23 March 2008
04:00 -
12:00 - “Уйғон Ўзбекистон” ёшларидан ақлли иш чиқармикан?
12:00 - “Уйғон Ўзбекистон” ёшларидан ақлли иш чиқармикан?

Бўладиган бузоқ нимасидан маълум бўлишини донo халқимиз ўз мақолларининг бирида чиройли қилиб ифодалаб қўйган. Ҳаёт бу мақолдаги ҳақиқатни ҳар доим исботлаб келмоқда. Ўзбек миллати эгилган қаддини тиклаш учун ўтказишга бошлаган муҳташам митингларини “кўча чангитиш” дея баҳолаб, Ислом Каримовнинг ёрдамида сиёсий саҳнага чиққан 53-54-чилар ўша мақолда айтилган нарсадек қуриб битганлари шундай исботлардан биридир, холос.

Ўзбек мухолифати ўтган йили ўта оғир шароитда президент сайловларига тайёрланиш билан овора экан, чет элдаги бир гуруҳ ёшлар уюшиш учун ҳаракат бошлаганлари ҳақида сайтларда гап-сўзлар тарқатдилар. Мантиққа кўра, ўша кунларда уларнинг биринчи қиладиган ишлари – мухолифатга сайлов кампанияси давомида ёрдамчи бўлишларини эълон қилиш эди. Шундай қилинса, бўладиган бузоқ қанақа эканлиги дарҳол маълум бўларди.

Амма бу ёшлар “сайлов тугагунча биз ҳеч нарса қилмаймиз, сайловдан кейин сиз билан шуғулланамиз” дея демократик мухолифатнинг лидерига таҳдид қилишдан иш бошладилар. Мухолифатга далда бериш ўрнига, унга таҳдид қилишдан иш бошлаган бу ёшлар амалда мухолифатга қарши, демак, мавжуд ҳокимиятнинг фойдасига иш қилаётганларини Абдураҳим Пўлат аввал “ақлсизлик”, кейинроқ “аҳмоқлик” деб баҳолагани ҳам сайтлардаги хабарлардан маълум. Шу билан “Уйғон Ўзбекистон” ташкилотининг келажаги, ўша ўзбек мақолидан ҳам келиб чиқиб, жуда тўғри башорат қилинди.

Ҳамма Абдураҳим Пўлатнинг баҳосига қўшилди, дейиш тўғри бўлмасди. Қўшилмаганлар бор эди ва улар янги ташкилотнинг янги қадамини кутишарди. Ва ниҳоят иккинчи қадам “Озодлик” радиосининг Ўзбекистон МХХси назорати остида эшиттиришлар олиб борадиган ўзбек хизмати орқали эълон қилинди. Маълум бўлишича, “Уйғон Ўзбекистон” шу йил 31 мартни Россияда ўлдирилган ўзбек мардикорларини хотирлаш куни сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиқибди.

Бир қарашда жуда яхши ташаббус. Ҳар бир ўлдирилган одамни хотирлаш тирикларнинг бурчи. Аммо, биз - сал кам 25 миллион ўзбеклар - дунё миқёсида муҳим ўрни бор бўлган миллатмиз. Ўлганларни хотирлаш масаласини СИЁСИЙ МАЙДОНГА олиб чиқишдан олдин масалани ҳар томонлама ўйлашимиз керак эмасми? Албатта керак.

Биз математиканинг асосларнини яратган Ал Хоразмий авлодларимиз. Биз ҳозирги номи Америка бўлган қитъанинг борлигини, бу қитъа очилмасдан олдин назарий шаклда тахмин қилолган Ал Бирунийнинг авлодларимиз. Биз буюкларимизнинг байроқлари остида қиличлар ўйнатиб жангларга кирган ва тарихий Ипак йўлининг асосий қисмини назорат қилишга қурби етган халқмиз. Биз Москва остонасигача етиб келиб, шу “қишлоқни ҳам ишғол қилишга вақтимни сарф қилиб ўтираманми” деб орқага қайтиб кетган буюк Амир Темирнинг авлодларимиз. Биз улуғ бир миллатмиз.

Бу улуғ миллат очликдан Россияга мардикорликка келган ўзбекларимизни 4-5 та скинхед ўлдириб кетмоқда деб йиғи-сиғи қиладиган ва дунё бўйлаб мотам очишга чақиришгача етиб борадиган бечоралик даражасига тушдими?

Ўтган асрнинг 30-40-чи йилларида Европадаги бир қатор мамлакатларда давлат сиёсатига айланган фашизм қурбонлари бўлмиш МИЛЛИОНЛАБ яҳудийлар қандай хотираланаётганидан андоза олиб иш қилаётган бир ховуч ўзбек ёшлари қанчали кулгили кўринаётганларини ўйлаб кўришга ҳам фаросатлари етмадими?

Улар ўзбек халқини ёппасига мардикорларга айланишига сабачи бўлган бугунги ҳукумат билан курашувчилар сафига қўшилиш ўрнига, ўзбек мардикорларини қўйиб туринг, ўз халқини қонга ботираётган Путинга илтижо қилиш қандай мантиқсизлик эканини ҳам тушунмайдиларми?

“Ўзбекистон” сўзини ҳам булғаётган “Уйғон Ўзбекистон” ёшларининг учинчи ва тўртинчи қадамларини ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Улар учинчи қадамларида дардини айтиш учун азага келган аёллар ўртасида кўпроқ доди-фарёд солувчилар мусобақасини ўтказадилар, тўртинчи қадамда эса, ичларида ҳозирча шим кийиб юрган йигитларга узун иштон кийдириб ва рўмол ўратиб, дод-фарёд қилувчилар қаторига қўшиладилар. Шармандалик!

Бобомиз Амир Темир булардан хабардор бўлиб қолса, Тошкентга келиб, шаҳар марказидаги ўзига ўрнатилан ҳайкалдаги отга ўтириб, баъзи ёшлари хунасага айланаётган бу мамлакатдан қочса ажаб эмас.

Аммо, ишониш керакки, бобомиз Амир Темир Ўзбекистоннинг ҳақиқий ёшлари билан руҳан бирга. Бу ёшлар - халқимизни Салой Мадамин, Дадхон Ҳасан ва улар каби хоинлар ёрдамида қулларга айлантирган диктаторлик режимига қарши Европадан туриб қуруқ сўз билан эмас, Ўзбекистон ичида туриб, демократик мухолифат сафларида амалий фаолият билан курашаётган ўзбек йигит-қизларидир.

Уларга кўра, Россиядаги миллионлаб ўзбек мардикорлари тезда ташкилотланишлари, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун сиёсий усуллар билан ўзлари курашишлари, керак бўлса, ўзларини бир тўда скиндхедлардан ҳимоя қиладиган тезкор жанговор гуруҳлар тузишлари шарт. Бу масалада ўзбек мухолифати уларни тўла қўллаб-қувватлайди ва керакли ҳар қандай ёрдамни беради.

Яна умид қилиш керакки, “Уйғон Ўзбекистон” деб бонг ураётган бир гуруҳ ёшлар (уларнинг сони бир қўлдаги бармоқ сонидан ошмаслиги маълум бўлса ҳам) ўзбек миллатини кулгига қўядиган бундай қадамлардан ўзларини тиядилар ва бугун мухолифатнинг асосий, тўғрисини айтса, ягона кучи бўлган “Бирлик” сафларига қўшилиб, миллатга ҳақиқий хизмат қилиш йўлига ўтадилар. Бошқа йўл йўқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону