25 February 2008
04:00 -
17:00 - Абдураҳим Пўлат: Болалар меҳнатини эксплуатация қилишни тўхтатишда ҳам "чумчуқни қассоб сўйгани яхши" 9:00 - Буюк хаёлпараст ва фирибгар Фидель Кастро диктаторликдан кетдими?
17:00 - Абдураҳим Пўлат: Болалар меҳнатини эксплуатация қилишни тўхтатишда ҳам "чумчуқни қассоб сўйгани яхши"

“Ҳаракат” сайтининг шу йил 17 февралдаги хабарида “Тошкентда мухолифатга яқин бўлган нодавлат ташкилотларнинг вакиллари иштирокида болалар меҳнатини эксплуатация қилиш масалаларига бағишланган фуқаролар жамияти вакилларининг Давра суҳбати ўтказилгани” ҳақида қисқа маълумот берилганди. 15 февралда ўтказилган бу конференция ким тарафидан уюштирилгани, кимлар унда қатнашгани маълум бўлмагани сабабли, у хабар сайтимизда чуқурроқ анализ ҳам қилинмаганди. Бу йиғилишнинг тафсилотлари маълум бўлгач, бу соҳани тушунадиган одамларнинг фикрини ёритишга ваъда берилганди, холос.

Кейинчалик “Центразия” сайтида эълон қилинган хабардан ўргандикки, бу йиғилиш-конференция “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” тарафидан уюштирилган ва унда “Эзгулик” жамиятининг аъзолари ҳам кузатувчи сифатида иштирок этишган.

Биринчидан, мен бундай долзарб масала бўйича йиғилиш ўтказилганини олқишлайман. Болалар меҳнатини эксплуатация қилиш - Ўзбекистон ва ўзбек халқига Совет давридан мерос бўлиб қолган иллатлардан биридир. Ундан қутилиш йўлини ўйлаётган ҳар бир одамга миннатдорчилик билдиришимиз лозим.

Иккинчидан, бу каби йиғилишларга муҳокама қилинаётган муаммонинг сабабини биладиган, бундан ҳам муҳими, бу муаммоларни ечиш йўлини тушунадиган мутахассислар таклиф қилинса эди, тадбирнинг самарадорлиги кескин ошган бўларди. Мен аминманки, бу конференцияда “Эзгулик”нинг ва бу каби муаммоларни уларнинг сиёсий жиҳатига кўз юмиб ечиб бўлмаслигини тушунадиган “Бирлик” Партиясининг вакиллари фаол қатнашса эди, ўша куниёқ қилинадиган ишларнинг аниқ режалари тузилмаса-да, уларнинг контур-шакллари белгилаб олинган бўларди.

Мен бу конференция материаллари билан танишиб шуни кўрдимки, болалар меҳнати нима учун қишлоқ хўжалигида, биринчи навбатда, пахтачиликда экспулатация қилинаётганининг сабаби мутлақо ўрганилмаган. Гўёки Ўзбекистон ҳукумати буни ҳавасга қилаётгандек. Шундай экан, чет давлатлар, масалан, Бангладеш ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатса, ҳукуматимиз ўз ҳавасидан воз кечaдигандек. Аҳвол асло бундай эмас.

Муаммонинг сабабини билмасдан туриб уни ҳал этиб бўлмайди. Муаммонинг сабабини ўрганиш учун бу соҳанинг мутахассислари ишга жалб қилиниши керак.

Мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман. Аммо, бу соҳага оид баъзи воқеаларнинг гувоҳи бўлиб қолганим учун, гаплашаётган мавзуимизнинг сабабини биламан. Муқаддас китобларимизда ҳам “Билган билан билмаган тенг бўладими” маъносидаги сўзлар борлигини эсдан чиқармайлик.

Мен билган воқеа ёки воқеалар қуйидагича.

Менинг ҳозирда марҳум тоғам Ҳосил Фозил машҳур энергетик олим эди. У киши Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзоси, маълум муддат Фанлар Акдемиясининг Илмий котиби, Энергетика институтининг директори лавозимларида ҳам ишлаганлар. Тоғам Олий ўқув юртини Ленинградда тугатиб, ўша ерда кандидатлик ва докторлик диссертацияларини ёқлаганлар, шунинг ҳам таъсирида бўлса керак, кўпчилик ўзбек олимлардан фарқли ўлароқ, давлат “катталаридан” ҳеч ҳайиқмас, муаммоларни ҳеч тараддудсиз ўртага қўя оладиган даражада ўзларига ишонар эдилар. Бу хусуcиятлари менга ҳам ўтган.

Тоғам Тошкентда яшасалар-да, Тошкентдан унча узоқ бўлмаган қишлоқда яшайдиган бизнинг оилада тез-тез бўлардилар. Биз ҳамма ака-укалар уларнинг таъсирида ҳаётимизни аниқ фанлар билан шуғулланишга бағишлаганмиз. Қайта қуриш йиллари сиёсатга ўтиб кетмасам эдим, мен ҳали ҳам илм соҳасидан чиқмаган бўлардим.

Қишлоқда яшаганим учун мактаб вақтида ҳар йили ҳаётимизнинг бир неча ойи пахта далаларида ўтарди. 2 сентябрь куниёқ ўқишлар тўхтатилиб, декабрнинг ўрталаригача, ҳатто қор остидаги пахтани терган йилларимиз бўлганди. Тоғам ўзлари директорлик қиладиган институт ходимлари билан бизнинг қишлоққа бир кунлик пахта теримига келиб туришганларини ҳам эслайман.

Ўша пайтда у киши пахта теримига ўқувчиларнинг жалб қилиниши - уларнинг саводига салбий таъсир қилиши тўғрисида гапирардилар. Кейин мен Москвага ўқишга кетдим. Ёзда таътилга келганимда ва бутунлай қайтганимдан кейин ҳам тоғам мактаб болалари ва талабалар ўқиш ўрнига пахта теришлари келажак учун қандай зарар эканлигини гапирардилар. Фақат гапириш билан чекланмаган, балки, имконлари доирасида вазиятга таъсир қилиш учун қаттиқ уринган эканлар.

Мен биринчи марта тоғамдан эшитганман - болаларни пахта теришга мажбур қилинишининг асосий сабаби - ҳукумат колхозлардан пахтани жуда арзонга сотиб олишидир. Агар энг меҳнатталаб бўлган пахта теримига етарлича пул берилса эди, катталарнинг ўзи пахтани кеча-кундуз демай териб олишарди. Аммо, бундай қилиш учун Москва пахтанинг биздан сотиб олиш нархини ошириши керак. Мустамлакачилардан буни талаб қилиш мумкинмиди? Йўқ, албатта.

Шунинг учун тоғам бошқа йўл танлабдилар. Ҳукумат одамлари олдига, ҳатто, ўша пайтдаги Компартия Марказкоми биринчи котиби Шароф Рашидов олдига кириб, болаларимиз саводсиз бўлиб қолаётганини олдини олиш учун ўзбек мактабларини 11 йиллик қилишни таклиф қилибдилар. Шундай қилинса, болалар пахта майдонларида йўқотган вақтларини яна бир йил ўқиш ҳисобига тўлатган бўлардилар. Аммо, ўзбек болаларини бир йил ортиқча ўқитиш - мустамлакачиларимиз бизнинг пахтадан олаётган фойдани камайтиради-ку. Шу сабабли ҳеч ким тоғамнинг бу талабларига қулоқ солмаган.

Ўзбекистон академикларидан биронтаси тоғамни қўллаб-қувватламагани ҳам диққатга сазовор. Чунки, улар ўзларича ақлли эдилар. Улар болаларни пахтага жалб қилмаслик пахтани сотиб олиш нархини ошириш ҳисобигагина бўлиши мумкинлигини тушунишар ва Москванинг ғазабидан қўрқишарди. Тоғам шундай воқеани айтиб бергандилар. Шу масала бўйича Шароф Рашидовнинг олдига кириш учун рухсат олиниб, қабул куни белгилангач, бир академик тўсатдан тоғам билан бирга қабулга боришга рози бўлиб қолибди. Агар янглишаётган бўлсам Оллоҳ ва у марҳум академикнинг руҳи кечирсин, ўша киши акдемик Саримсоқов бўлган. У қабул пайтида ҳеч оғиз очмабди. Тоғамлар ҳамма фикрларини айтиб бўлгач, Шароф Рашидов “Сиз нима дейсиз” дегандек Саримсоқовга бурилганда, у киши: “Узр, мен Сизни қабулингизга кириш учунгина Ҳосил Фозилов билан бирга келдим. Мени биласиз, республикамизда илмни ривожлантириш учун умримни бағишлаганман. Аммо, яқинда оила қурган қизимнинг квартираси йўқ. Менга ёрдам беринг”, дебди. Ўз олдига катта муаммо қуяётган академикларнинг қоқ ярми (икки кишидан бири) “чекинганидан” хурсанд бўлиб кетган Шароф Рашидов ўша ернинг ўзидаёқ квартира масаласини ҳал қилиб берибди. Аммо, табиий, тоғам кўтарган масала бўйича ҳеч нарса қилмаган.

Энди асосий мавзуга қайтсак. Тоғам ўзларича Москвани алдамоқи бўлганлар. Бу мумкин эмасди. Масаланинг ечими сиёсий эди. Балки, тоғам ҳам буни тушунардилар, аммо, турғунлик йиллари буни гапириб бўлармиди? Шунинг учун ҳеч бўлмаса боларимизни саводли қилиш устида ўйлаганлар.

Мен масалани сиёсий эканлигини тушунганим ва қайта қуриш йилларининг ҳавоси бунга имкон бергани учун, “Бирлик”нинг биринчи Декларациясини тайёрлаганда, унга иқтисодий мустақиллик масаласини киритдим. Иқтисодий эркинлик демократия шароитидагина самара беришини тушунганимиз учун “Бирлик” программасининг шиорини онгли равишда “Мустақил ва демократик Ўзбекистон учун” эмас, “Демократик ва мустақил Ўзбекистон учун” деб белгиладик.

Аммо, минг афсуски, ҳазир Ўзбекистонда демократия йўқ. Аввал Москва пахтамизни колхозлардан сув текинга сотиб олиш эвазига фойда олаётган бўлса, энди мустақил Ўзбекистоннинг номенклатураси фойда олмоқда. Улар шу фойда эвазига бой бўлишмоқда. Шундай экан, бу ҳукумат болалар меҳнатидан воз кечадими? Йўқ.

Тошкентда 15 февралда болалар меҳнатининг эксплуатациясига бағишлаб конференция ўтказган ҳуқуқ ҳимоячилари бир маҳаллар менинг тоғам қилган хатони такрорлашмоқда. Тан олиш керак, ўтган асрнинг 60-70-чи йилларида болалар меҳнатининг эксплуатация қилинишини сиёсий масала сифатида қўйиб бўлмасди. Шунинг учун тоғамни айблаш мумкин эмас. Аммо, бугунчи?

Бугун Ўзбекистон ҳукуматини очиқча диктаторликда айблашдан қўрқмаётган ҳуқуқ ҳимоячилари пахтачиликда болалар меҳнати эксплуатация қилинишини сиёсий масала сифатида кўтаришдан қўрқишадими? Йўқ, улар қўрқишмайди. Улар масланинг моҳиятини тушунмасдан бу ишга қўл уришган, холос.

Айтайлик, мўъжиза юз бериб, ҳуқуқ ҳимоячилари истаётгандек, Бангладеш ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатсин. Аммо, Ўзбекистон пахтасининг сотиб олувчи давлатларнинг асосийлари Россия ва Хитой-ку. Ўзбекистон ҳукумати Бангладеш олмаган пахталарини арзонроққа бўлса ҳам бу икки мамлактга сотаверади. Бундан яна деҳқонлар зарар кўради.

Демак, бу ишга масалани тушунадиганларни жалб қилиш керак. Масала шундан иборатки, болалар меҳнатини экасплуатация қилишга барҳам бериш учун Ўзбекистон ҳақиқий бозор иқтисодига ва демократик бошқарув усулига ўтиши керак. Бунинг учун эса, ўз навбатида, бор муаммоларни очиқча ҳукумат олдига қўя оладиган, ҳукуматни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қила оладиган мухолифат расмий сиёсий саҳнага чиқиши керак. Яъни, мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш, партиялар ва уларнинг минглаб аъзоларининг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш - ҳуқуқ ҳимоячиларининг биринчи ва асосий масаласига айланиши керак.

Бу - демократлар учун бирдан-бир йўлдир. Ўзбекистонда сиёсий тузумни ўзгартирмасдан туриб, болалар меҳнатини эксплуатация қилишни тўхтатамиз, деб уйлаш ўз-ўзини алдашдир.

Билишимча, яқинда Германияда шу масалаларга бағишланган конференция ўтказиш режалаштирилган. Агар у ерда ҳам масала Тошкентда 15 февралда қўйилгани каби қўйиладиган бўлса, яъни масаланинг сиёсий тарафига кўз юмилса, бу ўзбек демократияси учун катта мағлубият бўлади, масаланинг моҳиятини кўролмаётган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг обрўсига катта зарар етади.

Чунки, Ўзбекистон каби диктаторлик ёки яримдиктаторлик ҳукумрон бўлган давлатларда ҳуқуқ ҳимоячилари биринчи навбатда сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадилар. Акс ҳолда, уларнинг келажаклари йўқ.

9:00 - Буюк хаёлпараст ва фирибгар Фидель Кастро диктаторликдан кетдими?

Фидель Кастрони дунёда билмайдиган одам бўлмаса керак. Айни замонда, у тўғрисида ҳеч ким тўлиқ маълумотга эмасдек кўринади. Сабаби - бу шахснинг ёши саксонга яқинлашиб қолган диктаторлигидан бошқа ҳеч бир жиҳати муҳим эмас.

Кастро 5 кун аввал Кубанинг раҳбарлигидан истеъфога чиққани эълон қилганди. Бугун унинг ўрнига расман укаси Рауль Кастро ўтқазилгани маълум бўлди. Табиий, бундай “ўтқазиш” мамлакатнинг парламенти бўлмиш Миллий Ассамблеянинг қарори билан қонунлаштирилди.

Хўш, бу диктатор ким эди, ёши нечада, расмий лавозими нима эди? Бу саволларга жавоб беришнинг ўзи қийин. Бугун Кубадаги ўзгаришни хабар сифатида тарқатган энг машҳур агентликлар ҳам бу саволларнинг жавобини билмасликларини кўрсатдилар. Масалан, Reuters агентлиги 76 ёшли Куба президенти Фидел Кастронинг ўрнига Рауль Кастро сайланганини эълон қилди.

Аслида, Фидель Кастро энциклопедияларга кўра, 1926 йил 13 августда туғилган. Демак, у бир неча ойи кам 78 ёшда.

Тарихни эслайлик. Кубада 1952 йида генерал Батиста давлат тўнтариши қилиб, ҳарбий диктатура ўрнатди, деб ҳисобланади. 1953 йил 26 июлда уни Кастро бошчилигидаги революционерлар йиқитмоқчи бўлишди, аммо, муваффақиятсизликка учрашди. Агар, Куба диктатура бўлса, қўлга тушган Фидель Кастро дарҳол йўқ қилиниши керак эди. Аммо, уни суд қилдилар, судда буюк нутқ сўзлашга имкон бердилар ва 15 йилга қамадилар. Бундан ҳам қизиғи, 1955 йили уни амнистия билан озод қилиб, Мексикага чиқиб кетишига имкон бердилар. Шундай экан, Батиста режими диктатурамиди?

1956 йили Батиста режимига қарши қуролли кураш бошлаган Фидель Кастро 1959 йили ғалаба қозонди. Ана шундан кейин, Кубада қонли диктатура ўрнатилди.

У 1959 йилдан бери Бош вазир, 1965 йилда бери Куба Компартиясининг биринчи котиби. Уни баъзилар Давлат Кенгашининг раиси деб аташади, баъзилар президент дейишади. Бу хусусда турли энциклопедияларда ҳам умумий фикр йўқ.

Бир оғиз сўз билан айтсак, унинг расмий лавозими нима деб айтилишидан қатъий назар, у диктатор эди. Диктатор ўз диктаторлигини ўз ихтиёри билан топширишидек мантиқсиз воқеа бўладими? Бўлиши мумкин эмас.

Демак, Фидель Кастронинг лавозими нима эканлиги яна номаълумлигича қолаверса ҳам, у Кубанинг диктатори бўлиб ҳаётини давом эттириши аниқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону