30 October 2008
04:00 -
22:00 - Ўқувчилар пахтадан қайтишмоқда - ШҲТга аъзо ҳукуматлар раҳбарлари Остонада учрашди 19:30 - Михаил Касьяновнинг партияси Европа тарафидан тан олинди 17:30 - Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, мусул
22:00 - Ўқувчилар пахтадан қайтишмоқда

Бугун пахта теримида иштирок этишган олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ва ўрта мактаб ўқувчилари далалардан қайтишмоқда. Давлатга пахта сотиш режаси уддаланмаган бир пайтда табиатнинг инжиқлиги, яъни қарийб 5 кундан бери ёмғир ёғиши натижасида пахта терими деярли якунланди. Вилоят ва туманлар марказларида қатор тизилган автобуслари кўриш мумкин, улар машаққатли меҳнатдан ҳориган мардикорларни олиб қайтишмоқда.

Гидрометерология маркази маълумотларига кўра, ҳозирги ёмғирли ҳаво яна бир неча кун давом этади. Ҳарорат 10 даражага қадар тушиб кетган, дейди мухбиримиз.

ШҲТга аъзо ҳукуматлар раҳбарлари Остонада учрашди

Бугун Қозоғистоннинг бош шаҳри Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари иштирокидаги мажлис бошланди. Анжуманда тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, минтақавий хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатлар муҳокма нишонига чиқади.

Барча аъзо мамлактларнинг Бош вазирлари йиғилган учрашувга Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов борди. У анжумандан олдин мезбон Бош вазир Карим Масимов билан учрашди ва мамлакатлараро муносабатларга диор масалаларда сўзлашди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги мажлиси 2009 йилда Пекинга чақирилган.

19:30 - Михаил Касьяновнинг партияси Европа тарафидан тан олинди

Россиянинг собиқ Бош вазири, хозир мухолифат лидерларидан бири Михаил Касьянов раислик қилаётган Россия Халқ Демократик Иттифоқи (РХДИ) бугун Европа Либерал Демократлар ва Реформаторлар Партиясига (ЕЛДРП) қабул қилинди. ЕЛДРП моҳиятан партия эмас, либерал демократия ва реформалар ғоясини байроқ қилиб кўтарган европа мамлакатларидаги партияларнинг иттифоқидир. Демак, РХДИ шунда иттифоққа қабул қилинди.

Бу воқеанинг антиқалиги шундан иборатки, РХДИ Россиянинг ўзида партия сифатида тан олинмаган ва рўйхатга олинмаган. Михаил Касьянов ўз партиясини ўтган йили рўйхатда ўтказиб, шу йил 1 мартда бўлган президентлик сайловларида иштирок этиш учун қаттиқ уринди. Аммо, Путиннинг режими бунга йўл бермади.

Шундай экан, бу ташкилотнинг ЕЛДПРга қабул қилиниши Россиянинг ҳозирги ҳукмдорларига қарши қилинган қадам, қолаверса, Путинга шапалоқ эканлигига шубҳа йўқ. Европа ҳамма масалаларда Путиннинг режимига қарши бўлганларни ўз ҳимояси остига олиши Россия-Гуржистон урушидан кейин юқорироқ поғанага чиқмоқда. Унутмаслик керакки, ЕЛДРПга кирувчи кўпгина партиялар ўз мамлакатларида ҳукмрон бўлиб, уларнинг раҳбарлари айни замонда ўз мамлакатларининг бош вазирларидир.

Оммавий ахборот воситалари бугун ЕЛДРПга кирувчи партиялар лидерларининг ланчида (овқатли мажлис) Михаил Каьянов ҳам иштирок этажагини билдирдилар. Демак, Касьянов бугун бир қатор Еврпа мамлакатларининг бош вазирлари билан норасмий учрашиш имконияга эга бўлади. У эртага ЕЛДРПнинг мажлисида Европанинг ташқи сиёсати ва хавфсизлиги масалалари бўйича асосий нотиқ сифатида қатнашади.

17:30 - Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, мусулмонлар эса ҳижоб билан овора. Инқилобий ўзгаришлар замони келмадими?

Кеча Туркия Жумҳуриятнинг 85 йиллиги эди. 85 йил аввал Камол Отатурк Усмонли императорлиги парчалангандан кейин императорлик ёки халифат сифатини йўқотган ўз мамлакатини Туркия Жумҳурияти деб эълон қилган. Бу кун Туркиянинг энг катта байрами сифатида қутланади.

Анъанага кўра, шу куни кечқурун Туркия президентининг қароргоҳи бўлмиш Чанқая саройида байрамни якунловчи катта қабул маросими ўтказиларди. Бу маросим тамомийла европача шаклда ўтарди, эркаклар смокинг кийиишарди, уларнинг аёллари ҳам қабул маросимига таклиф қилинарди. Туркия қонунлари бўйича ҳижобли аёлларнинг расмий жойларга киритилмаслиги бу байрам қабулида ҳеч бир муаммо чиқармасди, чунки, давлат одамларининг турмуш ўртоқлари одатда ҳижобли бўлишмасди.

Сўнги йилларда вазият ўзгарди. Аср бошида Ражаб Тойиб Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) ҳукуматга келгач, давлатнингэнг юқори даражали лавозимларига хотини ҳижобли бўлган одамлар келишди. Мамлакат президенти Сезар 29 октябрь байрамининг қабули маросимига аёли ҳижобли бўлганларни якка ўзини, яъни аёлисиз таклиф қилишга бошлади.

Ўтган йили президентлик лавозимига АТП аъзоси, аёли ҳижобли Абдуллоҳ Гул келгач, байрам куни оқшомда бўладиган қабул маросимини кундуз кунига ўтказди ва унга таклиф қилинганлар турмуш ўртоқларисиз келишга бошладилар. Кичкина айёрлик шундан иборат эдики, авваллари тўй кайфиятида ўтадиган маросим кечқурундан кундуз кунга ўтказилгач, кўпроқ расмий мажлисга ўхшаб кетадиган тадбирга айланиб қолди. Демак, биринчи даражали давлат арбобларининг бу маросимга аёлларисиз келиши диққат тортмаслиги керак эди.

Аммо бу воқеаларга эътибор камаймади. Улар Туркия матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда, бутун жамият бу масала билан қизиқмоқда. Масалан, кечаги байрам маросимда биринчи даражали раҳбарлар (Президент, Бош вазир, парламент раиси, қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи) аёлларисиз келишгани, аёли ҳижобли кичкинароқ даражали амалдорлар ҳам шундай қилишгани, аммо аёли ҳижобсиз бўлганларнинг баъзилари аёллари билан келишгани алоҳида урғуланмоқда.

Вилоят ҳокимлари тарафидан уюштириладиган қабул маросимларида ҳам ҳамманинг диққат марказидаги масала – ҳижобли аёлларнинг бу тадбиларга келиб-келмаслиги. Вилоятларнинг бирида “нохуш” воқеа юз берибди. Маниса вилояти ҳокими уюштирган маросимга маҳаллий ҳукуматнинг АТПли раҳбари ҳижобли аёли билан келган экан, ҳарбийлар намойишкорона тадбирни тарк этишибди.

Бу масалага қизиқиш катталигининг сабаби қуйидагича. Туркиядаги дунёвий давлат тарафдорлари ҳижобга рухсат берилиши давлатнинг исломлашиши йўлидаги биринчи ва ҳал қилувчи қадам бўлишидан қўрқмоқдалар. АТПлилар эса, ҳижобли аёлларнинг ҳамма ерга киритилиши диний дискриминациянинг йўқ қилинишидир, демоқдалар.

Яқинда Вашингтонда иқтисоди энг кучли бўлган 20 мамлакатнинг саммити бўлади. Унда аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган 3 мамлакат қатнашади. Булар – Индонезия, Саудия Арабистони ва Туркия. Саудия Арабистони иқтисоди кучли бўлгани учун эмас, дунёнинг энг кўп нефть чиқарувчи давлати бўлгани учунгина у ерга таклиф қилинганини ҳисобга олсак, ислом дунёсининг иқтисодий энг кучли давлатлари Индонезия ва Туркия эканлигини кўрамиз. Бу икки давлат дунёвий бўлгани учунгина шундай кучга эга эканлиги, ислом фанатикларининг кучи кўп бўлган мамлакатларда иқтисод кучсиз, халқ қашшоқлик даражасида яшаётгани ҳаммага маълум.

Шундай шароитда, Тукиядек мамлакат ҳижоб муаммолари билан шуғулланиб вақт ўтказиши катта хатодир. Университетларга ҳижоб билан кириш масаласи одамларни иккига бўлаётгани, кечаги каби байрам маросимларида ҳижоб муаммога айланиши – охир-оқибат ривожланиб келаётган Туркия иқтисодининг оқсашига сабаб бўлиши мумкин.

Сайтимизда бир турк олимининг “Одамлар ойда юрипти, биз эса ҳижоб билан овормаиз”, деган сўзларини кўп марта қайтардик. Бу сўзларни “Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, биз эса ҳижоб билан оворамиз” шаклида бемалол айтиш мумкин.

Фан ва техниканинг ривожланиши шунга олиб келдики, ер текис эмас, думалоқ бўлгани учун, ҳозир мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги Каъба тарафга қараб номоз ўқиш фарзини принцип ўлароқ бажаролмаслиги маълум бўлди, яқинда одамлар космосни ўзлаштириб олишса, беш маҳал номоз ўқиш фарзи ҳам мантиғини йўқотади.

Мусулмонлар Қурон талабларини ўрта асрларда ҳақиқат деб ҳисобланган, аслида хато бўлган тушунчалари доирасида бажаришни давом этсалар, масалан, бир неча ўн йилдан кейин “Альфа-97” юлдузига қараб йўлга чиққан косманавтлар ичида мусулмон бўлса, унинг қаерга қараб номоз ўқиши (чунки, йўналиш тушунчаси ҳам нисбий экан) ва қайси вақт системасига қараб 5 марта номзоз ўқиши, у аёл бўлса, бошини ўраш-ўрамаслиги каби “муаммоларни” бахс қилиб вақтимизни ўтказаберамиз.

Ҳамма олға кетади, мусулмонлар - орқага. Шундай бўлишини истамасак, Исломда (Қуръонда эмас) инқилобий ўзгаришлар қилиш замони келганини тушунишимиз керак. Қайси тарафга қараб номоз ўқиш, неча марта номоз ўқиш, деган саволлар мантиқсиз бўлиб қолишини, яқинда “девор орқасини” ҳам кўрсатадиган кўзойнаклар чиқса, ҳижобнинг маъноси қолмаслигини тушунишимиз керак. Иймон фақат қалбда бўлиши кераклигини идрок этишимиз керак. Қанча тезроқ идрок этсак, шунча яхши бўлади. Мусулмонлар учун яхши бўлади.

10:30 - Ўзбекистонда минисайловлар арафаси: одатий кампаниябозлик

Шу кунларда вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистонда маҳалла фуқаролар йиғинларига сайловлар ўтказиш бўйича ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 сентябридаги қарорига мувофиқ, маҳалла оқсоқоллари сайловига ҳар йилгидан кўра муҳим тадбир сифатида қаралмоқда. Чунки ҳукумат аллақачон дунёда ўхшаши йўқ бўлган “ўзини-ўзи бошқариш” тизимини яратган, ҳамма нарса маҳаллада ҳал қилинади. Шахс маҳалла кузатувида, тузумга қарши бош кўтарган кимса барча ваколат ва ҳуқуқларга эга оломоннинг ғазабига дучор.

Айнан шу вазият маҳалла оқсоқоллари ўртасида ўзига хос рақобатни вужудга келтирди, дейди мухбиримиз. Шу кейинги ой сўнгида ўтказиладиган маҳалла оқсоқоллари сайловига қўйилаётган номзодлар ҳозирданоқ ҳокимликлар қошидаги махсус идеология мактаблари кўригидан ўтмоқда. Чақимчилик, фитнага мойил шахслар сараланмоқда. Бу талаблар ҳатто ўтган йилларда юзага келган оқсоқол лавозимига пора билан ўтириш иллатини ҳам сиқиб чиқарди.

Марказий Oсиёдa сув масаласи яна ғалва бўладиганга ўхшайди

Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги позицияси”ни ифодаловчи баёнотини тарқатди. Асосан умумий чақириқ ва ноконкрет талаблардан иборат баёнот матнидан кўринишича, асосан кейинги йилларда сув борасида Қирғизистон билан юзага келган зиддият яна кун тартибига чиққан кўринади. Ўтган йиллари ҳам асосан ўзбек матбуотида Қирғиз томонини айбловчи кампаниялар уюштирганди. Бу кампанияда қўшниларнинг Ўзбекистон тарафи энергетик ресурслар борасидаги келишувларга амал қилмагани ҳақидаги иддаолари тилга олинмаган, натижада жамоатчилик наздида қирғизлар табиий ресурсни баҳам кўрмайдиганлар сифатида гавдаланган.

Аммо, дейди мухбиримиз, қўшниларнинг сув можароси аввало ўзаро иттифоқчиликнинг йўқлиги, авторитар раҳбарларнинг амбициялари билан боғлиқ. Юқорида тилга олинган баёнотнинг тарқатилиши тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек матуботининг қирғиз томонига қарши яна бир кампанияни бошланишини кўрсатади.

9:30 - БМТ Кубага қарши АҚШ тарафидан киритилган эмбаргони олиб ташлашни талаб қилди

Кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида 185 мамлакатнинг овози билан Кубуга қарши бундан 50 йилча аввал киритилган эмбаргони олиб ташлашни талаб қилди. З мамлакат, улардан бири АҚшнинг ўзи, қарши овоз берган. БМТ 17 йидан бери АҚШдан эмбаргони олиб ташлашни талаб қилади, аммо АҚШ ўз қарорида қатъий..


Эмбарго Фидель Кастро бошчилигидаги коммунистлар тавлат тўнтариши қилиб Кубада ҳокимиятни қўлга киритганларидан кейин киритилганди. Кубани иқтисодий, савдо ва милиявий соҳаларида изоляция қилиш ниятида киритилган эмбарга туфайли бу мамлакатнинг ривожланиши тўхтаган ҳисоб, аммо коммунистик тузум аввалгисидек кучли.

Шундай экан, эмбаргони олиб ташлаш талабида мантиқ бор. Ўзбек демократлари, хусуан, “Бирлик” Партияси айнан Кубани мисол қилиб Ўзбекистонни дунёдан изоляция қилиш фойдасиз эканлиги, уни дунёга интеграция қилиш демократик жараёнларни тезлаштиришини гапирмоқда. АҚШда бу хусусдаги қарор Барак Обама президент бўлгандек кейин чиқарилса керак.

8:30 - Немис ҳуқуқбонлари Санжар Умаровга шафқат тилашмоқда

Ўзбекистондаги бўлимига Марат Зоҳидов раҳбарлик қиладиган Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримдан “Қуёшли Ўзбекистон” коалицияси Санжар Умаровнинг гуноҳидан ўтишини сўради. Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан сўралган авф тўғрисидаги илтимосномада МўътабарТожибой, Аҳмаджон Одиловларнинг озод қилингани олқишланади.

Ташкилотнинг ижрочи директори Карл Ҳайфен имзоси билан йўлланган хатнинг самараси нечоғли бўлишини олдиндан билиш қийин. Аммо, дунёда ҳеч қандай обрўси бўлмаган бу ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича раҳабари Марат Зоҳидов аввал КГБнинг одами бўлгани, ҳозир эса МХХга ишлаши ҳаммага маълум. Шундай экан, ҳукумат Санжар Умаровни озод қилишга қарор қилгану, бунга асос яратиш учун қўлидаги ташкилот номидан президентга хат уюштирган. Акс ҳолда, Санжар Умаров “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг ЕИ раҳбарларига ёзган хати ва “Эзгулик”нинг баёнотлари натижасида озод қилинган бўлиб қолади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону