15 March 2008
04:00 -
23:30 - Пўлат Охуннинг паспорти масаласи яна Андижонга қайтдими? - Андижонда яна диний экстремизм хавфи 22:30 - АҚШ Давлат Департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботи ҳақида 21
23:30 - Пўлат Охуннинг паспорти масаласи яна Андижонга қайтдими?

Бу масала узоқ сарсон-саргардонликлардан кейин Андижон судидан Ўзбекистон Олий судига жўнатилгани, аммо ҳужжатлар йўлда йўқолгани ҳақида аввал хабар бергандик. Ҳозир бу ишда қандайдир ўзгариш юз берганга ўхшайди.

Бугун соат 17:20 да Пўлат Охун Андижон вилоят судидан почта орқали хат олди. Почта хизматини штампларига кўра, хат Андижон шаҳридан 12 март куни жўнатилган, Пўлат Охун истиқомат қиладиган Шаҳрихонга 14 март куни етиб келган ва унга бугун, яъни 15 март куни кечқурун топширилган.

Қисқа хатнинг тўла матни қуйидагича:

Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳар А.Икромов кўчаси 2 уйда яшовчи Ахунов Пулатжонга

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят судига 13 март соат 10га етиб келинг.

Манзил: Андижон шаҳар Бобуршох кўчаси 26 уй.

Судья: Бобоев

Бир қарашда бу хат Ўзбекистон режимига хос навбатдаги ўйин каби кўринади. Балки, ундай эмасдир. Балки, Пўлат Охуннинг ишига оида ҳужжатлар “топилгандир” ва унинг масаласини тезроқ ҳал этишни истаган судя Бобоев Ўзбекистондаги почта хизматининг ишлаш тезлигини унутиб, 12 мартдаги хати билан Пўлат Охунни 13 мартда учрашиш учун ўз ҳузурига чақиргандир.

Энди Пўлат Охуннинг душанбани кутишдан бошқа иложи йўқ.

Андижонда яна диний экстремизм хавфи

Охирги икки ҳафта ичида Андижон вилоятининг бир неча туманларида мактаб директорлари ишдан олинмоқда. Кўринишидан бу жараён давом этади.

Директорларни ишдан олиниш тафсилотлари тўлиқ аниқланмаган, лекин Шаҳрихон шаҳридаги 4-чи мактаб директори Аъзам Абдуллаев ва 2-чи мактаб директори Одина Бабашеваларнинг ишдан олиниши хусусида қуйидаги маълумотлар бор.

Иккала мактабнинг бир неча ўқувчилари, улар 5 ва 6 синфда ўқишади, ислом динини ўрганиш учун норасмий ҳужра мактабларига боришган экан. Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари уларни видеога олишган ва шундан кейин директорлар ишдан олинган. Бошқа туманларда мактаб директорларининг ишдан олиниш сабаблари ҳам шу кабидир, деб тахмин қилинмоқда.

Шу кунларда вилоят ва туман таълим бўлимларда кенгайтирилган мажлислар ўтказилмоқда. Мажлисларда юқори ташкилотлар вакиллари чиқиш қилиб, Андижон вилоятида янги диний оқимлар пайдо бўлганини уқтиришмоқда. Уларнинг гапига қараганда, Андижон вилоятида “қора саллалилар” ва “шаҳидинлар” номли диний оқимлар пайдо бўлган. Улар ўз сафларига асосан мактаб ўқувчиларини қабул қилаётган эмиш. Бу оқимларга аъзо бўлган ўқувчилар Қирғизстонга олиб чиқиб ўқитилаётган эмиш. Уларга фақат ислом динидан дарс беришдан ташқари, жисмоний ва ҳарбий машғулотлар ўтказилаётган эмиш.

Шу кунларда вилоят мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда тилхатлар ёздирилиб олинмоқда. Тилхатларда ўқитувчилар ўз ўқувчиларини доимий мактабга келишини таъминлашни ўз зиммасига олганлари ва ўқувчилар мактабга келмай диний оқимларга қўшилиб қолса, жавобгарликга тортилишлари ҳақида огоҳлантирилганлари айтилган.

Вилоят мактабларида барча ўқувчиларнинг рўйхати текширилмоқда. Ким қаерда эканлиги, агар бошқа жойга кўчиб кетган бўлса, унинг изини топиш ва у ҳақида маълумот тўплаш ишлари кетмоқда. Бундан ташқари ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ота-онаси ҳақида маълумот тўплаш топширилган. Қайси ўқувчининг от-онаси чет элга ишга кетгани ва қаерда экани ҳақида маълумотлар тўпланмоқда ва марказлаштириб юқори идораларга берилмоқда.

22:30 - АҚШ Давлат Департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботи ҳақида

Навбатдаги 2007 йил бўйича ҳисобот 11 март куни Давлат Департаментида Давлат Котиби Кондолиза Райс тарафидан омавий ахборот воситалари вакилларига расман тақдим қилинди. Хабарларимиздан маълумки, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам бу ҳисоботни тақдим этиш маросими 13 мар куни ўтказилди.

Ҳисоботнинг мамлакатимизга оид қисми ҳар йилдагидек “Ўзбекистон авторитар мамлакат” эканлигини таъкидлаш билан бошланади. Ҳисоботда Ўзбекистонда сўнги йилда инсон ҳуқуқларининг бузилишига доир воқеалар санаб ўтилган. Мухолифат сайтларини кузатиб борганлар учун булар янгилик эмас.

Ҳисоботнинг сиёсий ҳуқуқларга оид қисмида 2007 йилда бўлиб ўтган президент сайловига мухолифат партиялари қатнаштирилмагани, хусусан, “Бирлик” Партияси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун ҳаракат қилаётгани, 6 марта рад жавоби олгани, 2006 йил ноябрь ойидаги аризасига жавоб ҳам берилмагани айтилди.

Мухолифатдаги партияларнинг лидерлари Муҳаммад Солих, Абдураҳим Пўлат, Бобир Маликов (исмлар айнан шу шаклда берилган) юрт ташқарисида мажбуран яшаётганлари, Қуёшли Ўзбекистон коалициясининг асосчиларидан бири Санжар Умаров қамоқда эканлиги худди аввалги йиллардаги ҳисоботларда каби санаб ўтилади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Ўзбекистон раҳбарияти Ғарб билан алоқаларни яхшилаш учун ҳаракат қилиб юрган йиллари бу каби ҳисоботлар муҳим эди ва улар орқали мамлакат раҳбариятига аҳволни тузатиш хусусида маълум сигналлар бериларди. Бугун бундай эмас, шу сабабли, минг афсуски, бу каби ҳисоботларнинг қиймати тушиб бормоқда.

Ҳозир энг яхши йўл – аҳвол қандай бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистонни дунёдаги демократик структураларга боғлаш ва шу йўл билан мамлакатимизда демократиянинг ривожланишига имкон яратиш. Ўзбек демократларининг ўзи бу имкониятларидан қанчалик фойдалана олишлари бошқа муҳим масала.

21:00 - Путин Украинани НАТОга киритмаслик учун Ўзбекистонни ҳам беришга тайёр

Турли ахборот воситалари НАТОдаги ўз манбаларига асосланиб билдиришларича, Россия НАТО қўшинларига Афғонистонда ёрдам беришга тайёр. Бунинг учун Россия НАТО қўшинларини ўз ҳудудлари орқали ўтишига имкон яратиши, яъни коридор бериши мумкин. Табиий, бундай коридорнинг давоми Марказий Осиё давлатларидан, хусусан Ўзбекистондан ўтади.

Агар бу хабарлар тўғри бўлса, Термиздаги аэродромдан АҚШ қўшинлари фойдаланиши мумкинлиги, ҳатто фойдаланишга бошлагани ҳақидаги гапларда жон борлиги кўринади. Бизнинг сайтимизда аллақачон бундай тахмин қилинган ва Термиздаги аэродром Путиннинг кўрсатмаси билан америкаликларга берилган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Россиянинг буйруғи билан президент Ислом Карим Термиздаги аэродромни ростдан ҳам америкаликлар хизматига қисман очган бўлса, буни фақат биринчи қадам сифатида кўриш керак. Россия очиқчасига НАТОга ёрдам бериш йўлини танласа, у ҳолда АҚШнинг Ўзбекистонга қайтиш масаласи ҳал қилинди, дейиш мумкин.

Хўш, Россия нимага тўсатдан АҚШ ва НАТОга ёрдамчи бўлиш ниятига тушиб қолди? Бу саволнинг жавоби ҳам ўша хабарларда бор. Маълум бўлишича, гўё Россия НАТОга ёрдамини бу альянс Украинани ўзига аъзо қилиб олишдан воз кечсагина бермоқчи. Демак, ростдан ҳам, Россия Украинани ўз орбитасида ушлаб қолиш учун Ўзбекистонни бошқаларга “сотиши” мумкин.

Минг афсуски, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати ўзини халқаро саҳнадаги мустақил ўйинчи сифатида кўрсатолмади ва олиб-сотиладиган қўғирчоққа айланди.

9:00 - Туркияда навбатдаги сиёсий кризиснинг тафсилотлари

Аввалги хабаримиздан маълумки, Туркиядаги ҳукумрон партия – Адолат ва Тараққиёт Партиясини бекитиш учун Конституцион Судда иш очилган. Туркиянинг биринчи даражали раҳбарлари бунга ўз муносабатларини ҳали билдирганлари йўқ. Улар кутилмаган бу зарбадан ўзларига келолмаганга ўхшайдилар.

Айни замонда, Туркия жумҳуриятининг Бош прокурори Абдураҳмон Ёлчинқоя ҳукумрон партияга қарши очган даъвонинг баъзи тафсилотлари маълум бўлди. Агарда Конституцион Суд Ёлчинқоянинг талабларини бажарса, ҳозирги Бош вазир Тойиб Эрдўғон ва президент Абдуллоҳ Гул бошчилигидаги 71 кишилик гуруҳга 5 йил сиёсат билан шуғулланиш тақиқланади.

Ҳозирча тадбиркорлар бўлаётган воқеаларга ўз муносабатларини билдирдилар. Уларга кўра, Туркияда сиёсий беқарорлик пайдо бўлса, мамлакат иқтисоди катта талофатга учрайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону