18 July 2012
01:25 - МТС мобиль оператори билан юзага келган вазият ҳукуматнинг нўноқ сиёсати маҳсулидир (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №24, 17.07.2012)
Мамлакатдаги энг йирик мобиль оператори — МТС-Ўзбекистон билан юзага келган вазият, қарийб 10 миллион кишининг бир неча соатлар ичида уяли алоқа воситаси хизматисиз қолиши тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукуматининг примитив сиёсати маҳсулидир. Бинобарин, мамлакатнинг деярли тенг ярим аҳолисини ҳеч бир огоҳлантиришсиз, оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилмасдан алоқадан маҳрум қилиш ўзига хос ижтимоий бесаранжомликни юзага келтираркан, кишиларнинг ҳаловатини бузишни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг кўрсатмасига биноан бугун кечки 18:00 дан бошлаб 9 миллиондан ортиқ абонентга эга бўлган МТС уяли алоқа операторининг Ўзбекистонда алоқа ва интернет хизматларини тақдим этиш тўхтатилди. Жумладан, маҳаллий ва халқаро қўнғироқлар, СМС жўнатиш, роуминг хизматлари ҳам. Агентликка кўра, компанияда молиявий қинғирликларга қўл урилибди, компания раҳбарияти ўзига хос коррупцион доира ясаб, мафиялашиб кетибди. Давлат манфаатларига бир неча йил давомида 500 миллиарддан ортиқ зарар етказибди. 200 дан ортиқ станцияларни ноқонуний равишда қуриб, мижозларни сифатсиз уяли алоқа воситаси билан алдаб келибди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бу ҳақда бонг урмоқда.

Бўлса бордир, МТС раҳбариятининг жиноятларини ҳеч бир йўл билан оқлаб бўлмайди. Аммо бугун бош кўтараётган Бош прокуратура, ҳукумат МТС-Ўзбекистон маъмурияти 100, 200, 300 миллиардни чўнтакка урганда қаёқда эди? 50, 100, 150 та станцияни бунёд этганида қаёққа қараётганди? Ёки МТСнинг Москвадаги раҳбарияти таъкидлаётгани каби Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракатларида ғараз борми? Нега мобиль оператори устидан жиноят иши қўзғатилиб, йирик коррупцион халқалар парчаланаётгани ҳақида Ўзбекистон ТВ, радиоканаллар ва вақтли матбуотда билдиришлар берилмайди? Нега?..

Негаки, бутун дунёда “мижоз доим ҳақ” деган тушунча мавжуд. Жумладан, Ўзбекистонда, унинг қонунларида ҳам. Назаримизда, ҳукумат ана шу “тушунча”ни тушунишни хоҳламаяпти. Мобил хизматларининг ҳар бир дақиқаси учун аввалдан ҳисоб-китоб қилиб, компания, у тўлаётган солиқлар орқали ҳукуматни боқиб келаётган мижозларга нисбатан ноҳақлик қилинаётганини тан олмаяпти. Ҳолбуки, ҳукумат ҳеч бир огоҳлантиришсиз фуқароларни алоқадан маҳрум қилиб, истеъмолчи ҳуқуқини поймол қилаётганидан ташқари хавфсизлик, мудофаа соҳасида хизмат қилаётганларни ҳам муайян маънода чалғитиб, осойишталигимизни хавф остида қолдирмоқда. Ахир, озмунча давлат хизматчилари МТСнинг корпоратив хизматларидан фойдаланадими?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Бош прокурорини юзага келган вазият бўйича изоҳ беришга чақиради.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону