Сўнги пайтларда интернет социал тармоқлари ва ўзини мухолиф ҳисоблайдиган сайтлар орасида Ўзбекистонда рангли инқилобни амалга ошириш ҳақида фикр ва мулоҳазалар кўпайиб кетди.
“BreakingViews” агентлиги ҳисоб-китобига қараганда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида содир бўлиб, “Араб баҳори-деб ном олган инқилобларда кўрилган иқтисодий зарар миқдори 225 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Сурияда бошланган буҳрон эса фуқаровий урушга олиб келиб, мамлакат ривожланиши 30 йил орқага ирғитиб юборди.
Инқилоб ҳамма муаммоларга ечим бўла олмайди. Аксинча, муаммо устига муаммо туғдиради. Жамият эволюцион ривожланиш йўналишини танлаши унинг тараққиётга эришиш омилидир. Тарихдан бунга кўп мисоллар келтириб ўтиш мумкин. Сингапур, Жанубий Корея, Тайвань ва Гонг Конглар кабилар бунинг яққол мисолидир.
Келаётган икки йил Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Шу даврда қуйилажак қадамлар юртимизни келажагини белгилаб беришини ҳисобга олсак, эътиборингизни Давлат хавфсизлигимизга таҳдид солаётган тизимли муаммолар қаратмоқчи эдим:
1. Оммавий порахўрлик (коррупция). АҚШнинг “The Daily Beast” нашриёти тузган рўйхатга асосан 2012 йилда Ўзбекистон порахўрлик даражаси бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган, нуфузли халқаро “Transparency International” ташкилоти эса, юртимизни дунёда порахўрлик авж олган беш мамлакат қаторига киритган. Бугунда мамлакатда порахўрлик кириб бормаган ҳеч бир жабҳа қолмади . Порахўрлик ривожланишга тўсқинлик қилади, демократияни заифлаштиради ва уюшган жиноятчиликка замин яратади. Унга қарши қатъий чоралар кўрилмас экан миллий хавфсизлигимиз катта таҳдид остида қолади.
2. Одамларнинг Давлат Институтларига бўлган ишончи йўқ. Идеал мамлакат моделида Давлат бу унинг фуқаролари учун хизматлар мажмуасидир. Фуқаро меҳнати самараси ила солиқ тўлайди, давлат эса уни хавфсизлигини таъминлайди, йўллар қуради инфротузилмалар яради, яшаш учун қулайликлар барпо этади. Бугунги Ўзбекистон реалликларидан келиб чиқадиган бўлсак, аксар холаларда, фуқаро давлат институтларидан (милиция, прокуратура, суд ва ҳокимият вакиллари) ҳимояланишга мажбур бўлиб қолмоқда. Тадбиркорлар фаолияти кафиллиги улар учун мажбурий этилган ўлпонлар миқдорига боғланган.
3. Мамлакатда интеграцион жараёнларнинг сунъий бўғилмоқда. Хар бир мамлакат ўзининг вилоят, шаҳар ва қишлоқлари ўртасидаги муносабатларини мустаҳкамлашга уринади. Бугунги жадал ривожланиш даврида ҳатто мамлакатлар бир бирлари билан интеграцион муносабатларга интилишмоқда. Европа Иттифоқи ва Шимолий Америка Савдо Иттифоқи (NAFTA) бунга яққол мисол бўла олади. Ўзбекистон эса “Бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил!” ақидасига мувофиқ, бир вилоятидан иккинчи бир вилоятига ўтиш учун паспорт текширув тизимини жорий қилган. Капитал ва инсоний ресурсларнинг эркин ҳаракати бир мамлакат ичида таъминланмай қолаяпти.
4. Эркинлик чегараланган. Хар бир юртда фуқаронинг шахс сифатида ривожланиши учун Эркинлик энг катта омил бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда сўз, эътиқод, ғоя, капитал ва ҳаракатланиш эркинликлари йиллардан бери чегараланиб келмоқда. Оммавий ахборот воситалари тўлиқлигича давлат назоратида қолмоқда. Бошқа давлатларга чиқиш ва кириш жараёни ўта қийинлаштирилган. Советлардан қолган ОВИР тизими сақланиб қолдирилган. Натижада, зиёлилар сони мамлакатда кескин пасайиб кетишига олиб келди.
5. Тизимли мухолифатга йўл йўқ. Гарчи Ўзбекистонда икки палаталик парламент тизими жорий қилинган бўлиб, тўртта мустақил партиялар мавжуд бўлсада, амалда уларни ҳеч бирини мухолиф деб бўлмайди. Уларнинг ҳеч бири мамлакат ижтимоий сиёсий вазиятига сезиларли таъсир ўтказа олмайди. Президент, Ҳукумат ёки маҳаллий ҳокимият вакиллари партиялар томонидан танқид қилинмайди. Янги партия, Нодавлат Нотижорат Ташкилотларини мустақил равишда рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўққа чиққан. Аҳолининг норози қисми тизимли мухолифатда акс этмаганлиги, унинг радикаллашишига олиб келяпти.
6. Иқтисодий мустақиллик эришилмаганлик. Ўзбекистон иқтисодиётига доир маълумотларини очиқламайдиган мамлакатлар қаторига киради. Амалдорлар нутқи, газета ва телевидениеда эришилаётган иқтисодий ютуқлар бот-бот тилга олинсада, бу маълумотларда ҳеч бир конкретика эшита олмайсиз. Уларга асосан бир хулоса ва тўхтамга келиб бўлмайди. Бутун Жаҳон Банкининг маълумотига қараганда, 2012 йилда Ўзбекистон Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) 51,11 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 1 700 АҚШ долларидан тўғри келган. “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги маълумотига мувофиқ Ялпи Ички Маҳсулотнинг 30% хом-ашё ресурслари экспортига, 12% улуши эса Россия Федерациясидан юборилган халқаро пул жўнатмаларидан ташкил топган. Тахминларга мувофиқ 3 миллиондан 7 миллионгача бўлган Ўзбекистонликлар вақтинча ёки доимий равишда чет мамлакатларида ишлайди.
7. Сайлов институти деярли йўққа чиққан. Гарчи Президент, Олий Мажлис ва Маҳалла Оқсоқоллари фуқаролар томонидан сайланиши кўзда тутилган бўлсада, амалда шундай бўлаяпти деб айта олмаймиз. Ўзбекистонда ўтган сайлов компаниялари ҳеч қачон халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилмаган ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳалолик баҳоси берилмаган. Республика Президенти катта ваколатлар берилган бўлиб, Вилоят ва Шаҳар ҳокимларини ўз ихтиёрига кўра тайинлайди. Мамлакат, Вилоят ва Шаҳар олдида турган долзарб масалалар аҳоли муҳокамаси яъни референдумга олиб чиқилмайди. Бу эса ўз навбатида юртда фуқаролик жамияти шаклланишига тўсқинлик қилади.
8. Ҳокимият органларининг бир биридан мустақил эмас. Ўзбекистон Давлат Ҳокимият органлари: Президент, Олий Мажлис, Ҳукумат, Суд Ҳокимияти, Прокуратура ва Маҳаллий Ҳокимиятларга бўлинсада, амалда Ҳокимият вертикал тизими жорий қилинган. Ушбу вертикал тизимини сақлаб туриш ва мустаҳкамлашга улкан ресурслар жалб этилади. Уни мадҳ қилиш учун оммавий пропаганда машинаси тиним билмай ишлайди. Бу тузум хавфсизлиги катта эътибор қаратилади. Хавфсизлик учун масъул куч ишлатар тузилмаларининг сони ва уларга сарфланаётган харажатлар миқдори очиқланмайди.
9. Элиталар ўзлари ва фарзандларини келажагини Ўзбекистон билан боғламаслиги. Биринчи рақамли раҳбардан тортиб ўрта-поғонали амалдорлари оила аъзоларини турли мамлакатларда бамайли хотиржам жойлашиб олишган.Масалан Каримовлар- Швециария, Мирзиёевлар Исроил, Қодировлар Литва, Азимовлар Филлепин, Матлюбов ва Муллажновлар Англия каби давлатларда кўчмас мулк ва катта миқдордаги маблағли банк ҳисоб рақамларига эгадирлар. “World Ultra Wealth Report”нинг ҳисоботига кўра Ўзбекистоннинг 80 та фуқаросининг йиллик даромадли 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу давлат бюджетини тахминан чораги демакдир. Аксар Ўзбекистоннинг юқори даромад келтирувчи ширкатлар бинифециарлари офшор зоналарида рўйхатдан ўтган. Шулар жумласига: “UZPAYNET”(Пайнет тўлов тизими), “BENIF LTD” (Пластик карталар чиқарувчи монополист корхона), “ASIA ALLIANCE BANK” (ЎЗбекистонда энг жадал ривожланаётган хусусий банк), “GRAND TRADE GROUP” (Mega Planet гипермаркети) кабиларни келтириш мумкин.
10. Алмашмай келаётган Ҳокимият. Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтдан то бугунги кунга қадар унига фақат бир инсон Президент бўлиб келмоқда. Собиқ Коммунистик номенклатурасидан барпо бўлган янги элита шаклланди. Улар нафақат ўз ўринларини сақлаб қолишди, балким вақт ўтган сайин поцизияларини мустаҳкамлашга эриша олдилар. Ўзбекистон янги тарихида ҳукумат истеъфоси ҳеч қачон кузатилмаган. Ҳокимиятни тинч йўл билан алмашиш механизми ишга туширилмагани Давлат хавфсизлигига жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда.
Аҳмад Тошкандий
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Дадажонов Исмоил
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Исмоил Дадажонов 2003 йили "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Бирл...
Добавить сведения