03 March 2008
04:00 -
23:30 - Шоира Зулфияга ҳайкал ўрнатилиши ва исми-шарифимиздаги русча қўшимчалар 22:30 - Шавкат Рўзимуродов: “Толиб ака Шовруқнинг руҳига хиёнат қилмасин” - “Бирлик” фаоли калтакланди 20:00 - Олтиннинг нархи минг доллар
23:30 - Шоира Зулфияга ҳайкал ўрнатилиши ва исми-шарифимиздаги русча қўшимчалар

Шу йил 1 мартда Тошкентда ўзбек халқининг буюк шиораси, айни замонда, бошқа улуғ шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг турмуш ўртоғи бўлган Зулфиянинг ҳайкали очилди.

- Бу қувончли воқеа ва ҳайкалнинг очилиш маросимада шоиранинг қизи иштирок этгани ҳақидаги расмий хабарни ўқир эканман, 30 йилча аввал бўлган бошқа бир воқеани эслдаим, - дейди бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. - Ўша воқеани вақти келиб ёзилиши мумкин бўлган хотиралар учун асраб қўйса бўларди. Аммо, бу воқанинг хулосалари бугунги ҳаётимиз учун ҳам ўта муҳим эканлигини ҳисобга олиб, уни ҳозир қоғозга тушириш керак деб лозим топдим.

Ўтган асрнинг 70-йиллари ўртасида Москвада аспирантурада бирга ўқиган ўртоғимнинг куёв йўлдоши бўлдим. Тошкент ресторанларидан бирида ўтган тўй маросимидан кейин, кичик бир гуруҳ билан куёвнинг ўйига келдик. Бу ерда ҳам кичик бир ўтириш бўлди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, аммо, ҳарҳолда менинг ташаббусим билан бўлса керак, суҳбат орасида ўзбек тилининг аҳволи ҳам тилга олинди.

Мен ҳар доимгидек, зиёлиларнинг оиласида, айниқса, Тошкентда ёш болаларнинг тили русчада чиқаётгани, бу нарса тилимизнинг келажаги учун яхши бўлмаслигини гапирганимда, ўрта ёшлардаги бир аёл, у куёвнинг яқин қариндошларидан эканлиги кўриниб турарди, бунда болаларнинг айби йўқлигини, унинг ўзи ҳам ўзбек тилини университетни битиргач ўрганганини айтиб қолди. Албатта, дедим мен, агар ота-онанинг ўзбек тилига ҳурмати бўлмаса, шундай бўлади-да.

Бу сўзларимдан кейин ҳамма жим бўлиб қолди, ноқулай вазият юзага келганини сездим. Аммо, умумий кайфият тўй кайфияти бўлгани учун дарҳол мавзуни алмаштириб ўтиришни давом эттирдик.

Бир неча кундан кейин ўша аёл Зулфия ва Ҳамид Олимжоннинг, янглишмасам, Ҳулкар исмли қизи эканлиги, отасининг ўзбек тилидаги ижодини ўрганувчи олима бўлганини ўрганмасам, балки ўша воқеа тезда эсимдан ҳам чиқиб кетарди. Балки чиқмасди. Ҳар ҳолда чиқмасди. Шунинг учун бошқа бир воқеани эслатмоқчиман.

Мен 80-чи йилларнинг ўрталарида фан доктори бўлганимдан кейин, ўша пайтнинг қоидалари бўйича мени оила аъзоларим билан ҳукуматнинг поликлиникасига бириктириб қўйишди. Бир кун нима бўлди-ю ўғлимни поликлиникага олиб бордим. Врач жуда ҳам хуш муомала катта ёшдаги рус аёли экан. У боламни эрклаб “отнинг нима, ёшинг нечада, ширин болам” каби сўзлар гапирди. Табиий, русча гапирди. Ўғлим индамай турганидан шубҳаланган врач маъюслик билан мендан сўради: Ўғлингиз соқовми?

Йўқ, - дедим мен, мутлақо бепарволик билан, - у русчани билмайди. Шунда рус аёли соқов бўлиб қолганини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳукумат поликлиникасига боғланган оилаларнинг болалари ичида рус тилини билмайдигани бор бўлишини хаёлига ҳам келтирмасди у рус доктори. Чунки, бу даражага етиб келганларнинг болалари фақат рус тилини, баъзи ҳоллардагина икки тилни билишарди.

Мени тилимиз билан боғлиқ яна бир нарса ҳали ҳам ҳайрон қолдриб келади. Бу - исми-шарифимизнинг ёзилиши. Мана, мустақил бўлганимизга 17 йил бўлмоқда, ҳалигача фамилияларимизнинг русча ёзилишидан ҳеч ким воз кечмоқчи эмасдек кўринади. Биз ўз сайтларимизда кўпчилик исм-шарифларни русларнинг “ов” ва “ова”ларини ишлатмасдан ёзмоқдамиз. Ҳатто жорийдаги президентникини ҳам. Аммо, халқ бу масалад суст. Оммавий ахборот воситалари, ўзбек зиёлилари суст. Миллий шууримизнинг даражаси бундай муҳим масалада юксак эмаслиги ҳайратга арзигуликдир.

Айни замонда, ўта ибтидоий масалаларда шууримиз ишлаб қолганига ҳам ҳайрон қоламан. Мана биттагина мисол.

Биз 60-70 йил рус алфавитини бироз ўзгартириб ишлатиб келдик. Тилимизга русчадан кирган сўзларни ёзишда юмшатиш белгисини ишлатиб келганмиз. Ҳозир расман лотин алифбосига босқичма-босқич ўтишимиз ҳақида қонун ҳам қабул қилинган. Шундай экан, 60-70 йилдан бери ишлатиб келинаётган “юмшатиш белгисига” яна бир неча йил кўз юмсак бўларди. Аммо, кўриб турибмизки, ўзбек тилидаги матбуотда бу белги ишлатилмайдиган бўлибди. Ҳамма бунга миллий шууримизнинг юксаклиги, русча харфдан юз ўзиришимизнинг белгиси сифатида мағрурлик билан қараса керак. Қолган рус харфларини ишлатишни давом эттираётганимизни, бир харф ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини тушунмайдиган даражада ибтидоиймизми? Нима қиламиз, тарихимизни кирилда ёзилган материаллардан ўрганадиган авлодларимизнинг бошини арзимаган масалада қотириб?

Агар, миллий шууримиз юксаклигини намойиш қилмоқчи бўлсак, исми-шарифимиздаги русча қўшимчалардан воз кечайлик. Гап фақат матбуотда воз кечиш ҳақида эмас, одамлар расмий ҳужжатларини ҳам ўзгартиришлари кераклиги ҳақида. Мана бу - ҳеч кечиктирилмасдан қилиниши керак бўлган қадамдир.

22:30 - Шавкат Рўзимуродов: “Толиб ака Шовруқнинг руҳига хиёнат қилмасин”

“Мен интернет тармоғида Толиб ака Ёқубовнинг бир бўҳтон тарқатганини кеч билдим. Англашимча, Толиб ака иним Шовруқ Рўзимуродовга ёрдам бериш баҳонасида Абдураҳим Пўлат ва Васила Иноят унинг хонадонига етказилиши керак бўлган ёрдам пулини бермай юрганини ёзибди. Аслида бу ҳақда гап қўзғамоқчи эмасдим, аммо Шовруқнинг руҳи олдида беайб одамларга нисбатан туҳмат қилинганига чидай олмадим ва шуни маълум қиламанки, унинг оиласига сафдошлари томонидан кўрсатилаётган маблағнинг вақтида етиб келаётганига кафилман. Мустабид тузумнинг қурбони бўлган инимнинг руҳи Толиб акадан рози бўлсин”.

Албатта, бу каби оғир, айни пайтда ҳақиқат бўлган гапларни чоп этиш жўн иш эмас. Мухолифатимизнинг дарғаларидан бири бўлган Толиб Ёқубнинг сафдошларига туҳмат қилиш даражасида тубан кетганини эътироф этиш-да ўнғайсиз. Аммо Толиб аканинг забун ҳоли нечоғли аянчли бўлмасин, ҳақиқат юзага чиқиши керак. Шубҳасиз, ҳақиқатпарвар Шовруқ ҳам шуни истаган бўларди.

“Бирлик” фаоли калтакланди

Кечроқ олинган хабарга кўра, 28 февраль куни “Бирлик” Партияси Наманган вилояти бўлими фаоли Абдураҳмон Алиев Файзулло Жакбаров исмли киши томонидан қаттиқ калтакланган. Ҳозирда Тўрақўрғон тумани Марказий шифохонасининг травматология бўлимида даволанаётган сафдошимизга кўра, унинг калтакланиши сабабига ўзи ҳам тушунмайди.

У мухбиримиз билан суҳбатда ўзига нисбатан маҳалладоши аввал қўл кўтаргани, сўнгра пичоқ билан ўлдиришга пўписа қилганинг сабаби ҳам маълум эмас. Мазкур ҳодиса юзасидан туман ИИБга мурожаат қилингани, оғир тан жароҳати юзасидан тегишли хулосалар тақдим этилганига қарамай миршаблар бу ҳодиса сабаблари билан шуғулланишмаяпти. Афтидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари “Бирлик”чининг калтакланишидан манфаатдордек.

20:00 - Олтиннинг нархи минг долларга яқинлашмоқда

Ўтган йилнинг 27 ноябрь хабарларимизда 20 асрнинг 80-чи йилларидан бери фақат қийматсизланиб бораётган олтиннинг нархи янги аср бошларида 600-650 долларга тушгани, аммо сўнги йилларда нарх яна кўтарила бошлагани ҳақида маълумот берилганди. Ўша хабаримизда айтилганидек, олтиннинг 1 унцияси (28,35 грамм) ўша кунлари дунё биржаларида 800 доллардан сотилаётганди.

Шундан кейин ҳам олтиннинг нархи ошишини давом эттирди. Бугун, масалан, Нью-Йорк биржасида олтиннинг нархи 990 долларга чиқди.

Бу хусусда аввалги хабаримиздаги тахлилларни қайтаришдан фойда бор:

Ўзбекистон катта олтин заҳираларига эга, олтиннинг нархи дунё бозорида ошса, мамлакатимиз фойдасига бўлиши керак. Аммо, амалда нима бўлаётгани, олтинимиз ҳозир қаерга кетаётганини ҳеч ким билмайди. Турли тахминларга кўра, Андижон қонхўрлигидан сўнгра Россия президенти Путинга орқа қилиб тахтини сақлаб келаётган Ислом Карим олтин конларимиз ва улардан олинадиган фойдани тўла русларнинг қўлига топширган. Демак, олтинимиз мустақилликдан олдин халқимизга ҳеч бир фойда келтирмагани каби, ҳозир ҳам келтирмаяпти. Русларнинг нефтдан олаётган фойдалари олтин нархининг ошиши туфайли яна ҳам кўпаймоқда. Ўзбек олтини ҳисобига ҳам.

18:00 - Медведев Россиянинг президенти деб эълон қилинди ҳисоб

Россия Марказий Сайлов Комиссияси кеча бўлиб ўтган президент сайлови бўйича 99,5 % протокол кўриб чиқилгани ва номзодларга берилган овозларнинг қуйидаги тақсимотини эълон қилди:

Дмитрий Медведев - 70,23%
Геннадий Зюганов - 17,76%
Владимир Жириновский - 9,37%
Андрей Богданов - 1,29%.

Сайловнинг расмий ниҳоий натижалари 7 март куни маълум бўлади.

Ғарб дунёси матбуотининг бу сайловларга муносабати оддий: Россияда нодемократик сайловлар бўлиб ўтди, аммо янги президент билан ишламасдан бошқа илож йўқ. Айни замонда, баъзи мамлакатлар Россиядаги сайлов натижасига ўз муаммоларини нуқтаи-назарилдан қарамоқдалар.

Масалан, Япония Медведев ҳукмдорлиги вақтида шимолий ҳудудларини қайтириб олишга умид билдирса, Буюкбритания Россия билан тамомийла бузилган муносабатларини тиклаш умидини бу мамлакат Бош вазирининг Медведевга телефон қилиши воситасида билдирди. Гуржистон ҳам Россия билан муносабатларида кескин ижобий ўзгаришлар кутмоқда.

Лекин, амалда ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ. Медведев Путин чизган чизиқдан чиқмайди, Путин эса ўз сиёсатини Ғарб билан конфронтация қилиш, нефть ва газни сотишдан олган фойда ҳисобига Россияни кучайтириш асосида олиб бормоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону