23:00 - “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят Хельсинкида
13:30 - HRW Қозоғистондан инсон ҳ - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/> 23:00 - “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят Хельсинкида
13:30 - HRW Қозоғистондан инсон ҳ - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/>

02 December 2008
04:00 -
23:00 - “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят Хельсинкида
13:30 - HRW Қозоғистондан инсон ҳ
23:00 - “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят Хельсинкида

Хабарлардан маълумки, шу йил 4-5 декабрь кунлари Финландиянинг пойтахти Хельсинкида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ташқи ишлар вазирлари савиясидаги йиғилиши бўлади. Бу йиғилиш олдидан ЕХҲтга кирувчи мамлакатлардан келган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаолларининг учрашувлари ҳам режалаштирилган.

ЕХҲТнинг Тошкентдаги офисининг таклифи билан бу учрашувларда қатнашиш учун кеча Хельсинкига “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят келди. У ЕХҲТнинг расмий вакиллари билан учрашувларда Ўзбекистонда демократик жараёнларни олға суриш, инсон ҳуқуқларига оид аҳволни тузатиш ва сиёсий маҳбусларни озодликка чиқариш каби масалаларни ҳал этиш учун нималар қилиниши кераклиги, ЕХҲТ тарафидан Ўзбекистон ҳукумати олдига бу соҳаларда қандай талаблар қўйилиши мукинлиги ҳақида гаплашади.

13:30 - HRW Қозоғистондан инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини бажаришни талаб қилди

Human Rights Watch ташкилотининг кеча, 1 декабрда эълон қилинган Баёноти ЕХҲТ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 4-5 декабрь кунлари Хельсинкида бўладиган йиғилишига қаратилгандир. Маълумки, Қозоғистон 2010 йилда ЕХҲТга расилик қилади.

Баёнотдан айтилишича, HRW Хельсинкида тўпланадиган ташқи ишлар вазирлари учун 55 саҳифалик “Юмшоқ репрессиялар: Қозоғистонда дин, йиғилиш ва фикр билдириш эркинликлари” номли ҳисобот тайёрлаган. Ҳисоботда ҳали Қозоғистон сайловлар ва оммавий ахборот воситалари бўйича ЕХҲТга берган ваъдаларини тўла бажармагани айтилади.

HRW Қозоғистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзгаришлар қилиш бўйича ЕХҲТга берган ваъдаларини тезда бажаришга чақиради. Биринчи навбатда қилиниши керак бўлган вазифалар қуйидагича сираланган:

- Дин эркинлиги ва диний бирлашмалар ҳақидаги қонун халқаро нормаларга мослаштирилсин..

- Бу хусусдаги ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг хулосалари эълон қилинсин.

- Туҳмат учун жиноий жавобгарликка тортишга мараторий эълон қилинсин ва Жиноят Кодексининг бунга тегишли моддалари бекор қилинсин.

- Оммавий тадбирлар ўтказиш ерларини керагидан ортиқча чегаралашга доир қонун нормалари бекор қилинсин.

Бу машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот ЕХҲТга кирувчи мамлакатларни Қозоғистон олдига керакли ислоҳотларни ўтказиш бўйича талаблар қўйишга чақиради.

Бу баёнотдан кўриниб турибдики, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари бўйича аҳвол Ўзбекистонга нисбатан жуда яхши. У ерда сиёсий ҳуқуқларнинг бузилиши ҳоллари расмий ҳужжатларда тилга олишга арзимайдиган даражада оз ёки умуман йўқ.

10:30 - АҚШда рецессия тан олинди, дунё фонд бозорлари яна тушди, Ўзбекистонни ҳам қора кунлар кутади

Бу мамлакатнинг Иқтисодий тадқиқотлар миллий бюроси 2007 йилнинг охиридан бери АҚШ рецессияга кирганини эълон қилди. Ҳукуматнинг ўзи эмас, унга тегишли Бюро томонидан рецессиянинг тан олинишиёқ дунё фонд бозорларини жиддий ўлчовда туширди. Масалан, кеча АҚШнинг асосий молиявий индекслари Dow Jones ва NASDAQ тахминан 9 фоизга тушди. Осиёдаги асосий индекслар ҳам (Токио ва Сингапур биржаларида) 3-4 фоизга тушди. Россияда РТС ва ММВБ индекслари 4 ва 5 фоиз пастга шўнғиди. Америка билан вақт фарқи борлиги туфайли Осиё ва Россия биржаларидаги тушиш унчалик катта бўлмаган бўлса керак. Ҳақиқий аҳволни эртага бўладиган фонд савдолари кўрсатади.

Викпедия энциклопедиясида берилган тарифга кўра, иқтисоддаги, хусусан, макроиқтисоддаги рецессия ишлаб чиқаришнинг пасайишини билдиради. Рецессияда умумий миллий маҳсулотнинг ошиши нолга тенг бўлади (бу - стагнациядир) ёки ярим йил бўйича пасаяди. Рецессия иқтисодий циклнинг фазаларидан бири бўлиб, улкан даражадаги ўсишдан (бум) кейин ва депрессияга ўтишдан олдин бўлади.

Рецессия кўпинча фонд биржаларида индексларнинг тушишига сабаб бўлади. Мамлакатларнинг иқтисоди бир бирига боғлиқ бўлгани учун, бир мамлакатда иқтисоднинг тушиши бошқа мамлакатларда иқтисодни тушишга ва ҳатто дунё фонд бозорларини синишга олиб келиши мумкин. Рецессия вақтида бошқа салбий ҳолатлар ҳам юзага келади, масалан, ишсизлик кўпаяди. Умуман олганда, рецессия ишлаб чиқаришнинг нисбатан юмшоқ, критик бўлмаган даражада тушиши ёки иқтисодий ўсишнинг секинлашишидир.


АҚШ экспертларининг фикрича, 2007 йилда иқтисодий ўсиш бу мамлакатда энг юқори нуқтага чиққан, ундан кейин тушиш бошланган.

Демак, дунёдаги жараёнлар энциклопедияларда ёзилган классик йўналишда кетса ва уни вақтида тўхтатиш имкони бўлмаса, олдинда ҳали депрессия бор. Депрессия фақат АҚШда эмас, ҳамма жойда бўлади. Ўзбекистонда ҳам. Ҳозир Россия ва Қозоғистонда ишлаб оила қозонини қайнатаётган миллионлаб ўзбеклар учун, “Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилотининг етакчиси томонидан таржима қилинган америкалик Э.Хабургнинг шеърида айтилганидек, "Ўн цент бериб тур, азиз биродар", дейишга тайёрланиш замони келмоқда.


Аммо, ҳозир жараёнлар энциклопедия ва ўқув китобларида ёзилгандек кетмаса керак. Яқинда Вашингтонда бўлган G20 cаммити, бундан кейинга режалаштирилаётган саммитилари ва уларда ишлаб чиқилаётган дунё миқёсидаги чора-тадбирлар рецессияни жиловлаб, депрессиянинг олдини олишга қодирлигининг эҳтимоллиги катта. Унутмаслик керакки, иш депрессияга етиб бормаса ҳам, ҳозирги рецессиянинг ўзи ҳамма мамлакатларнинг иқтисодига етарлича салбий таъсир кўрсатади.

Ислом Карим раҳбарлидаги Ўзбекистон ҳукумати эса, бу масалаларда томошабинликдан нарига ўтолмайди. Чунки бозор иқтисодига ўтмаган мамлакатимизда ҳозир бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатиш механизмлари йўқ.

4:00 - Рус демократиясининг асосий кучлариидан бири йўқ бўлди ҳисоб

Россияда демократиянинг оёққа туришида муҳим роль ўйнаган “Ўнг Кучлар Иттифоқи” (СПС) партияси чўнтак партияга айланиб бўлди. Маълумки, бир оз аввал бу партия “Демократик Партия” ва “Фуқаролар Кучи” номли Кремлнинг майда-чуйда чўнтак ташкилотлари билан бирлашиб, “Ўнгнинг Иши” номли янги партия тузишда иштирок этган эди. Бу партиянинг номидаёқ баъзи ўйинлар бор. У русчасига “Правое Дело” деб аталади. Бу ердаги “правое” сўзини “ўнг” маъносида ҳам “ҳақиқат” маъносида ҳам таҳлил қилиш мумкин.

Бу янги партиянинг уни яратишда иштирок этган уч ташкилотнинг собиқ лидерларидан иборат уч раисдоши бор. СПСни тузувчилардан бири Борис Немцов янги партияга кирмаслигини эълон қилган бўлса, бошқа тузувчиси Чубайс эса, унга аъзо бўлди.

«Новости» агантлигининг билдиришича, бугун раисдошлардан бири Борис Титов ҳокимиятдаги “Бирлашган Россия” партияси билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирган ва шундай деган: “Биз келажакда рақибликдан кўра келишув йўлидан боришимиз керак, деб ўйлайман. Биз “Бирлашган Россия”нинг ўнг қаноти билан кўп масалаларда ҳамфикрмиз.”

Бугун “Бирлашган Россия” собиқ КПСС каби партияга айланганини ҳисобга олсак, у билан ҳамкорлик қилиш - унинг қўл остида фаолият олиб бориш маъносига тўғри келади.

Хуллас, Путиннинг режими яна бир сиёсий ташкилотни ўз қўлига олди. Қолганлар бирлашиб, режимга қарши курашиш ҳақида кўп гапирсалар ҳам, ҳали бирон натижа йўқ.

3:00 - АҚШнинг навбатдаги Давлат Котиби Хиллари Клинтон бўлади

Кеча АҚШнинг сайланган-президенти Барак Обама ўзининг бўлғуси ҳукуматида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалалари билан шуғулланадиган вазирларининг номларини эълон қилди.


Давлат Котиби (европача классификация бўйича Ташқи ишлар вазири) лавозими Хиллари Клингтонга бериладиган бўлди. Мудофаа вазирлигида (департаментида) ҳозирги вазир Роберт Гейтс қолади. Яна қуйидаги лавозимларга тайинланадиган одамларнинг исми очиқланди. Бош прокурор – Эрик Холдер, Ички хавфсизлик вазири – Женет Неопалитано (ҳозирча Аризона штатида аёл губернатор), президентнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслахатчиси – Жеймс Жонс (истеъфодаги генерал).

СNN агентлиги бугун Чикагода Барак Обама билан бирга матбуот конференциясида қатнашган Хиллари Клинтоннинг қуйидаги сўзларини ўз хабарида келтиради: “Президент Жон Кеннеди дунёга келаётган хавфлар юз йиллигимизнинг энг буюк саргузаштларидир, деган эди. Мен ҳам Президент Обаманинг командаси билан биргаликда ҳозирги юз йилликнинг энг оғир ва ҳаяжонлантирувчи саргузаштида иштирок этишдан фахрланаман.”

Бу ерда саргузашт деганда, оқибатлари тўла маълум бўлмаган, хавфли ва ҳаёжонли, таваккал қарорлар олинадиган саёҳат назарда тутилмоқда.

Бундай саёҳат Клинтон учун яқиндагина рақиби бўлган Обама билан бирга ишлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳликали бўлиши муқаррар, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Агар Обама ташқи сиёсат билан шуғулланишни бутунлай вице-президент Байден ва Давлат Котиби Клинтонга ташлаб қўйса - бир масала, ўзи асосий роль ўйнашни истаса - бошқа масала. Иккинчи ҳолатда, президентликка номзод бўлиш босқичида шиддатли ўзаро жанг олиб борган Обама ва Клинтон ўртасида таҳликали қарама-қаршилик ўртага чиқиши мумкин. Дунёдаги мавжуд оғир вазиятда уларнинг ўзаро муаммосиз ишлашлари жуда муҳим факторга айланади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону