом Каримдан жавоб бўлмагач, оддий инқилоб бошланади, дейди мухбиримиз.
Бунинг олдини олиш учун мухолифатчиларни Ўзбекистонга киритмасликни ўйлаётган Ислом Карим хато қилади. У Николай Чаушеску, Саддам Ҳусейин ва Муаамар Каддафий кабилардек ҳаётини тугатишни истамаса, тезроқ демократик мухолифатга йўл бериши керак. Айнан демократик мухолифат уни халқнинг ибтидоий ғазабидан ва Чаушескунинг ҳолига тушишидан қутқариб қолиши мумкин.
Ҳеч шубҳа йўқки, Ислом Каримнинг “Биз мустақилликка эришиб энди янги давлат қура бошлаганимизда ичимиздан чиққан баъзи ҳасадгўй кишилар биз бошлаган барча хайрли ишларни қоралашга ўтишди, бизга ёрдам бериш ўрнига бизни танқид қилиб, томошабинлик қилишди. Охири улар ғалабаларимизни кўра олмай Ватанимизни тарк этишди ва чет элдан туриб ҳасадгўйлик қила бошлашди.” деган сўзлари Ўзбекистондаги режимнинг фақат ва фақат диктаторлигини ёки унинг қизининг ўғрилигини гапириб, мазохистларча йиғи-сиғи қилиш билан кун ўтказаётган сохта мухолифатчиларга қаратилган эмас. У шу пайтгача бу сохта мухолифатни эслаганмиди?
Унинг нишони – ўз раҳбарлигидаги мавжуд режим мамлакатимиз иқтисодини, демак, давлатимизни ўлдираётгани, иқтисодимизнинг кучи ҳатто Қозоғистондан 8-10 баравар орқада қолиб, ўзбеклар қозоқларнинг мардикорларига айланаётгани, Ўзбекистоннинг Давлат Бюджети чет элда мардикорлик қилиб, оиласини боқиш учун Ўзбекистонга пул юбораётган юртдошларимизнинг кучи билан оёқда турганини аниқ рақамлар билан айнан сўнгги йилларда кўрсатиб берган “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигидир.
Ҳа, Ислом Каримнинг ўша сохта мухолифатчилар каби йиғи-сиғи қилишга ўтгани - аҳволи “вой” эканлигининг яна бир исботидир, холос. У бечора тахти қимирллаб қолганини сезиб, ётиб қолгунча тош отиб қолишга қарор қилибди-да!