15 December 2012
12:50 - Бу дунё шунақа ўзи: АҚШда мудҳиш қатлиом
Кеча Нью-Йоркнинг шимолидаги Коннектикут штати Ньютаун (Янгишаҳар) шаҳарчасидаги бошланғич мактабга қуролли ҳужум қилган 20 ёшли Адам Ланза исмли ёш йигитчанинг 20 ўқувчи ва 8 ўқитувчини ўлдиришини, унинг ўзи полиция ўқидан ўлганини қандай баҳолашни ҳам билмайсан. Балки, у ўзича ўта ақлли бўлиб, шу йўл билан тарих саҳифасида қолмоқчи бўлгандир, балки, руҳий касалдир, ўлдирилганлар орасида ўз онаси ва укаси бўлганини ҳисобга олсак, балки, урушиб қолган оиласидан шундай йўл билан ўч олгандир. Балки, балки, балки...

Аммо бу каби қатлиомлар Америкада вақти-вақти билан бўлиб туради. Ҳозир оддий одамларга қурол ташиш рухсати берадиган қонунни бекор қилиш тарафдорлари оёққа турса керак. Аммо, бир оз вақт ўтади, ҳамма ҳовуридан тушади, бироқ қурол ташишга рухсат берувчи қонун ўзгармайди. Чунки, қурол кўпинча ҳужумга эмас, ҳимоя учун керак.

Балки, бу дунёнинг шунақалигини тан олиш ва бундай воқеаларга кўникиш керакдир. Ахир ҳар кун автомобиль йўлларида ўнлаб кишилар ҳалок бўлади. Нима қилиш керак, автомобилларни йўқ қилиш керакми?

Бундай мулоҳазалар қилиш - ҳам осон, ҳам оғир, чунки, 5-10 ёшдаги болакайларидан айрилган 20 оилани, ўлдирилган 8 ўқитувчининг оиласини кўз олдингизга келтиринг. Даҳшат. Ҳа, бу дунё шунақа ўзи!

Расмда – қотил деб ҳисобланаётган Адам Ланза (2005 йилда олинган).

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону