Мен Адамбоева Барно Жумабоевна 1980 йил Туркманистон Республикасида туғилганман, миллатим ўзбек, маълумотим олий, Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман, 1 нафар фарзандим бор, ҳозирги кунда болам ёшлиги туфайли унинг тарбияси билан бандман.
Шу кунга қадар қўни-қўшнилар билан тинч-тотув, яхши ва ёмон кунларда бир-биримизга ҳамнафас бўлиб, яшаб келаётган эдик. Аммо, 2012 йил 19 июль мен учун бир умр унитиб бўлмайдиган, қора кун бўлди. Қўшниларимдан бири бўлган Қораев Санжар ва унинг оила-аъзоларининг ҳеч бир сабабсиз калтакларига дуч келдим. Балки Қораевлар учун бу жангарилик оддий бир кундалик воқеадир, аммо мен учун инсоний қадр-қимматим топталган, аёллик шаъним, ғурурим ер билан тенг бўлган чин фожеа бўлди.
Аёл, она, қолаверса, инсон сифатида мен учун сизнинг фикрларингиз жуда муҳим. Ҳўрлик ва ҳорликда кимга дардимни айтишни билмай, жамоатчиликка ва Қораевлар аъзо бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилотига мурожаат қилишга қарор қилдим.
Азизлар, бўлган воқеани борича ҳукмингизга ҳавола қиламан, 2012 йилнинг 19 июль куни соат 10:30лар атрофида уйимнинг олди томонидаги қуриган дарахт шохларини олдираётган вақтимда Қарши шаҳар «Маҳоллот» маҳалласи Ёшлик кўчаси 1-уйда яшовчи (мен яшаётган манзил атрофига умуман алоқаси йўқ бўлган шахслар) Пўлатова Зилола - «Нега қуриган дарахт шохларини кесаяпсан» баҳонасида мен билан уруш, жанжал бошлади ва мени оғзига турмас сўзлар билан ҳақорат қилди. Ўша вақтнинг ўзида Пўлатова Зилоланинг турмуш ўртоғи Қораев Санжар бу жанжалга аралашиб, менинг бошимга мушти билан уриб, судраб, ура кетди. Уларнинг ўғли Бархаёт мени қўлимдан ушлаб туриб, онаси Зилола билан бирга менга оғир тан жароҳати етказишди. Баданимнинг шилинмаган ва кўкармаган жойи қолмади (тиббий экспертиза хулосасида барчаси қайд этилган).
Бўлиб ўтган воқеадан сўнг, Қораев Санжар ва унинг оила-аъзолари, қолаверса ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, деб билган Санжар Қораевнинг синглиси Гулшан Қораевалар томонидан маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар орасида мен ва менинг оила-аъзоларимга нисбатан тарқатилаётган бўҳтондан иборат ҳақоратли сўзларга шу кунга қадар чидаб келдим.
Қўшниларим «Қўйинг, ёмонлар билан тенг бўлманг, жазосини худо берсин» - дея мени овутишди. Яхшиям эрим хабар топиб касалхонага ётқизди, врачларнинг талаби билан тиббий экспертизадан ўтдим, тегишли идораларга мурожаат этдим. Ўйлайманки адолат қарор топади.
Ўзларини мусулмон, деб билган Қораевлар беш вақт номоз ўқиб туриб, ожизани ўлар ҳолатда дўппослашлари, оғзда тутиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлашлари мусулмончиликка тўғри келармикан? Афсуски, улар ислом динини ниқоб қилиб олган шайтон малайларига ўхшайдилар.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисимиз, дея ўз мақсадлари йўлида товламачилик билан иш тутаётган Қораевлар аслида ким? Ожиза аёлни уч киши бўлиб, умуман алоқаси йўқ бўлган ҳудудга ҳўжайинчилик қилганликлари, уйим ёнида дўппослашлари адолатданми? Тан жароҳатимдан сўнг, олти кеча-ю, етти кундуз ёш болам билан шифохонада оғриқдан азоб тортиб ётганимда, Пўлатова Зилола ва Гулшан Қораевалар томонидан маҳаллада тарқатилган бўҳтонлар ҳақиқатми? Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман, мени «келгинди» деб ҳақоратлашлари, қўлидан ҳеч бир иш келмайди, дея тазйиқ ўтказишлари адолатданми? Улар аслида кимлар? Текинтомоқларми? Ёки ўзгаларнинг малайларими?
Унда эшитинг ҳақиқатни. Бир воқеа эсимга тушди. Бундан бир йилча аввал, маҳалламиз кўчасида Гулшан Қораевани учратиб қолганимда, у менга ҳорижий давлат фуқароларини кучукка эътибори баландлигини, ушбу жониворни асраб, авайлаб боқишларини сўзлаб бериб, ўзининг кучуги ўлиб қолганлигини, бу тўғрисида Интернет саҳифаларида ҳукумат идоралари томонидан кучуги ўлдирилиб кетилган, деб ёлғон маълумот билан бирга кучугининг расмини берганлигини айтиб, натижада ҳориждан кўпчилик ҳамдардлик билдиришди, деб ўз ишидан мамнун бўлиб баралла «ҳо-ҳо»лаб оғзини катта очиб кулган эди. Кейинроқ, тушуниб етибман, у шу орқали Ўзбекистонни қолаверса, тинчлигимизни таъминлаб келаётган идораларни обрўсизлантириб, хориждаги раҳнамолари олдида ўзига эътибор қаратмоқчи ва сохта бўлсада обрў орттирмоқчи бўлган экан.
Гулшан, нега ростини айтмайсан? Ахир сенинг кучугинг кўчадан уйга келмасдан, шаҳардаги барча ахлатхоналарни сайр қилиб чиқар эди-ку. Ахлатхонадан касал орттирган кучугингнинг ўлимидан ҳам ўз мақсадларинг йўлида фойдаланган экансан-да.
Ёки яна бир воқеа, шу йилнинг январь ёки февраль ойлари эди. Маҳалламизда электр токи узилиши бўлганда, сизлар инсонларни ҳимоячиси, деб билган Гулшан билан шаҳар электр тармоқлари ташкилотига борган эдик. Бу воқеа Гулшаннинг ҳам ёдида бўлса керак. Электр таъминоти ташкилотига Гулшаннинг қилган хархашалари (шантажлиги) ва ҳақоратлари натижасида бутун маҳаллага дейсизми? Йўқ, фақат қўштирноқ ичидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган Гулшан Қораевага электр токи бошқа линиядан тортиб келиниб берилди. Нега бутун маҳалла электр токи билан таъминланмади ўшанда? Нега Гулшан бошқалар учун жон куйдирмади? Қишнинг совуғида унинг уйига номаълум машиналарда тўкилган кўмирлар қаердан келди? Мана сизга жавобсиз саволлар. Нега бу саволларга Гулшан Қораева мард бўлиб, шантажлигим орқасидан келаяпти булар деб айта олмайди? Нега маҳалладаги яқин қўшнилари унинг мақтаниб сўзлаб бераётган ёлғондан иборат гапларига оғзларини очиб қулоқ тутиб туришади?
Айни вақтда бошимда бир дунё савол...
- бу инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилоти аъзолари қандай инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя килади?
- бу инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари вакиллари мени ҳам инсон, деб билармикан?
- менга ўхшаш оддий инсонларни хўрлаш, калтаклаш, ҳақоратлаш каби жиноятларни содир этиш ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳуқуқига кирармикан?
- агар кирса, уларга бу жиноий ҳуқуқларни ким берган?
Ҳали вақти келиб Қораевлар оиласи ҳаммасига жавоб беришади. Ахир емоқнинг қусмоғи ҳам бор. Мени қарғишим урсин сизларни. Илоҳим акаларингга ўхшаб ватангадо бўлинглар.
“Ҳаракат” таҳририятидан: Ҳурматли Барно Адамбоева. Туппа-тузик демократик мамлакатларнинг юқори лавозимдаги мулозимлари ичидан ҳам вақти-вақти билан порахўр ва коррупционерлар чиқиб туради, улар қўлга тушгач жазоланади. Худди шунга ўхшаб, ҳуқуқ ҳимоячилари ичида ҳам ўғри ёки нопок ярамаслар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Масалан, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг ичида бош ўғри - тожик аслли Суҳроб Исмоиловдир. Вақти келади, унинг жойи қамоқхонада бўлади.
Аввалига яхши ишлар қилиб юриб, кейин нопокликка, ҳаромийликка ўтган Толиб Ёқуб каби одамлар ҳам, минг афсуски, бор. Сиз айтаётган Қораевлар ўша Толиб аканинг уруғидан чиққанлардир.
Гулшан Қораеванинг кучугини ўлиши ҳақидаги латифасимон ҳикоянгиз тарихда қоладиган воқеа. Аммо, бу турдаги ягона воқеа эмас. Масалан, ҳуқуқ ҳимоячиликка даъво қилаётган Шуҳрат исмли одам, АҚШга қочқин сифатида кўчиб келгандан бери, ЦРУ агентлари кечалари келиб, унинг велосипедининг ғилдирагини тешиб кетишаётганини жиддий шаклда иддао қилади. Елена Урлаева деган ҳуқуқ ҳимоячи бир неча кунга мусулмончиликка ҳам ўтиб, руҳий касалхонада ётиб чиққандан кейингина ўзининг алданганини иддао этгани ҳам ҳаммага маълум. Шуҳрат ҳам, сизнинг Гулшан деб атаган аёлингиз ва бошқа Қораевлар ҳам, руҳий касалхонага ётқизилиши керак.
Аммо, шуни унутманки, меванинг ичидан ҳам чириганлари, яъни, касаллари чиқиб туради. Ҳуқуқ ҳимоячилари ичида ҳам бундай касаллар бор бўлишига қарамасдан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида мардларча кураш олиб бораётган улуғ инсонлар кўп. Айнан уларнинг қадрига етишимиз керак. Келинг, Сиз ҳам ўшалар сафига қўшилинг.