01 February 2014
09:45 - Россия иқтисоди ва ўзбек мардикорларини қора кунлар кутмоқда
2008 йилда АҚШдан бошланган жаҳон иқтисодий кризиси аввал молиявий системаси ривожланган давлатларни ургани, аммо бу кризис молиявий системаси ва иқтисоди ривожланмган давлатларга кечроқ етиб келишини, балки, бутун жаҳонда фақатгина “Ҳаракат” Агентлиги гапириб келди. Аммо, бунақа масалаларни тушунмайдиган Россия, Қозиғистон ва Ўзбекистон каби давлатларнинг раҳбарлари шу кунгача усталик билан инқирозни айланиб ўтаётганлари ҳақида аҳмоқона гаплар гапиришарди.

Ҳамма нарса биз айтгандек бўлмоқда. Мана 2013 йилдан бошлаб Россия ва Қозоғистонда кризис очиқча кўринмоқда. Қозоғистонда Ялпи Ички Маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиши ўтган йили 6 фоиз бўлганини кеча Нурсултон Назарбой тан олди. 2014 йилда ўсиш прогнози 4,8 фоиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳар йили ўсиш 8 фоиздан юқори, аммо бизда ЯИМ ҳажми жуда кичкина бўлганлиги учун, бундай ўсиш 1 сўми бор гадойнинг 8 тийин топиб олиб, пули 8 фоизга ошгани билан мақтанишга ўхшаб кетади.

Россия Қозоғистондан ривожланганроқ мамлакат. Айнан шу сабабдан бу ерда кризис Қозоғистондан олддинроқ ва шиддатлироқ бошланди ва 2013 йилда ЯИМ бор-йўғи 1,3% га ошди. 2012 йилда ўсиш 3,4% ва 2011 йилда 4,3% бўлган экан. Бу ҳақда кеча РИА Новости хабар берди.

Хабарда айтилишича, ЯИМ 2014 йилда 2.5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Аммо, мустақил экспертлар ўсиш эмас, рецессия бўлишини, яъни ЯИМ секин бўлса ҳам камайишга ўтишини айтмоқдалар.

Нима бўлганда ҳам, яъни рецессия бўлса ҳам, ўсиш 2,5% бўлса ҳам, иқтисодий аҳвол ёмонлашади, ишсизлик ортади.

Айнан шу сабабдан, Россия чет эллардан келаётган меҳнат муҳожирлари, ўзбекча қилиб айтсак, мардикорлар сонини камайтириш устида ишламоқда. Чет эллик мардикоралр учун рус тилини билиш талаблари қўйилмоқда, улар Россияга 2015 йилдан бошлаб чет эл паспорти, ҳатто фақат виза билангина киритилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Яъни, Россия ҳукумати бу тадбир-чораларни рус миллатчиларининг талаби билан ёки, собиқ Совет жумҳуриятларига босим ўтказиш мақсадида қилаётгани ҳақидаги гаплар асоссиздир. Ҳозир Россия шундай қилишга иқтисоди ёмонлашаётгани ва ишсизлик ортаётгани туфайли мажбурдир.

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми ўзбеклар бўлган сабабли, асосий зарба айнан уларга ва улар орқали Ўзбекистон иқтисодига бўлади. Бўлади эмас, бўлмоқда ҳам.

Шундай экан, Ўзбекистон ҳам яқинда кризисга кириши муқаррар. Бундай башорат қилишга яна бир асос - Президент Ислом Каримнинг 17 январда Вазирлар Маҳкмаси мажлисидаги нутқида ташқи қарзимиз ЯИМнинг 17 фоизига тенг бўлганини гапирганидир. У шу пайтгача ташқи қарзимиз йўқлиги билан мақтаниб келарди. Мана энди бир йилда қарзимиз сал кам 9 млрд доллар бўлибди.

Ҳа, ишлар ёмон, Россия иқтисоди ва ўзбек мардикорларинигина эмас, Ўзбекистонни ҳам қора кунлар кутмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону