Виктор Анатольевич Чжен
Ўзбекистон автосаноат мафияси ҳақида сўз кетганда ўтган асрнинг 90-йилларида республикада жуда катта мавқега эга шахс, анча муддат Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси, мамлакатдаги энг йирик - корейс диаспорасининг раҳбари каби катта-кичик лавозимларда фаолият олиб борган Виктор Анатольевич Чжен тўғрисида гапирмасак “инсофдан” бўлмас. Бундай шахслар ҳақида сўз кетганда русчасига “у этого человека стремительный полёт” ҳам дейишади, яъни Чжен “ўроқда йўқ, машоқда йўқ хирмонда ҳозир” кимса.
Ўзбекистон мустақиллик эълон қилиши асносида албатта миллий кадрларга эҳтиёж сезиларди, аммо давлатга тегишли минглаб корхона, завод ва фабрикалар, республикадан ташқарида жойлашган яна юзлаб кўчмас мулк, иморатлар, дам олиш масканлари ва ҳ.к.ларга “хўжайинлик” қилиш корейс насабли шахс қўлига топширилиши остида нима яширингани Каримовга аён. Каримовнинг “вафодорларидан” ҳисобланган Чжен жаноблари давлат мулкини талон-тарож қилиш ишларига бош-қош бўлиш баробарида, тушган маблағнинг “ёғлигина” қисмини Кореядаги ва Россиядаги ҳисоб рақамларига жойлаштиришни унутмади. Азимов билан апоқ-чапоқ Чжен ҳукуматнинг автомобил саноатини республикага олиб кириш режасидан ҳам беҳисоб фойда келишини ҳисобини олгач, Кореядаги шериклари орқали ДЭУ ширкатига мурожаат қилади.
Ўзбекистондаги аҳволдан яхши хабардор кореялик “шериклар” айнан қанча пора эвазига лойиҳани буткул қўлга олиш мумкинлигини Чжендан билиб олади ва “отини қамчилайди”. Бу орада Азимов аввалроқ айтганимиздек, “каттанинг” ризолигини олишга эришади. Чженнинг “чаққон қўли”дан чиққан шартнома кореяликларга хуш келди.
Айтганимиздек, 1996 йилда Жанубий Корея ва Ўзбекистон Республикаси ҳамкорлигида Асакада ДЭУ-Узбекистон қўшма корхонаси фаолиятини бошлади. Давлат мулк қўмитаси раиси ва молия вазири (Азимов) бу орада шаҳардан ташқаридаги холигина дала ҳовлида Кореялик шерикларидан чоракда бир мартадан нақд долларни қуртдек санаб олишни йўлга қўяди. Баъзан Азимов Чженнинг ўзини учрашувга юборар ва у молия вазирининг улушини алоҳида портфелда ёки Швецария банкидаги ҳисоб рақамига ўтказилганини тасдиқловчи чек тарзида етказиб туради.
Бундан ташқари Азимов+Чжен жуфтлиги Жанубий Кореядаги бутловчи қисмлар автоойна, ёритиш чироқлари, лак-бўёқ маҳсулотлари, резина ва елим бутловчилар ва ҳ.к.) ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳам қўшма корхоналар тузиш тўғрисида келишув ҳужжатларини Каримовга тақдим қилиб, уларни реализация қилшга ҳам эришади.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси сифатида Чжен республикадаги қатор корхоналар, завод ва фабрикаларнинг қай аҳволда эканини яхши биларди. Собиқ иттифоқ тугатилгач Россиядан келадиган маҳсулот эвазига иш юритган корхоналар касодга учрай бошлади. Уларни ишлатиш учун янги шартномалар имзолаш, турли келишувлар зарур эди. Боз устига, бу ердаги технологиялар замон талабларига жавоб бермас, ишлаб чиқарган маҳсулотлари рақобатга дош бера олмасди.
Аввал бошидан Жанубий Кореялик ишбилармон доиралар билан ҳамкорликни йўлга қўйган Азимов+Чжен жуфтлиги бундан яхшигина даромад кўриш мумкинлигини тезда англаб, уларни кореяликларга таклиф қилади ва касодга учраган завод ва фабрикалар мулкини сув текинга ёки рамзий баҳода уларга пуллаш тизимини яратади. Шундай қилиб, Асакадаги автомобил заводи ишга тушган пайтдан бошлаб Фарғона водийси вилоятларидаги ўнлаб корхоналар кореялик корчалонларга сув текинга пулланади. Улар тайёр бино ва цехларни арзон қурилиш материаллари ҳисобидан таъмирлаб, ускуна келтириб ўрнатади.
Жанубий Корея учун учинчи давлат ҳисобланган Ўзбекистон мўмай даромад манбаига айланади. Ҳеч қаерда ўқимаган, қўлида тузукроқ ҳунари йўқ ҳамда ишсиз қолган водийлик ёшлар ишга ёлланиб, арзимаган иш ҳақи эвазига 10-12 соатдан қулдек ишлатилади. Маҳсулот кўпгина хорижий давлатларга экспорт қилинади, фойдаси корейс томон ҳисобига тушади.
Чженни жанубий кореялик миллатдошлари садоқатли хизматларини муносиб тақдирлайди. Унга ва оила аъзоларининг бемалол мамлакатга сафар қилишига имконият яратилади. Шунингдек, Сеулда унга шинамгина уй совға қилинади. Бироқ бир умр социализм тузини ичган Виктор Анатольевич Сеулдан кўра Москвани хуш кўргани боис, Россиядаги салафлари кўмагида оила аъзолари ва ўзига Россия фуқаролигни расмийлаштириб қўйганди. Хуллас, республикадаги охирги одам эмаслигини намоён эта олган Чженнинг пичоғи мой устида, истаган жойига қўлини узатса етадиган мавқега эришади. Аммо “катта”нинг ит феълидан яхшигина бохабар Чжен, йиқиладиган жойига похол ташлаб қўйишни ҳам унутмайди. Ўзи от устида бўлса ҳам эгарнинг лиқиллаб қолганини англаган заҳоти Москвадаги “пушти паноҳларига” маълум қилиш кераклигини яхши билади.
Чженнинг эҳтиёткорлиги ростдан ҳам кўп ўтмай иш берди. 1994 йилдан 2000 йилга қадар республика ҳукуматининг юқори лавозимларида (Давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари) фаолият кўрсатган Виктор Чжен вақти келиб “катта”нинг қаҳрига учради. Виктор Анатольевич келиб олиб кетишларини ҳам кутиб ўтирмай, Москвага жуфтакни рослади. Москва яқинидаги нуфузли Рублёвка посёлкасидан бир гектардан зиёдроқ ўрмонзорда қурдириб қўйган икки қаватли қасрига келиб жойлашди ва бир думалаб тадбиркор деган ном олди. Айни пайтда Виктор Чжен Путинга яқин гуруҳлар паноҳида Санкт-Петербургда бизнес юритаяпти.
Нафснинг чегараси йўқ
Бош вазир ўринбосари Азимов энди якка ўзи улкан автосаноат империясига ҳукмронликни бутунлай қўлга олади. Аммо сарой ўйинларию, орқаваротдан унга отилиши мумкин тошлар унга тинчлик бермаслиги аён. Демак, бу империядан тушадиган даромаднинг миси эртами-кечми очилиши мумкин. Азимов ўзига ҳамкор сифатида республика ҳукумати раисини танлайди. Энди Ўзбекитон автомобил саноати бевосита Мирзиёев ва Азимов назоратига ўтади. Бош вазир ўринбосари Парпиевдан кейин “Ўзавтосаноат” раҳбарлигига ўзининг садоқатли шогирди, Ўзбекистон Республкаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида тарбиясини олган Улугбек Розукулов номзодини бош вазирга тақдим қилади. Бош вазир розилиги билан молиячи Розукулов компания раислиги, бош вазир ўринбосарлигига тайинланади. Розукулов шижоат билан ишлаётган, доим қоғозларга кўмилиб, саноатни ривожлантириш йўлларини тинимсиз излаётгандек қилиб кўрсатиш йўлларини яхши ўрганган кейинги авлод менежерларидан.
Шу ўринда лирик чекиниш қилсак, тўғри бўлади. Мирзиёев командаси (турли вазирлик раҳбарлари, ҳоким ва ҳокимчалар) ҳақиқатан ана шу йўналишнинг ҳадсини олган. Бугун исталган вазирлик ёки идора, ҳокимликка бош суқиб кўринг, компьютердан бош кўтармай ўнлаб ҳисоботлар, презентациялар, бизнес-режалар, маълумотномалар тайёрлаётган чиновникларга кўзингиз тушади. Диққинафас хонасидан чиқмасдан, тиним билмаётган бечораларга раҳминг ҳам келади баъзан. Мирзиёев ҳам, Азимов ҳам ва албатта, Розукулов ҳам қўл остидагиларнинг маълумотномаю ҳисоботдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслигидан манфаатдор. Кераксиз қоғозларга кўмилиб қолган ишчи-ходимлар ҳақиқий вазият қанақа эканини ўйлашга ҳам фурсат топа олмайди. “Уч оға-ини ботирлар” эса эртаклардаги шаҳаншоҳлар ҳам тушида кўрмаган роҳатга кўмилиб яшамоқдалар.
Айни пайтда “Ўзавтосаноат” компанияси раиси ва бош вазир ўринбосари Улугбек Розукуловнинг Мирзиёев-Азимов жуфтлиги кармони экани ҳақида аввалроқ айтган эдик. Ўз набатида Розукуловнинг компания бошқарувидаги кармони Тохир Джалилов ҳақида ҳам сўз юритганмиз. Унча мунча назорат-текширув идоралари бош суқа олмайдиган саноат империясининг кундан кунга порахўрлик ва коррупция ботқоғига ботиб бораётгани сир эмас. Машина нархининг тинимисиз кўтарилиши, миллий валюта қудратини ошириш борасидаги давлат раҳбарининг қарору фармонларига зид равишда автомобилларни АҚШ долларида сотиш амалиёти бир зумга бўлсада ҳам тўхтатилмаётгани буни исботлаб турибди. Шу ўринда, ҳукумат ичида ҳукуматга айланиб бораётган “Ўзавтосаноат” компанияси фаолиятини текшириш фурсати етганини айтмоқ жоиз. Бундан икки йилча олдин компания ихтиёридаги қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланувчи инжиниринг корхонаси фаолияти бош прокуратура томонидан текширилган пайтда улкан қинғирликлар юзага чиққани, Қибрай туманида ташкил этилган фермер хўжалигидаги қурилиш ишлари, Қизилсувдаги дам олиш масканида олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари, қўйинки, Навоий кўчасидаги уй қурилиши сингари объектларда миллиардлаб сўм маблағни ўмаргани ошкор бўлганди.
Шунга қарамай Азимов ва Розукулов пушти паноҳидаги корхона раҳбарияти ҳайфсан билан қутулди ва бугун ҳам тараллаю алёр айтиб, маблағларни ўмаришда давом этаяпти. 2011 йили эса “Ўзавтотеххизмат” корхонаси фаолиятидаги қинғирликлар ҳатто давлат телевидениеси орқали халққа кўрсатилди. Автосалонларда машина учун “шапка” олиш операциясига гўёки шу билан чек қўйилди. Амалда эса, шапка миқдори карраларга ошгани ҳам Розукулов ва Азимов жанобларининг “хизматларидир”. Ва ҳатто интернетдан, асосан Россия интернет журналларидан шундоққина кўчириб босиладиган соҳага оид “Автоолам” журналининг таннархи нари борса 7-10 минг сўм бўла туриб, автомобил харид қилаётганларга қарийб 30-40 минг сўмдан тиқиштирилишига ҳам компания раиси фатво бергани тайин. Шундоқ ҳам бошқа мамлакатлардагидан кўпроқ пул тўлаб, ойлаб, йиллаб машинасини ололмай сарсон бўлаётган ҳамюртларимиз уч тийинга қиммат журнални отнинг калласидек баҳода харид қилишга мажбур қилиниши кабилар аллақачон текширилиб, тегишли баҳо берилиши керак бўлган ҳолатлар. Аммо, соҳага Азимов+Мирзиёев+Розукуловлар бош экан буларни фақатгина хаёл қилиш мумкин.
Азимовнинг республика иқтисодиётига берган навбатдаги зарбаси Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасини банкротга учратиши, дейиш мумкин. Бир пайтлар бош вазирлик чоғида ҳам қўлидан бир чақалик иш келмаган, қўғирчоқ Ўткир Султонов ТАПОиЧга директор этиб тайинлангач, иттифоқ даврида ўн минглаб ишчи ва хизматчиларни бағрига олган йирик ишлаб чиқариш корхонаси таназзулга юз тутди. Вазиятнинг айнан шу ҳолатга келиши бевосита Азимов фаолияти билан боғлиқ. Аввалига Россия бирлашган авиация корпорациясига киришга ваъда қилинган заводда йирик транспорт самолётлари ва фуқаро авиацияси самолётилари ишлаб чиқаришга келишилди.
Албатта, Россия тарафининг ҳам корхонани таназзулга учрашида ҳиссаси бор. Ваъда қилинган инвестициянинг вақтида киритилмагани, ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун амалий режанинг йўқлиги молия вазирига “козир” бўлди ва корхонани буткул банкротга учратиб, “эркатойи” Розукуловга олиб беришига сабаб бўлди. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки банкротга учраган корхонага ташқи бошқарувчи этиб тайинлангач, бу ердаги асбоб-ускуналар талон-тарож қилинди. Минглаб ишчилар бўшатилиб, тайёр цехлар ёпилди. Заводнинг бир бурчагида “Ўзавтосаноат” компанияси учун йиғув цехи таъмирлаб берилди.
Айни пайтда “Малибу” йиғилаётган цехда, ўтган йили “Каптива” машиналари йиғиларди. Аслида Жанубий Кореядаги заводдан келтирилаётган машиналарнинг тўртта ғилдираги Тошкентда ўрнатилади ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилди, дея бонг урилади. Мамлакатимизга “бутловчи қисмлар” тарзида божхонадан бошқа нархда киритиладиган машиналар “тайёр маҳсулот” сифатида харидорга мутлақо бошқа нархда (мисол учун, “Малибу” 100 млн.сўм) сотилади. Ўртадаги фарқ эса кореялик ишбилармонлар, Мирзиёев+Азимов+Розукуловлар ўртасида бўлинади. “Давринг келди, сур бегим”, деганлари шу бўлса керак!
Бугунги кунда АҚШнинг ва дунёдаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиларидан ҳисобланган GM концерни ДЭУга (Жанубий Корея автоишлаб чиқарувчиси аввалроқ GM билан альянс ташкил этганди. 2008 йили жаҳон молиявий ва иқтисодий инқирози пайтида ДЭУ банкротга учради) тегишли улушни сотиб олгач (2008 йил. Маълумотларга кўра “Ўзавтосаноат” тимсолида давлатга 51 фоиз, “Асака” банкига 25 фоиз ва GM концернига яна шунча акция тегишли) учинчи давлатлар автобозорлари учун республикада автомобил ва унинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқармоқда. 2012 йил GM билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида мотор заводи қуриб битказилди. Қўшма корхонанинг 52 фоиз акцияси GMга тегишли.
Лойиҳа бўйича (1996 йилги) Асакадаги завод 2002 йили тўлиқ қувват билан ишга тушиши ва йилига 250 мингдан ортиқ автомобил ишлаб чиқариши керак эди. Аммо бугунги кунгача ҳам завод тўлиқ қувват билан ишлаётгани йўқ. 2011 йили Асакада 175 минг атрофида, 2012 йили ҳам шунча автомобил ишлаб чиқарилди. Бунга аввал бошидан лойиҳанинг нотўғри тузилгани, имкониятларнинг тўлиқ прогноз қилинмагани, ички ва ташқи бозор коньюктурасининг яхши ўрганилмагани, МДҲ ва бошқа хорижий давлатларга эскпорт миқдорининг кескин камайиб кетаётгани, Азимов бошчилигидаги молиячи ва иқтисодчиларнинг нўноқлиги, маркетинг тадқиқотларининг саводсизларча ўтказилиши ва энг асосийси, коррупция ботқоғига ботган Ўзбекистон ҳукумати аъзоларининг ўпқондек нафсини жиловлай олмаётгани сабаб бўлмоқда.
Жалол Камолиддин
“Ҳаракат” таҳририятидан: Жалол Камолиддиннинг мақоласида жуда кўп фактлар билан Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатимизда янги яратилаётган автосаноатни мафия ўчоғига айлантириб юбориш айби қўйилмоқда. Бу ерда жуда кўп конкрет фактлар келтирилгани сабабли, номи тилга олинган одамлар уларга ўз муносабатларини билдиришлари шарт. Шундай қилиш маданий дунёда ёзилмаган қонунга айланган. Акс ҳолда, ахир бир кун халқ олдида жавоб беришга тўғри келади.