13 January 2008
04:00 -
18:00 - Гуржистондаги сайловнинг расмий натижалари: Саакашвили янги президент 10:00 - “Бирлик” Партияси ва Абдураҳим Пўлат ўзбек мухолифатининг ўзгармас лидерлари
18:00 - Гуржистондаги сайловнинг расмий натижалари: Саакашвили янги президент

Бугун Гуржистон Марказий Сайлов Комиссияси 5 январда ўтказилган президент сайловининг расмий ниҳоий натижаларини эълон қилди. Уларга кўра, сайловда қатнашган номзодларга берилган овозлар қуйидагича тақсимланган:

Михаил Саакашвили - 53,4%
Леван Гачечиладзе - 25,6%
Бадри Патаркацишвили - 7,1%
Шалва Нателашвили - 6,4%
Давид Гамкрелидзе - 4,2%
Георгий Маисашвили - 0,7%
Ирина Саришвили - 0,1%.

Мухолифат ва унинг асосий номзоди Леван Гачечиладзе сайлов натижаларини тан олмасдан, иккинчи тур сайлови ўтказишни талаб қилмоқдалар. Мухолифатниг талаб ва турли баёнотларида тушуниб бўлмас мантиқсизликлар борлиги диққатга сазовор.

Агар сайлов натижалари тан олинмаса, у ҳолда иккинчи тур эмас, қайта сайлов ўтказишни талаб қилиш лозим эди. Бунинг устига, сайловлар сохталаштирилгани ҳақида мухолифат биронта жиддий далил келтирмаган. Ваҳоланки, ҳамма кузатувчи халқаро ташкилотлар сайлов демократик стандартларга мос шаклда ўтганини, баъзи жузий камчиликлар умумий ҳолатни ўзгартиролмаслигини айтмоқдалар.

Леван Гачечалидзенинг “Саакашвили тарафдори журналистларни журналист ҳисоблаб бўлмайди”, деган сўзлари бу сиёсатчининг анчагина ножиддий эканлигини кўрсатади.

Бугун Гуржистон мухолифати Тбилисида норозилик митинги ўтказишга бошлади. Мухолифат лидерлари норозилик митинги ва бошқа намойишлар “Саакашвили режими йиқитилгунча давом этишини” билдирмоқдалар.

10:00 - “Бирлик” Партияси ва Абдураҳим Пўлат ўзбек мухолифатининг ўзгармас лидерлари

Мавжуд партиялар ва лидерларнинг халқ орасидаги рейтингларини ўлчаш мақсадида сўровномалар ўтказиш - мустақил ташкилотларнинг иши эканлиги, шундай бўлса ҳам, турли сайтларда ўтказилаётган сўровномаларнинг натижалари маълум маънода аҳамиятга эга эканлигини аввал ҳам “Ҳаракат” сайтида ёзган эдик.

“Бирлик” Партияси ва унинг раҳбари Абдураҳим Пўлатга душманлик кайфиятида бўлган сайтларда ўтказилган сўровномлар натижаси ҳам ҳар доим “Бирлик” Партияси ва Абдураҳим Пўлат бошқалар билан солиштириб бўлмайдиган даражада юксак рейтингга эга бўлаётганини кўрсатгач, “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясига оид “Эркинюрт” ва “Узбекистанерк” сайтлари бекитиб ташалгани, Исёнкор ва Ватандош каби сайтлар сўровномалар ўтказишни тўхтатиб қўйишгани ҳам хабарларимиздан маълум.

Шу кунларда мухбирларимиз бу воқеаларниннг давоми деб ҳисобласа бўладиган янги маълумотларни қўлга киритишди. Танқидларимиздан кейин фаолиятни “музлатиб” қўйишга мажбур бўлган “Исёнкор” сайтининг ўзбекча “Сўровномалар” бўлими бўш бўлса ҳам, ўрисча “Наш опрос” бўлимида мавжуд партиялар ва мухолифат лидерларининг рейтингини ўлчашга қаратилган бир қатор ўзбекча саволлар ва уларга берилган жавобларнинг натижалари ҳали ҳам сайтда турган экан. Бу саволлар сайтга қачон қўйилагани номаълум. Балки, сайтнинг юритувчилари бошқа сўровномларни сайтдан олиб ташлашаётган пайтда бунисини унутишгандир. Аммо, булардан қатъий назар, у сўровноманинг натижалари кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий.

Агар сайт юритувчилари бу сўровномаларни назорат қилишни, тўғрироғи, унинг натижаларини ўзлари истаган йўналишда “ўзгартириб” туришни унутишган бўлса, демак, бу натижалар ҳақиқатга мос эканлиги шубҳасиз.

Дарвоқе, бу сайтдаги русча “Наш опрос” бўлимига бош саҳифадан кириб бўлмайди. Лекин, сайтдаги исталган бир материални очсангиз, у ерда “Наш опрос” бўлимини кўрасиз.

Русча исмли бу бўлимда ўзбек тилида 3 савол берилган. Биринчи савол шундай: “2008 йилда Ўзбекистон президент ким бўлади?” Кўпчилик “Абдураҳим Пўлат” деб жавоб берган бу саволнинг бугун актуаллиги йўқ.

Лекин қолган икки саволнинг жавоблари яна “Бирлик” Партияси ва унинг раисини олдинга олиб чиқаётгани ғоят табиий бўлса керак. Тўғри, бу сайт ҳозир кўпчилик ўзбеклар тарафидан ўқилмаслиги, бунинг устига, ундаги саволлар бош саҳифадан кўринмаслиги сабабли, овоз берганларнинг сони оз. Шунда бўлса ҳам, улар етарлича қизиқарли.

“Сизнингча қайси партия халқ манфаати учун ишлайди?” саволига берилган овозлар cонининг шу дақиқадаги тақсимоти қуйидагича:

Партиянинг номи/кун….10 янв, 2008……13 янв, 2008

"Эрк" партияси………………13……………….16
"Бирлик" ХҲ партияси………27………………34
"Адолат" СДП..………………..1……………….1
"ХДП"…………………………...0……………….0
"Озод деҳқонлар"……………..3……………….3
ЎзЛДП…………………………..2……………….2
бошқа партия………………….2……………….3

“Сизнингча ўзбек мухолифатининг лидери ким?” саволига берилган овозлар сонининг шу дақиқадаги тақисимоти қуйидагича:

Исм/кун……………………..10 янв, 2008……13 янв, 2008

Абдураҳим Пўлатов…………….23……………….30
Муҳаммад Солиҳ………………...7……………….10
Жаҳонгир Маматов………………4………………..4
Муҳаммадбобир Маликов……….1……………….1
Баҳодир Чориев………………….2………………...2
Ҳазратқул Худойберди………….1………………..1
бошқа одам……………………….5………………...6

Бу хабар эълон қилиниши билан сайт эгалари натижаларни ўзлари истаган йўналишда ўзгартиришга тушишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ўқувчиларимиз воқеаларни ўзлари кузатиб боришлари мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону