12 December 2012
15:29 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Мамлакатнинг келажагини биз ўйламасак, бировлар келиб ўйламайди
Аваламбор “Ҳаракат” ахборот агентлиги таҳририятига ва шахсан жаноб Абдураҳим Пўлатга менинг ёзганларимни чоп этаётганлари учун минатдорчилик билдирмоқчиман. Шу билан бир қаторда охирги ёзган «Ўзбекистоннинг 23 миллиард доллар пули офшорда» деган мақоламга бўлган мулоҳазага жавоб бермоқчи эдим.

Менга У.Ҳақназаров исми остида мақола ёзиб юрган одамнинг издоши сифатида баҳо берилган. Аслида бундай эмас. Ҳақназаровнинг мақолари менда анчагина шубҳа уйғотади, уларда ҳеч бир мантиқ ва асосга эга бўлмаган фактлар келтириб ўтилади. Масалан, унинг бир мақоласида Ўзбекистон хавсизлик кенгашида Ислом Каримовни Рустам Иноятовга қарата “Рустам ака” деб мурожат қилиши менда таъжуб уйғотди. Нима учун Каримов ўзидан камида 8-9 ёш кичик бўлган Иноятовга “ака” деб мурожат қилиши керак?! Ҳамда шу мажлисда ЎХҲ (Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ) мавзуси, Россия Президенти В.Путинни Алина Кабаева билан муносабати ҳақида гап бориши, тўғрисини айтсам, мени кулгимни қистатди.

Менинг фикримча мақола ёзаётганида инсон ё ёлғон маълумот беради ё ростини айтади, учинчиси бўлиши мумкин эмас. Маълумотни қайси йўл билан ва қандай тарзда олиши бу бошқа масала. Бугунги замонда фактлар билан мен чиқа олмайман, чунки, бу таҳликали. Мақолада келтирилган одамларнинг кўпчилигини мен шахсан танийман ва келтриб ўтилган маълумотларни бевосита гувоҳи бўлганман. Ҳозир сиз бу мақолага ё ишонишингиз ёки бўлмасам, акси, ишонмаслигингиз мумкин, бу Сизнинг ҳаққингиз. Агар Худо хоҳласа бир кун келиб мамлакатимизда адолатли ҳокимият ўрнатилганда, демократия ҳукм сурганда ва қонун устуворлиги ҳаммага баравар таъминланган кун келганда, мен судда фактлар билан гувоҳлик беришга тайёрман.

Мени бу мақола ёзишимга кимларнидир жазолаш мақсадида эмас, лекин бу ҳам жуда муҳим, бошқа мақсадни кўзлаган эдим. Мақсад – жамоатчиликнинг, омманинг эътиборини тортиш. Ҳамманинг орасида ҳукм сураётган БЕФАРҚЛИКни сал бўсаям пасайтириш. Ахир ҳаммамиз “менга нима?” деган ҳис билан яшасак, бир кун келиб ўзимиз ҳам даҳшат ичида қолиб кетамизку.

Касални аниқ билиш учун ташхисни тўғри қўйишимиз керак. Акс ҳолда даво самарали бўлмайди. Қандай аччиқ бўлмасин муамоларга тик-теран нигоҳ билан қарашимиз керак. Акс ҳолда, жаноб Пўлат айтганидек, миллат сифатида ўчиб тарих саҳифаларига тарк бўламиз. Ҳақиқат эса шундан иборатки, Ўзбекистон талон тарож бўлаёткан мамлакатлар сафида пешқадамдир. Энг ачинарлиси эса талон тарожни биров эмас, ўзимизнинг ўзбеклар қилишаяпти.Бир вақтлар бир Жугут (Еврей) менга оғир гап айтканди, қанчалик оғир бўлмасин, унинг гапида жон бор. «Сен Ўзбекни буюк Жугут миллати билан солиштирма, бу ерда солиштирадиган нарсанинг ўзи йўқ, Ҳа, тўғри биз бошқаларни кийдирсак ҳам ўзимизникиларни қўллаймиз сенлар эса (Ўзбеклар) ўзларингникини кийдириб чалишдан бошқага ярамайсанлар». Ўшанда юрагимга ўқ санчилгандай ҳис пайдо бўлди ва ҳали хануз бу ҳис мени тарк эткани йўқ.

Мамлакат ичкарисини бир чеккага қўйсакда, ҳатто мамлакат ташқарисида ҳам мухолифат вакиллари ўртасида бир бирлариниг устидан мағзава ағдариб бир бирларини ҳатто сўкишгача боришяпти. Конструктив диалог ёки конструктив баҳс ўрнига чаласаводларнинг тўти қушдек бир нарсани сайрайверишлари мен учун тўғриси ачинарли ҳол. Қани стратегия?! Қани мамлакатни ботқоқликдан чиқариш режалари?! Қани мутахассислар?! Қани професионаллар?! Ким ёшлар билан ишляпти ўзи?! Бундайлар борми ўзи?! Ахир қанчадан канча ёш талантлар ёш кадрлар ўз юртларини тарк этиб, чет эллар учун хизмат қилиб юришиптику! Кадрлар танқис бўлган бу замонда, кадрлар орқасидан катта-катта мамлакатлар югириб юрган бир пайтда Ўзбек ёши ўз юртига сиғмаяптику?! У ҳатто мухолифатга ҳам кераги йўқку.

Гапим хулосаси сифатида мен яна бир бор “Бирлик” шундай ёшлар платформасига айланишига, унга қанот бағишлашига, мамлакатни бирлаштирадиган қудратли кучга айланишига умид қиламан. Ахир тушинишимиз керак, бу ишни биз қилмасак, ўрнимизга бировлар келиб қилишмайди.

Аҳмад Тошкандий

“Ҳаракат” таҳририятидан: Ўқувчимиз Аҳмад Тошкандийга ёзган мулоҳазалари учун миннатдорчилик билдириш билан бир қаторда, қуйидагиларнинг айтишни истаймиз. Бу қисқа лавҳада жуда кўп муҳим фикрлар бор. Улар муҳокама қилиниши, қўйилган саволларга жавоб изланиши лозим. Биз ҳам ўз фикрларимизни ёзамиз. Ҳозир эса ўқувчиларимизга мурожат қиламиз: Марҳамат, бу баҳсда иштирок этинг. Ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан бизга ёзиб жўнатинг. Уларни албатта эълон қиламиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону