09 June 2012
17:12 - Тилшунос олим Азиз Ҳожиев оламдан ўтди, ўзбек тили учун кураш кетаёган йиллари у қаерда эди?

Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Азим Ҳожиев 79 ёшида вафот этди, дейилади Президент Ислом Карим, Бош вазир Шакат Мирзиё ва бошқа бир қатор расмийлар тарафидан имзоланган таъзияномада. ЎзА унинг матнини кеча кечқурун эълон қилди.

Таъзияномада Азиз Ҳожиевнинг ўзбек тилшунослигини ривожлантириш йўлидаги буюк хизматлари эътироф этилади.

Бу олим 79 ёшида вафот этган экан, бундан 23 йил аввал, яъни “Бирлик” халқ ҳаракати расмий саҳналардан аста-секин, аммо собитқадамлик билан сиқиб чиқарилаётган Ўзбек тилининг келажаги учун очиқча кураш бошлаган пайтда, 56 ёшда бўлган. У ўша пайтдаёқ ўзи ишлаётган соҳанинг ўлиб бораётгани, ўзбек тили ўлдирилаётгани, ўзбек тили бўйича аспирантлар олиш феълан йўқ бўлаётгани, айниқса шаҳарларда ўзбеклар болаларини оммавий равишда рус мактабларига бераётгани ва бошқа шу каби нарсалардан хабари йўқмиди, ажабо.

 

Ҳарҳолда хабари бўлган бўлса керак. У ҳолда, нимага “Бирлик”нинг бу курашига қўшилмади, ёки қўшилмаса ҳам, бирон жойда ўзи ўзбек тилини ҳимоя қилмади? Дарвоқе, мустақил бўлганимизга 20 йидан ошган бўлса ҳам, нега у киши ўзбекча исмидаги русча “ов”ни отмади?

“Бирлик”нинг кураши натижасида Ўзбек тили давлат тили мақомини олмаса, “Бирлик” ва бошқа хумҳуриятдаги халқ ҳаракатлари ҳамда фронтларининг саъй-ҳаракатлари билан СССР йиқитилмаса эди, ҳозиргача “Ўзбек тилшунослиги” номли соҳанинг ўзи ҳам ўлган бўларди, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳам аллақачон бекитилиб ташланарди.

Марҳум Азиз Ҳожиевнинг Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги, демак, Ўзбек миллати олдидаги хизматларини гапириб туриб, Ўзбек тилининг ўлдирилаётган даврдаги тарихини, Азиз Ҳожиев ўша пайтда нима қилганлигини эсламаслик иккиюзламчиликдир.

Қирғизистонда ўзбекларга қарши бошланган ва ҳали ҳам давом этаётган геноцидни кўриб туриб, оғзини ҳам очмаётган Ўзбек миллати миллат сифатини йўқотиб бораётган бу кунларда, минг афсуски, бировларнинг ўлими муносабати билан ҳам аччиқ ҳақиқатни ёзишга мажбурмиз, тўғрироғи, маҳкуммиз. Агар миллат бўлиб қолишни истасак, табиий.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону