22 December 2012
14:45 - Фахриддин Умаровнинг оламдан ўтганини гўё ўзбек матбуоти эшитмади
Ўтган жума куни оламдан ўтган Фахриддин Умаров ўзбек лирик қўшиқчилигида ўзига хос мактаб яратган, минглаб шогирдлар чиқарган буюк шахслардан бири эди. У умрининг сўнгги тенг ярмида соғлиғи ёмон бўлиши, яъни бронхиал астма дардига чалинганига қарамай саҳналарни тўлдириб келди. 84 ёшида оламдан ўтган ҳофизнинг бошидан иттифоқ даврида бир қанча ғалвалар ўтди. Унинг мавқеи Президент Ислом Карим томонидан 2000 йилларда тўла тикланиб, 2002 йилда Ўзбекистон Халқ ҳофизи унвони билан тақдирланганди, дейди мухбиримиз.

Ўзбек лирик қўшиқчилигининг дарғаларидан бири вафот этгани маълум бўлгач ҳам ўзбек матбуоти бу ҳақда лом-мим дегани йўқ. Маҳаллий журналистлардан бирининг иддаосича, гўё хонанда “бемаврид”, яъни жума куни ўлим топибди. Эртаси чиқадиган газеталарлар бу хабарни эълон қилишга кеч қолишган, дам олиш кунлари эса газеталар чиқмаган, шу боисдан Фахриддин Умаровнинг ўлими маҳаллий журналистларнинг ёдидан кўтарилган.

Бошқа бир маълумотга кўра, Президентинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бу воқеани Ислом Каримга баён қилишдан чўчиган эмиш. Шу боисдан ҳам санъат дарғасининг вафоти ҳукумат миқёсида эсга олинмади, чунки Ислом аканинг рухсатиз буни қилиб бўлмасди.

“Ҳаракат” таҳририятидан: Азиз ўқувчилар, бу хабарга ҳайрон бўлманг. У сайтимизда 2007 йил 11 сентябрь куни эълон қилинган. Ҳа, ростдан ҳам даҳшат. Даҳшат – миллатнинг севган хонандаси ўлганида эмас, бу дунёда ҳамма ўлади, 84 йил яшашнинг ўзи катта бахт. Даҳшат - Ўзбекистонда бу ҳақда хабар ҳам берилмаганидир.

Бу сатрларни ўқиб, биз ўзи миллатмизми, деган саволни яна бир марта ўртага отиш табиий эмасми? Ўша йили биз хабар берган кундан аввалги жума - 7 сентябрь бўлган. Миллатнинг буюк фарзанди ўлганини ҳақида 4 кундан кейин фақат биз хабар берибмиз. Қани айтинг, биз миллатмизми ўзи?

Фахриддин Умаров айтган “Эй, муҳаббат” қўшиғида шундай сатрлар бор:

Йўл қўясан баъзида хатога ҳам,
Баробарсан сен шоҳу гадога ҳам.
Не кулфатлар солмадинг Лайлога ҳам.
Эй, муҳаббат, ёки сен жафокорсан.
...
Эй, муҳаббат, ёки сен сеҳргарсан.

Шундай сатрларни ёзолган Ўзбек (Пўлат Мўмин) бор эканми, уларни қўшиқ қилиб айтолган Ўзбек (Фахриддин Умаров) бор эканми, демак, Ўзбек бор, миллат бор.

Уларни тушунмайдиган ва қадрламайдиган пода, яъни биз ҳам бормиз. Фожеамиз шу.

Улар ҳам бор, биз ҳам бор. Аммо, бирга бўлоламизми? Улар даражасига кўтарилоламизми? Миллатнинг асл фарзанди ўлганини ҳам хабар қилдирмаган, Ўзбек тирклайин ёқилганда ҳам оғзини очмаган режим билан яшайверамизми? Режимдан қўрқиб, оғиз ҳам очолмайдиган пода бўлиб қолаверамизми? Бу режимнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшган ва қўшаётган хоинларга чора кўрмаймизми?

Бу саволга жавоб излашни истаганлар аввал қўшиқни эшитиб кўришсин:

http://www.youtube.com/watch?NR=1&v=OAjYsGbMK_U&feature=endscreen

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону