09 August 2008
03:00 -
23:30 - “Бирлик” раҳбари Юсуф Жуманинг ўғлига жавоб хати ёзди 18:30 - Гуржистонда тўкилаётган қон устида сиёсат қилиш хато, аммо зарурият 17:30 - Ўзбекистон бу йил ростдан ҳам 6 миллион тонно ғалла етиштирдими? 1
23:30 - “Бирлик” раҳбари Юсуф Жуманинг ўғлига жавоб хати ёзди

Кечаги хабарларимизда ҳозир қамоқда ётган оташин шоир, демократ, Ўзбекистондаги режим билан омонсиз курашаётган Юсуф Жуманинг ўғли Бобирнинг “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатга йўллаган электорон хатининг матнини эълон қилгандик. Бугун “Бирлик” раҳбари Бобурга жавоб мактуби жўнатди. Қуйида у билан танишишишингиз мумкин.

Салом Бобур,

Отангиз Юсуф Жуманинг аҳволи, унинг Ўзбекистон зиндонларида қийноққа солиниши, укангиз Машрабнинг қамоқхонадан ғойиб бўлиши ҳаммани, биз бирликчиларни, жумладан, мени қаттиқ ташвишга туширган. Отангиз тузилган кунларидан бери “Бирлик”нинг фаоли бўлган, сўнги йилларнинг тушунмовчиликларига қарамасдан, биз у кишини сафдошимиз деб ҳисоблашни давом эттирмоқдамиз.

Биз ҳеч кимни, бунинг устига ўз сафдошимизни, ҳар қандай шароитда ёлғиз қолдирмаганмиз ва қолдирмаймиз. Юсуф Жумани ҳам. Шу кунларда унинг тақдири кун тартибимизнинг энг юқорисида турибди. Биз Ғарб мамлакатларига қилган мурожаатларимизда, шахсий учрашувларимизда Ўзбекистонда биринчи қилиниши керак бўлган қадам сифатида сиёсий маҳбусларнинг, хусусан Юсуф Жуманинг озод қилиниши кераклигини айтмоқдамиз ва айтишни давом этирамиз.

Айни замонда, шуни ҳам тушунамизки, сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ҳам сиёсий иш, бу ишни сиёсий усуллар билан қилиш керак. Ва бу ишни сиёсий мухолифат қилади. Шу мутлақо тўғри фикримиздан келиб чиқиб, Ғарб давлатлари, хусусан Европа Иттифоқинининг Ўзбекистон ҳукуматига таъсирини оширишнинг йўли – унга қарши санкциялар киритиш, уни дунёдан изоляция қилиш эмас, аксинча, у билан алоқаларни йўлга қўйиш эканлигини гапирдик. Европа Иттифоқи биз таклиф қилган йўлдан кетди, натижада аввал Саиджаҳон Зайнобиддинов, кейин Мўътабар Тожибоева ва бошқа бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари озод қилинди. Буни биз “Бирлик”нинг ғалабаси деб биламиз.

Мўътабар Тожибоева билан телефонда гаплашганимизда у менга шундай деди: “Сизнинг позициянгиз мен ўйлагандек эканлигини билганимдан кейин, худди елкамдан тоғ тушгандек бўлди. Мен қамоқда экан, Ўзбекистонга қарши санкциялар талаб қилувчиларнинг овози ортиб, номигина бўлса ҳам санкциялар киритилиши сари аҳволимиз ёмонлашаверди, Ғарб Ўзбекистон билан алоқларини тиклашга бошлаши билан одамларни қамоқдан чиқариш бошланди, мана мен ҳам озод бўлдим. Шу кунларда Ғарб дипломатлари билан учрашганимда, айнан шуларни гапирмоқдаман”.

Аммо, Ўзбекистондаги бир қатор мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, уларнинг турли баҳоналар билан Европа келиб олганлари, аҳволни тузатишни ўйлашаётгани йўқ, уларнинг мақсади – узоқдан туриб дод-вой солиш, кимларнидир сўқиш ва ҳақорат қилиб олишдан бошқа нарса эмас. Уларнинг баҳри шундангина очилса керак. Бунинг устига Васила Иноятнинг улар тўғрисида “қорни тўймаслар” дейишида ҳам жон бор.

Ҳозир ўша “қорни тўймаслар” асосан “Бирлик”нинг оёғига болта уриш нияти билан яшаётганлари ҳам диққатга сазовор. Ваҳоланки, “Бирлик” мавжуд режим билан курашаётган ягона ташкилот бўлиб қолган. Номоз ўқиш олдидан сафлар тузатилгани каби, ҳозир биз ҳам сафларимизни текислашимиз, ўша қорни тўймаслардан мухолифатни тозалашимиз керак. Номоздан фарқли ўлароқ, биз саф тозалашни кураш давом этаётганда, уни тўхтатмасдан бажаришга мажбурмиз.

Хатимниг охирида шуни айтмоқчиман. Ўзбекистонда демократия учун курашни янада самаралироқ қилиш, отангизни бир дақиқа бўлса ҳам олдинроқ озод қилиш учун бир дақиқа олдинроқ бўлса ҳам ўша қорни тўймасларни овозини ўчиришимиз ёки ўзгартиришимиз керак. Буни ҳам қиламиз. Ҳа, биз бу ишларни бажарамиз, отангизни озод бўлишига ҳам эришамиз.

Онангизга менинг саломларини айтинг, уни асранг. Ҳали яхши кунларда кўришамиз.

Абдураҳим Пўлат
9 август 2008 йил

18:30 - Гуржистонда тўкилаётган қон устида сиёсат қилиш хато, аммо зарурият

Дунёнинг биронта мамлакати Гуржистондан ажралиб чиққанини эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олмаган, ҳамма Гуржистоннинг бутинлигини тан олишини гапирмоқда. Шундай экан, Гуржистон қўшинларининг кеча эрта саҳарларда Шимолий Осетияга кириб, унинг пойтахти Цхинвалини назорат остига олиши ҳеч бир халқаро ҳуқуқий нормага зид эмас.

Аммо, бу воқеа эски Совет давлатлари ҳудудида ўз таъсирини сақлаб қолиш ниятини очиқча кўрсатаётган Россиянинг Путин бошчилигидаги ҳукуматига ёқмади. 8 август эрталаб Рjссия қўшинлари тўғридан тўғри Гуржистонга агрессия қилдилар. Русларнинг 58- армияси танклар ва ҳарбий учоқлар билан Жанубий Осетига бостириб кирди. Руслар ва гуржилар ўртасида қонли уруш бошланди ва у ҳозир ҳам давом этмоқда. Икки тарафнинг талофатлари кўпаймоқда, икки тараф ҳаи ўнлаб ўлган аскарлари борлигини айтмоқда. Цхинвалининг ўзида юзлаб тинч аҳоли нобуд бўлгани хабарлар ичида.

Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ Россиядан ўз қўшинларини Жанбуйи Осетидан олиб чиқишни, муаммоларни музокаралар йўли билан ечишга ўтишни талаб қилмоқдалар. Россия эса сурбетларча тинчлик ўрнатиш миссиясини бажараётганини айтмоқда. Айни замонда, унинг ҳарбий учоқлари Гуржистонни Жанубий Осетидан ташқарида ҳам бомбардимон қилмоқдалар. Гуржилар русларнинг 10 ҳарбий учоғини уриб туширишганини айтишмоқда, руслар бунинг иккитасини тан олишди.

Табиий, бутун армияси 35 минг аскардан иборат бўлган Гуржистон фақатгина Шимолий Кавказ ҳарбий округида 100 минга аскарга эга бўлган, яхши қуролланган рус аримияси билан тенглашолмайди ва Жанубий Осетияни русларга топширишга мажбур бўлади.

Аммо, бўлаётган воқеалар бўйича баъзи хулосалар чиқариш мумкин.

Биринчи хулоса, Михаил Саакашвили президент бўлгандан бери Ғарбнинг, хусусан АҚШ ва Украинанинг ёрдамида Гуржистон армияси аввалги ночор ҳолидан чиққан, у жиддий уруш олиб бориш қобилиятига эга.

Иккинчи хулоса. Россия ўзининг агрессив ниятларини доим кўрсатиб келаётган бўлса ҳам, оғизда ўзини тарафсиз, ҳамма муаммоларни музокара йўли билан ечиш тарафдори бўлган, халқаро нормаларни ҳурмат қиладиган мамлакат сифатида кўрсатиб келарди. Ҳозир Гуржистон Россияни юзидаги ниқобни олиб ташлашга мажбур қилди. Россия агрессор давлатга айланди.

Агрессорнинг қурбони сифатда Гуржистоннинг халқаро саҳнадаги роли кескин ошади. Энди Ғарб очиқчасига агрессорни қоралаш ва унинг қурбонини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай қадам қилиш ҳаққига эга. Ҳам маънавий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан.

Бир оғиз сўз билан айтсак, кечаги бир кунлик қонли урушни Гуржистон ютди, Россия ютқазди.

17:30 - Ўзбекистон бу йил ростдан ҳам 6 миллион тонно ғалла етиштирдими?

Ўзбек журналисти Алишер Сорбоннинг Қирғизистондаги русча сайтлардан бирида эълон қилинган мақоласи шу саволга жавоб қидиради. Мақола муаллифининг аниқ факт ва рақамларга асосланиб чиқарган хулосаси шундай: Йўқ, Ўзбекистон бу йил бор йўғи 4 миллион тонна атрофида ғалла етиштирган, расмий эълон қилинган рақамлар эса, Совет замонидан қолган “қўшиб ёзиш” амалиётининг натижасидир.

Мақоланинг тўла матни билан сайтимизнинг “Актуал мавзу” бўлимида танишиш мумкин.

16:30 - Олий ўқув юртларига ректорлар тайинланди

Ўзбекистон Жаҳон Тиллари Универститети ректори Ғайрат Шоумаров Халқ таълими вазири этиб тайинлангач, унинг ўрни бир муддатдан бери бўш турганди. Ана шу лавозимни бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида кафедра мудири бўлиб ишлаб келаётган Абдуллажон Исмоилов эгаллади.

Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика универститетида Муҳаммаджон Қуронов янги ректор сифатида иш бошлади. Бу одам Республика Маънавият Маркази директори лавозимида фаолият юритиб келган.

Болгария президенти Ўзбекистонга келади

Яқин орада Болгария Президенти Георгий Пирванов Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда хабар қилаётган ахборот ширкатлари Андижон қатли омидан сўнг Европа мамлакатлари раҳбарларининг илк марта давлат ташрифини амалга ошираётганига урғу беришмоқда. Ана шу ташрифдан олдин, яъни сентябрь ойида томонлараро дипломатик музокаралар бошланади, турли соҳалардага келишувлар бўйича ишчи йиғинлар ўтади, дейди мухбиримиз.

8:30 - Хоразмлик буюк олим Ал-Беруний авлодларидан бири Канадага дафн қилинди

Канадада яшаётган бир гуруҳ Ўзбек Муҳожири 8 август куни тарқатган таъзия хабарида шундай дейилади:

Кеча Канаданинг Гуелф шаҳрида вафот этган Афғонистонлик математик олим, Ўзбек миллатига мансуб, миллатпарвар, маърифатпарвар инсон, Ал Беруний авлодлари шажарасига мансуб Хабибулло Дойининг жанозаси Европадан ташриф буюрган нуфузли инсонлар ва Канаданинг турли жойларидан келган Ўзбек муҳожирлари иштирокида шахардаги йирик масжидларнинг бирида ўқилди ва марҳум миллатдошимиз Гуелф шаҳридаги Ўзбеклар қабристонига дафн қилинди. Марҳумнинг жойи жаннатдан бўлсин. У кишининг фарзандларига ва яқинларига Оллохдан сабр тоқат тилаймиз.

Айрилдимиз
(Хабибулло Дойининг порлоқ хотирасига бағишлайман)

Йиғла, кўнглим, ушбу кун бир Дойидин айрилдимиз.
Айлаган зулматни рахшон ойидин айрилдимиз.
Беватан, сахрои ғурбат, чўл аро маъюс, ғариб,
Ташнаком, сардоба, дарё, сойидин айрилдимиз.
Кетди ул зот бирла журъат, ҳам жасорат, ижтиход,
Биз нишонсиз найза янглиғ ёйидин айрилдимиз.
Бор экан манглайда ғурбат - суннати Пайғамбарон,
Вахки киндик қони томган жойидин айрилдимиз.
Қабрингизга бир сиқим юрт гардини ташлолмадик,
Ашки хун олуда тупроқ, лойидин айрилдимиз.
Инна Лиллахил Аъзим, Инна Илайхиррожиун,
Деб фано, ўткинчи дунё ройидин айрилдимиз.

Холдор Вулқон
8 август, 2008 йил
Торонто шаҳри, Канада

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону