давлат сифатида яратилган кун
давлат сифатида яратилган кун
17:00 - Украинада парламент сайловларининг ниҳоий натижалари эълон қилинди, зарғалдоқчилар олдинда
Сайловлар 30 сентябрда ўтказилган бўлса ҳам, анчагина мўрт ғалаба зарғалдоқчилар тарафидан бўлиши маълум бўлгач, Москва тарафдори Регионлар партияси майдароқ партияларнинг қўли билан зимдан кураш олиб борди ва имкон борича сайлов натижаларини тан олдирмасликка роса ҳаракат қилди. Аммо, “Бирлик” Партяси лидери Абдураҳим бир неча марта сайтимизда ёзганидек, Украина президенти Виктор Юшченко позицион ўйинларнинг устаси эканлиги яна бир марта намойиш қилинди.
Бугун Марказий Сайлов Комиссияси сайловнинг ниҳоий натижаларини эълон қилишга, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мажбур бўлди. Уларга кўра партия ва сиёсий блоклар олган овоз ва парламентдаги ўринларининг тақсимоти қуйидагича:
Регионлар Партияси – 175 ўрин (34,37% овоз)
Юлии Тимошенко Блоки – 156 (30,71%)
“Бизнинг Украина - Халқ мудофааси” блоки – 72 (14,15%)
Коммунистик – 27 (5,39%)
Литвин Блоки – 20 (3,96%).
450 кишилик парламентда зарғалдоқчилар 228 ўринга эгалар. Назарий жиҳатдан улар парламент раисини сайлашга ва Бош вазирни тайинлашга кучлари етади. Аммо, уларнинг ичида ҳам ички ўйинлар борлиги сабабли сиёсий кураш давом этади. Муҳим бўлгани, бу курашда ташаббус зарғалдоқчиларда.
7:00 - Ўзбекистон яратилган кун ва Абдураҳим Пўлатнинг табриги
1991 йил 27 октябрь куни қўшнимиз Туркманистон ўз мустақиллигини эълон қилган. Бироз аввал, яъни 30 августда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилинган эди. Аммо, ўша пайтдаги президентлар Сапармурод Ниёзов ва Ислом Каримов СССРдан чиқишни ўйлаб ҳам кўришмаган. Бизда эълон қилинган мустақиллик СССР ичидаги мустақиллик эди.
Россия, Украина ва Белорусия ўша йили 8 декабрда Беловежские Пушчида ўзлари 1922 йил 30 декабрда тузган СССРнинг тарқатилганини эълон қилганларидан кейин, ҳамма қатори биз ҳам СССРдан мустақил бўлиб қолганмиз.
Ўзбекистон аслида мустақил мамлакат сифатида 1924 йил 27 октябрда ўша пайтдаги СССР парламенти Ҳайъатининг ролини ўйнаган Бутуниттифоқ ижроия комитетининг қарори билан яратилган. Дарвоқе, Туркманистон ҳам.
1925 йилнинг 2-3 май кунларида Ўзбекистоннинг биринчи Олий Совети ўз конституциясини қабул қилган. У Конституцияда Ўзбекистон мустақил давлат сифатида СССРга кириши алоҳида урғуланган.
- Булар ҳаммаси қоғоздаги ишлар бўлгани учун бу саналар билан Совет замонида ҳеч кимнинг иши йўқ эди, - дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. - Биз Москвада ўқийдиган ўзбек миллатчи студентлар Ўзбекистоннинг яратилиш кунини балки тарихда биринчи марта ўтган асрнинг 60-чи йиллари ўртасидан нишонлашга бошлаганмиз. Табиий, бундай байрамимз борлигини Ўзбекистонда ҳеч ким билмасди ҳам. Бир марта мен ўқийдиган Москва Энергетики Институтининг Маданият саройида Ўзбекистон тузилган кунининг йиллиги муносабати билан мингдан ортиқ ўзбек студентининг иштирокида муҳташам мажлис ва концерт уюштирганмиз.
Яна эсимда қолган муҳташам татанали кечани икк-уч юз ўзбек аспиранти ва студентининг иштирокида мен яшайдиган СССР Фанлар Академиясининг Вавилов кўчасидаги аспирантлар ётоқхонасининг катта ошхона залида 1970 йил ўтказганмиз. Мен ва бир аспирант қиз Эркин Воҳиднинг “Ўзбегим” шеърининг тўртликларини галма-галдан ўқиганимизда йиғилиш қатнашчилари ичида яшаган туғённи бу кунлардан қараб тушуниш қийин. Эслатиш керакки, бу шеър расман эълон қилинган бўлса ҳам, Ўзбекистонда феълан тақиқланган эди.
Тахминан 700 кишилик ётоқхонада биз ўзбеклар нисбий сони жиҳатидан биринчи эдик. 1970 йил 22 апрелда эълон қилинган аҳоли сонини санаш натижаларига кўра, СССРда ўзбеклар сони бўйича 3-чи ўринга чиққанидан руҳланиб кетиб, раҳбариятнинг қаршилигага қарамасдан ётоқхона Аспирантлар Кенгашининг раиси қилиб ичимиздаги бирдан бир партия аъзоси бўлган Эркин Муродовни сайладик. Каримов замонида қисқа вақт Молия вазири ҳам бўлган Эркиннинг аспирантура муддати бир неча ойдан кейин тугагач, мени раис қилиб сайлашди.
Армани миллатчилари, уларнинг ичида партия аъзолари кўп эди, менинг КПСС аъзоси эмаслигимни баҳона қилиб, бизга қарши жанг бошлашган. Баъзи эси пастлар учун эслатиб қўйишни истардим, Совет жамиятида ўзбекнинг ўрнини ҳимоя қилиш учун ўша пайтда партия аъзоси бўлиш мутлақо кераклигини, партияга аъзо бўлиш коммунист бўлиш эмаслигини ўшанда тушунганман. Биз ўзбек аспирантларнинг ичида эса, Эркиндан бошқа биронта партия аъзоси бўлмаганди. Бу мақтанадиган нарса эмас, ўзбекларнинг сиёсий пассивлигини кўрсатувчи факторлардан биридир.
Ўша пайтда СССР Фанлар Академияси Президими партия ташкилоти котиби Сагоян исмли армани эди. Академия Президиуми ва ётоқхонамиз жойлашган Москванинг марказидаги Октябрь райони райкомнинг мафкура бўйича котиби ҳам армани бўлган. Улар ётоқхонада яшовчи ўз арманиларини қўллаб қувватладилар ва очиқдан-очиқ “Аспирантлар кенгашининг раиси партия аъзоси бўлиши керак”, деб туриб олдилар. Мен уларга бўйсинмадим.
Биз бўш келмаганимиздан кейин воқеа катта сиёсатга айланиб кетди. Фанлар Академиясининг Президенти, дунёга машҳур олим Келдишга ҳам воқеани етказишибди, унинг ёрдамчиси мени чақириб, суҳбатлашган. Менинг домлам, ҳозир Россия Фанлар Академиясининг академиги Дмитрий Поспелов менга “Партия органлари сенга миллатчилик айби қўйишмоқда, аспирантурадан ҳайдалашинг аниқ, мен бир нарса қилолмайман, аммо, қамалиш хавфинг ҳам бор”, деди. Мен аспирантурасида ўқийдиган дунёга машҳур Ҳисоблаш Марказининг партком котиби - СССРда энг ёш Ленин мукофоти лауреати бўлган олимлардан, ҳозир у ҳам академик, Юрий Журавлев ҳам шундай хавф борлигини айтиб, менга аспирантурани ташлаб тинчгина кетишни таклиф қилди.
Аммо мен ҳамма нарсага қарши бу курашни ютиб чиқдим. Гап қандайдир Аспирантлар кенгашининг раислигида эмасди. Сони жиҳатидан СССРда учинчи ўринга чиққан, ётоқхонада нисбий кўпчиликка эга бўлган ўзбекларнинг бошқаларга таслим бўлишига чидай олмасдим, ўзбеклигим, миллий ғурурим бунга йўл бермасди.
У кунги воқеаларни қадамма-қадам сўзласам, роман ёзилади. Ҳозир қисқа бўламан. Бу кураш натижасида, арманиларнинг шундай шармандасини чиқардикки, улар ҳозир ҳам ўша кунларни эслашса, лабларига учуқ тошса керак.
Ёшим 25-26 да ва ўзим партия аъзоси ҳам бўлмай туриб, арманиларнинг иккинчи қалъаси ҳисобланадиган Москвада коммунист арманиларнинг шундай тегирмонларидан бутун ва ютуқ билан чиққан эканман, Каримовнинг ёрдамида 1989 йилда мен қарши ўйин қилган Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасан каби 53-54-чилар, бугун бир тожикнинг итию унга ўхшаш итбалиқларга суяниб исломий, баъзи тушунмаган мусулмонларга тегиб кетмасин деб аниқлаштирмоқчиман - ҳизб-ут-таҳрирча ўйин қилмоқчи бўлган Баҳром ва Исмоил каби ҳали рақамли тамғалар олишга улгурмаган укаларимнинг устидан кулгим келади.
Майли, нима бўлса ҳам, бугун тарихимиздаги муҳим кунлардан бири. Москванинг амри билан бўлса-да, тарихда биринчи марта Ўзбекистон номли давлат яратилиши 83 йил аввал айнан бугун бошланган. Биз буюк бир ишнинг давомчиларимиз, халос. Елкамизга тушган вазифани шараф билан бажариш миллий бурчимиздир.
Ҳаммани бу кун билан табриклайман.