Мамлакатимиз келажагини аллақачон барбод қилган Президент Ислом Каримов истиқлол тантаналари баҳонасида ўтказилажак тадбирларда рақсга тушишни машқ қилмоқда. Сиёсий доираларда масхарабозларча муқом қилувчи бу шахснинг ўз шотирлари, малайлари пинжида рақс ўрганаётгани ҳақидаги хабарлар шимолий қутбдаги мамлакатларгача етиб келди. Аллақачон истиқлол тадбирларига тайёрлана бошлаган санъаткорлар, маддоҳ шоиру ёзувчиларнинг йўриғи бўлак, аммо истиқлол тадбирларининг кульминацион нуқтаси, шубҳасиз, 31 август оқшомидаги марказлаштирилган саҳна кўринишидир.
Албатта, мустақиллик байраминининг машқлари май ойидан бошлангани маълум. Бу байрам тадбирининг ёзилган сценарийси бўйича иштирокчиларнинг чиқшлари олдиндан белгиланган ва кимнинг нима қилиши, қандай қўшиқ айтиши, хавфсизлик нуқтаи назаридан фонограммада ёзиб ҳам олинган. Бошидан охиригача сценарийлаштирилган тадбирнинг ягона эркин жиҳати — Президент Ислом Каримовнинг муқомидир!
Айни дамларда маҳаллий ва хорижлик шифокорлар жалб этилиб, Ислом Каримовнинг сиёсий аҳамият касб этувчи рақслари, бу борадаги унинг жисмоний имкониятлари кўриб чиқилаётган бўлса ажабмас. Бинобарин, шу йил баҳор ойларида унинг соғлиғи борасида интернет саҳифаларида миш-мишлар тарқалди. Мардикорбоши тушажак рақслари орқали ўзининг яна минг йил яшаши, мамлакатни бошқаришга қодирлигини кўрсатиб кўрсатиб қўйишни режалаштирган.
Бироқ биз, Ўзбекистон демократик мухолифатни аъзолари учун Ислом Каримов рақсларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. У ўзбек миллати, Ўзбекистон халқи ва ҳамюртларимизнинг келажагини аллақачон барбод қилиб бўлди. Бу аксиомага бугунги кунда ишонмайдиган кишининг деярли ўзи йўқ. Шу боисдан ҳам, аввало, Ислом Каримов рақсга тушадими, йўқми барибир унинг вақти тугади.
Иккинчидан, рақсни қанчалик зўр ижро этмасин, хамма учун у, Ўзбекистондек Марказий Осиёда энг кучли давлатни сиёсий ва иқтисодий вайронага айлантириб , ватанимизни келажагини йўқ қилган одам. Ва биз уни рақсини томоша қилганда «яланғоч қирол»ни, тўғрироғи, яланғоч мардикорбошини кўрамиз.
Мустақиллик тантаналарида муқом қилаётган Ислом Каримовга суқланиб, унинг давлат идорасига зимдан ҳавас қилиб қараётган Гулнора Каримова, Шавкат Мирзиёев, Рустам Азимов ва яна қанча сенатор-у депутатлар режимбошининг жиноий шериклари, унинг издошларидир. Уларнинг мақсади келажаги йўқ қилинган мамлакатимизга эгалик қилиш. Уларнинг ҳам мақсади Ўзбекистонни давлат сифатида йўқ қилишни давом эттириш ва ватанимизни молиявий, иқтисодий чўктириш, ўзаро хомталаш қилиш, бўлиб олишдан иборат.
Бу йўл билан, ватанимиз Африка мамлакатларидек бир ўта ибтидодий ва қолоқ корхона-давлатга айлантирилади, ватанимиз аҳолиси эса бу молиявий-иқтисодий гуруҳлар хизматини қилади, норозилар эса йўқ қилинади. Бу одамлардан биронтаси хам, Ўзбекистонни тиклаш ниятлари йўқ, уларни мақсади Ўзбекистонни бойлигларини назорат қилиш.
Ислом Каримововдан кейин президентлик мансабини олган ўйинчи ҳам шу гуруҳлар орасидан чиқса керак. Бу коррупция ботқоғига ботган системадан тоза ва миллатпарвар инсон чиқишини тасавур қилиш жуда қийин, демак Ислом Каримовов сиёсати янгича шаклда давом этаверади ва келажаксиз қолган Ўзбекистон охир-оқибат ижтимоий-сиёсий инқироз қаърига қулайди, сиёсий тилда ўзига хос хаос юзага келади.
Бу раққослар ватанимизда фуқаровий жамиятни йўқ қилди ва ўзбек халқини қўлидан ҳокимиятни сайлов йўли билан алмаштириш имкониятини олиб қўйишди, яъни конституцион йўл билан ҳокимиятни ўзгартириш имконияти йўқ қилди.
Биз Ўзбекистон демократларини безовта қилган энг асосий нарса шу, чунки ватанимизда ўзгаришлар ва ислохотлар қилиш учун ҳокимият алмашиши керак, бизнинг принципиал позициямиз — бу ўзгаришлар тинч йўл билан бўлиши шарт. Лекин ҳозирги давлатимизни бошқараётган манфаатдор гуруҳлар, масхарабоз сиёсий элита ва коррупционер корчалонлар конституцион йўл билан ўзгаришлар қилиш имкониятини йўқ қилишмоқда. Бу эса бизни, ватанимизни яқин келажакда жуда ёмон кунлар кутаётганини билдиради.
Биз демократлар бир нарсага аниқ ишонамиз ва вақт буни кўрсатди, демократик мухолифатсиз Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгаришлар қилиб бўлмади. Ўзбекистонни келажагини Ислом Каримовов ва уни атрофидагилар йўқ қилди, лекин фақат демократик мухолифат вазиятни тўғрилаши мумкин ва Ўзбекистонни тикланиш, ривожланиш йўлига қайтариш мумкин. Бунинг сабаби оддий демократик мухолифат коррупция тизимидан чиқмаган ва улар миллати, Ватани учун жон куйдирадиган тоза ва ҳалол одамлардир.