27 June 2008
03:00 -
23:00 - Абдураҳим Пўлат: Сиёсий ўзгаришлар демократик мухолифатни тан олишдан бошланади, умумий мақсадга бирлашибгина етишоламиз
23:00 - Абдураҳим Пўлат: Сиёсий ўзгаришлар демократик мухолифатни тан олишдан бошланади, умумий мақсадга бирлашибгина етишоламиз

Бу тезисни “Бирлик” Партияси бир неча йидан бери қайтариб келмоқда. Фақат қайтариш билан чекланмасдан, уни амалга ошириш учун мумкин бўлган ҳамма қадамларни қилмоқда.

Асосий ишни ўзимиз қилишимиз керак. Авваламбор, тан олинадиган мухолифат ташкилотининг, яъни сиёсий партиянинг ўзи бўлиши керак. Мен “сиёсий мухолифат партия шаклида бўлиши керак”, деган аксиомани ўз сафдошларимга уқтириш учун оз эмас, кўп эмас 13 йил сарф қилибман. “Бирлик” халқ ҳаракатини шу номдаги партияга айлантириш фикрини СССР Конституциясидан компартиянинг яккаҳокимлигини қонунлаштирувчи 6-чи модда олиб ташланган кунларданоқ гапира бошладим.

Эслатиб ўтиш керак, бу модда конституциядан 1990 йил 26 март куни олиб ташланган. 19 апель куни “Бирлик” халқ ҳаракати Ҳайъати мажлисида бу масала менинг ташаббусим билан кун тартибига қўйилди, аммо, минг афсуски, мутлақо кўпчилик ўта ибтидоий шаклдаги “ҳаракат бўлиб туғилдик, ҳаракат бўлиб қоламиз” шиорини ҳимоя қилди. Бошқа совет жумҳуриятларидаги халқ фронтлари ва халқ ҳаракатлари қисқа вақт ичида ўзларини партия деб эълон қилганлари ҳам ўзбек демократларини кўзини очмади.

2003 йил 7 майда ўтказилган “Бирлик” халқ ҳаракатининг қурултойида ташкилотни партияга айлантириш қарорини чиқариш учун қилган уринишларимни ҳали кўпчилик билмайди. Сафдошларимизнинг сиёсий етуксизлигидан аччиқланиб, сиёсатни ташлаб кетиш остонасига ҳам келгандим. Аммо, кейин ўзимни қўлимга олиб, бир-икки чиройли политтехгнологиялар ишлатиб, шароитни тузатиб олишига эришдим.

У политехнологиялардан бири Исмоил Дадажонни кўзга кўринган ҳамма Қўқонлик фаолларимизнинг қаршилигига қарамасдан партия раисининг ўринбосарлигига олиб келишим бўлган. Ва тўғри бўлган. Ўйлайманки, ўша кунларнинг воқеалари хусусида роман эмас, романлар ёзса бўлади. Вақти келиб ёзилса ҳам керак. Чунки, бу воқеалар ўзбек демократиясининг аҳволини кўрсатувчи ёрқин мисол сифатида миллатимизнинг тарихида қолиши муқаррар.

“Бирлик” ҳаракатини партияга айлантириб жудда катта ишлар қилдик. Шундан кейин бошқа мухолиф гуруҳлар жонлана бошладилар. Агар Андижон воқеалари бўлмаса эди, “Эзгулик” каби “Бирлик” Партиясини ҳам рўйхатдан ўтказишимиз аниқ эди.

Ўзбеклар, тўғрироғи ўзбек жамияти демократия учун курашга тайёр эмас, деган тезисни мен ўтган асрнинг 70-80-чи йилларида тушунишга бошлаганман. Уни 15 йил аввал АҚШдаги бир конференция учун тайёрлаган мақоламда қаламга туширганим тасодиф холос.

Бундай тезис учун асосий аргумент – одамларни ўзларига тобе қилиб олиш ниятидаги чаласавод муллаларнинг, тўғрироғи динимиз душманларининг саъй- ҳаракати билан юз йиллардан бери халқнинг миясига “пешонангга ёзганини кўрасан” деган фикр яхшилаб жойлаштирилганидир. Ҳамма нарса аллақачон пешонасига ёзиб қўйилганига ишонган одам ҳеч нарса учун курашмайди. Шу сабабли, бир маҳаллар Улуғбек расадхонасинини қурган халқ бор йўғи юз йил аввал ҳам пиликни тутатиб чироқ ўрнида ишлатарди, рессори ҳам бўлмаган аравалар унинг асосий транспорт воситаси эди.

Ваҳоланки, динимизнинг моҳиятидан келиб чиқсак, кундалик шиоримиз “Биздан ҳаракат, Оллоҳдан баракат” шаклида бўлиши кераклиги мен учун ойдек равшан.

Халқ ҳаракатини партияга айлантиришга кўпчилик қарши бўлгани хусусий масала эмас. Бу факт - ўзбеклар демократия учун курашга тайёр эмас, деган тезиснинг амалдаги кўринишини ўзида акс эттирувчи муҳим мисоллардан биридир.

Қўпол бўлса ҳам яна бир ўхшатиш қилмоқчиман. Дарвиннинг назариясига кўра, маймунлар эволюцион жараён натижасида одамга айланганидан келиб чиқсак, халқ ҳаракатини партияга айлантиришга қаршилик кўрсатиш - маймундан одамга айланишни истамасликдир. Шу кунларда “Ҳаракатни қайтадан тиклаймиз” деб дод-вой солаётганлар эса, “Бизни одам қилиб қўйишди, тўғрироғи, Абдураҳим Пўлат одам қилиб қўйди, биз бунга тайёр эмасмиз, маймунликка қайтимиз” дейиш билан баробар.

Халқимиз ҳали демократия учун курашга тайёр эмаслигидан мен тушкунликка тушаётганим йўқ. Шу камчилигимиз, шу етукмаслигимизни тўғри ҳисоб-китоб қилиб, барибир олға кетиш мумкинлигини бир неча марта кўрсатдик. Ҳозир ҳам шундай қилмоқдамиз ва олға кетмоқдамиз. Ҳозир бизни тўғри тушунаётганлар, биз каби ҳаракат қилаётганлар - ўзини демократман деб юрганлар ичида ҳали ҳам камчилик. Лекин, инсониятнинг тарихи жуда кўп марта кўрсатганидек, ҳар доим янгиликларни камчилик бошлайди ва ҳар доим кўпчиликка айланади, ғалаба қозонади.

Бу сафар ҳам шундай бўлади.

Бу сафар деганда, Андижондаги қонхўрликдан кейин яна бир марта фалаж ҳолга келган демократик мухолифатни қайтадан жонлантириш, уни қайтадан оёққа қўйиш босқичини назарда тутмоқдаман.

Демократия учун курашга тайёр бўлмаган жамият билан демократияга келиш учун дунё демократиясининг ёрдамига муҳтож эканлигимизни, худого шукр, ҳамма тушунади. Аммо, демократик дунёнинг ёрдамидан қандай фойдаланиш лозимлигини тушуниш бундан ҳам муҳим.

Бу масалада ҳам “Бирлик” таклиф қилган политехнолигиялар ўзининг устиворлигини кўрсатганини бугун фақат аҳмоқ одамгина тан олмаслиги мумкин.

Айнан “Бирлик” Партиясининг “диктатураларни санкциялар билан йиқитиб бўлмайди, аксинча, уларни демократик дунёга интеграция қилиш самаралидир”, деган фикри йўналишида иш бошлаган Европа Иттифоқи ижобий натижаларга эришгани биз учун жуда муҳимдир.

“Бирлик” Партияси бу хусусда Европа Иттифоқи ва унинг ташқи алоқалар бўйича бош вакили Хальвер Соланага қилган мурожаатларида (6 ва 24 ноябрь, 2006 йил) асосий вазифалардан бири сифатида Ўзбекистонда сиёсий вазиятни юмшатишни белгиланганди. Бу вазифа бажариилди. Бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва Аҳмаджон Одиловнинг қамоқдан чиқарилиши мамлакатимизда янги, юмшоқроқ муҳит яратди.

Қамоқдан чиққанлар бир овоздан ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларга таъзим қилаётганлари менда шахсан рашк уйғотаётгани йўқ, аммо, бу нарса уларнинг воқеалардан мутлақо хабарсизликларини кўрсатмоқда. Чунки, ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш, у билан алоқа қилмаслик, уни дунёдан изоляци қилишни талаб қилгандилар. Шундай қилинса эди, бугун қамоқдан чиққанлар ҳали ҳам қамоқда ўтиришган бўларди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ичида бирорта марди бўлса, ўз вақтида янглиш ҳаракат қилишганини, “Бирлик” ҳақ бўлганини ҳозир гапириши керак эди. Аммо, минг афсуски, дунёда мардлар кам.

Бу хусусда менинг шахсий фикрим шундай: “Нафақат ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари, балки, бутун дунё ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати чуқур инқироз ичида. Улар коммунистик идеолагия билан кураш учун ишлаб чиқилган ва бугунги шароитга тўғри келмайдиган стандартлар асосида фаолият кўрсатмоқдалар, ўз ичларида қайта қуриш қилмасалар, ўлимга маҳкумлар. Қайта қуриш принциплари асосида ташкил этилган "Эзгулик" каби ташкилотларгина оёқда қолади."

Хуллас, “Бирлик” Партияси ва демократик дунёнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда сиёсий вазият етарлича юмшади. Энди бундан кейин қилинадиган ишлар ва қадамлар устида ўйлашимиз керак. Биров эмас, ўзимиз ўйлашимиз, ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳозирги асосий вазифа – Ўзбекистонда сиёсий мухолифатнинг ҳукумат тарафидан тан олинишига эришишдир. Бугун бу вазифа устида фақат “Бирлик” Партияси ўйламоқда ва амалий ишлар қилинмоқда. Ҳозир партиянинг вилоят конференцияларини ўтказиш бошланди. Сўнгра “Бирлик”нинг қурултойи ўтказилади. Ҳозир бошқа биронта сиёсий гуруҳ бундай ишларга қодир эмас.

Биз “Бирлик” Партиясини расман рўйхатдан ўтказиш, сайловларда қатнашиш ва шу каби ишларимиз билан Ўзбекистонда демократик жараёнларни ривожлантириш йўлидан бораверамиз. Бизни бу йўлдан ҳеч ким чиқаролмайди.

Бу мақсадга етишиш йўлида ҳам Ғарб демократиясининг ёрдамига муҳтожмиз. Ҳозир бизнинг Ғарбдан истагимиз қуйидагича. Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати олдига фақат ҳуқуқ ҳимоясига оид масалаларни қўйиш билан чекланмасдан, сиёсий масалаларни, хусусан сиёсий маҳбусларни озод қилиш, демократик мухолифатнинг фаолияти йўлига қўйилаётган тўсиқларни олиб ташлаш, охир-оқибатда мухолифат партияларини, биринчи навбатда, “Бирлик” Партиясини тан олиш каби масалаларнии ҳам қўйишга бошлаши керак.

Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар бўлишини истаган ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари айнан шу масалаларга урғу беришлари керак. Вақти келгани учун бир масалада тўхтамоқчиман. Бу - “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласи.

Ҳамма тушунадики, Ўзбекистон ҳукумати Пўлат Охуннинг сиёсий фаолиятга имкон бермаслик учун уни паспортсиз қолдирмоқда, амалда, уни уй ҳибсида тутмоқда. Аммо, Пўлат Охунга паспорт берилиб, унинг сиёсий фаолияти йўлидаги тўсиқлар олиб ташланса, яна кўплаб маҳбусларнинг озод қилинишига йўл очилишини ҳали ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари тушунмаяптилар. Тамомийла сиёсий мотивациялар билан қамалган Санжар Умаров ва Дилмурод Муҳиддиновларнинг озод қилиниши ҳам шу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бўларди.

“Бирлик” Партияси Ўзбекистонда сиёсий мухолифатнинг тан олиниши, Пўлат Охуннинг паспорти ва сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши масалаларини Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият олдига қўйишни давом эттираверади.

Айни замонда, ўзбек демократлари ўз ичларидаги бир қатор масалаларни ўзлари тезлик билан ҳал қилишлари шарт.

Асосий масала – мухолифатни бирлаштириш.

Бу мураккаб масалада дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги тажрибага суянсак, тезроқ яхши натижаларга эришамиз.

Шу кунларда ҳамма шоҳид бўлаётган АҚШдаги бир воқеага ҳамманинг диққатини жалб қилмоқчиман. Маълумки, ойлардан бери Хиллари Клинтон ва Барак Обама Демократик партия номидан президенликка номзод бўлиш учун аёвсиз кураш олиб бордилар. Кураш давомида бир-бирларига етралича тош ҳам отдилар.

Праймеризлар натижасида Барак Обама ғалаба қозонгач, Хиллари Клинтоннинг ўзи, унинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон ва бошқа таниқли тарафдорлари ўз партиялари ва мамлакат манфаатларидан келиб чиқиб, Барак Обамани қўллаб-қувватлашларини эълон қилдилар. Бу хиёнат эмас. Чунки, Барак Обама ҳам ўз партияларининг номзоди.

Энди мамлакатимизга ўтайлик. Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан кейин “Бирлик” Партияси биринчи бўлиб оёққа туришга бошлади, бошқалар бунга қодир эмаслиги ҳозирданоқ маълум бўлмоқда.

Мухолифатнинг “Бирлик”дан бошқа гуруҳлари дунё жамоатчилигига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар киритишни талаб қилдилар. Амалад эса, “Бирлик”нинг айтгани бўлди.

Яъни, шу икки масала бўйича “Бирлик” Партияси ички праймеризда ғолиб чиқди, дейишга ҳаққимиз бор.

Шу сабабли ҳамма ўзбек демократларини, америкаликлардан андоза олиб, “Бирлик” Партиясини қўллаб-қувватлаш йўлига ўтишга чақираман, яна ҳам дангалроқ айтсак, “Бирлик” сафларига қўшилишга чақираман. Бошқа сиёсий гуруҳларнинг аъзолари учун бундай қадам хиёнат бўлмайди, чунки ҳаммамиз демократмиз.

Мамлакат ва миллат манфаатларини ўзининг шахсий манфаатларию амбицияларидан юқори қўя оладиган ҳар бир инсон шундай қилишига ишонаман. Шу йўл билангина умумий мақсадга етишоламиз!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону