22 October 2007
03:00 -
17:00 - Референдумдан руҳланган Бақиев ақаевчилар мухолифатини тор-мор қилмоқда 11:30 - Самарқандлик “Бирлик” фаоли паспорти учун курашни давом этирмоқда 11:00 - Сайлов комиссиясининг қарорида шикоятга
17:00 - Референдумдан руҳланган Бақиев ақаевчилар мухолифатини тор-мор қилмоқда

Кечаги референдум натижалари тамомийла ўзи истаган йўналишда муваффақият қозонганидан куч олган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев бугун парламентни тарқатиб юборди. Бунинг учун баҳона сифатида парламент ва Конституцион суд ўртасидаги келишмовчилик ва бундан келиб чиққан сиёсий кризис кўрсатилган бўлса ҳам, аслида, бунинг сабаби бошқачароқ.

Маълумки, бугунгача ишлаб келган парламент Асқар Ақаев замонида, яъни 2005 йилнинг баҳорида сайланганди. Шу сайловларга норозилик билдирган мухолифат бу мамлакатда рангли инқилоб қилиб, Асқар Ақаевни Москвага қочишга мажбур қилган бўлса ҳам, парламент тарқатилмаган эди. Ўтган икки йил ичида парламант Бақиевга баъзида очиқдан-очиқ, баъзида бир оз бекитиб мухолифатчилик қилиб келди. Бунинг устига аввал Бақиевнинг сафдоши бўлган Феликс Кулов мухолифатчига айланди. У ақаевчиларга қўшилмаган бўлса ҳам, Бақиев учун бош оғриқларидан бири бўлди.

Бундай шароитда, кечаги референдумда мутлақо кўпчилик, ҳатто кутилгандан ҳам кўп қирғизистонликлар (75%) президент ваколатларини орттиришга ва парламентни партиялар рўйхатлари бўйича ўтказишга овоз бергандан кейин Бақиев ҳужумга ўтди. У бугун парламентни тарқатиб юборди.

Феликс Кулов бу йил Россия-Белорусия Иттифоқига қўшилиш ташаббуси билан чиқиб катта хато қилган ва феълан сиёсий мурдага айланганди. Демак, Бақиев хамма рақибларини ютиб, кучли президентга айланди.

- Бақиев ҳамма ҳаракатларини конституция ва демократик принциплар доирасида қилди. Унинг ютуқлари бизга қўшни бўлган мамлакатда барқарорлик учун хизмат қилади, деб умид қилиш керак, - дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. – Аммо, Бақиев артрофидаги диктатор ва авторитар режимлар таъсирида ва ҳозирги ғалабаларидан руҳланиб кетиб, демократиядан чекиниши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан 15 йилча аввал, АҚШда чиқадиган машҳур Ньюсуик журнали менинг “Ўзбекистонда нима бўлса, Марказий Осиёда ҳам шу бўлади. Бизда диктатура мустаҳкамланса, атрофда ҳам шундай бўлади, демократия ривожланса, қўшниларимизда ҳам ривожланади” деган сўзларимни эълон қилганди. Қозоғистондги ва Ақаев замонида Қирғизистондаги жараёнлар менинг тўла ҳақ эканлигимни кўрсатган. Агар Бақиев президентлигида Қирғизистон биздан фарқли ўлароқ демократияни ривожлантириш йўлидан кетса, мен башоратларим бирнчи марта тўғри чиқмаганидан хурсанд бўлардим, халос.

11:30 - Самарқандлик “Бирлик” фаоли паспорти учун курашни давом этирмоқда

Аввалги хабарларимизда “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Холиқназар Ғаниевни Cамарқандда маҳаллий органлар томонидан таъқиб қилиниши, хусусан, унинг паспорти қонунсиз олиб қўйилганини билдиргандик. Холиқназар ака яна бир марта ўзи яшайдиган Жомбой тумани ҳокими А.Нурқулов ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Раҳматовга ёзма шаклда ариза ёзиб, паспортини дарҳол қайтариб берилишини талаб қилди. Унинг бу икки расмий шахсга ёзган айри-айри аризалари шундай тамомлаган: “Мазкур воқеани менинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларимнинг қўпол равишда бузилиши, инсоний қадр-қимматимга нисбатан ҳурматсизлик деб биламан ва дарҳол паспортим ўзимга қайтарилиб, жавобгарларнинг жазолинишини талаб қиламан”.

“Бирлик” Партияси ўз лидерларига нисбатан бошланган бу янги шаклдага босим-тазйиқлар бўйича халқаро ташкилотларга мурожаат қилишни режалаштирмоқда эканлиги ҳам маълум бўлди.

11:00 - Сайлов комиссиясининг қарорида шикоятга ўрин бор! (“Эзгулик” жамиятининг Пресс-релизи, № 67, 20 октябрь, 2007 йил)

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тузилгандан бери сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни асосий вазифаси, деб ҳисоблаб келган. Чунки, шахсларнинг ва уларни бирлаштирувчи партияларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланмаган жамиятда демократик жараёнларни ривожлантириб бўлмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон Декларациясининг узвий қисми бўлган шахс ҳуқуқи ва унинг сиёсий манфаатлари, қарашларини ифода этишни амалда таъминлаш - давлатнинг вазифасидир. Аммо, минг афсуски, Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимият нафақат ўз фуқаррлоарининг сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилмаяпти, балки, уларнинг топташ билан машғул бўлмоқда.

Жамиятимизга мурожаат этган бир гуруҳ фуқаролар, уларнинг асосий қисми Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун бир неча йилан бери кураш олиб бораётган “Бирлик” партияси фаоллари, ўзларининг президентлик сайловолди кампаниясида иштирок этишга бўлган фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари топталганидан шикоят қилишди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар, Боғкўча, 20-23 уйда яшовчи Ҳайит Абдуллаев бошчилигидаги бур гуруҳ фуқаро Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат этиб, Сайловчилар Ташаббус Гуруҳини (СТГ) тузиш учун комиссиядан махсус рухсатнома (мандат) сўрашган. Аризага СТГ тузиш бўйича Ташкилий гуруҳ мажлисининг баёни ҳам илова қилинган.

Яна маълум бўлишича, Ҳайит Абдуллаев шу йил 18 сентябрь куни МСКда бўлганида, бу ташкилотнинг раис ўинибосари Шуҳрат Полвонов СТГ мажлисини ўтказиш учун махсус рухсатнома олиниши кераклигини, аммо бу каби масалалар билан сайлов кампанияси расман бошлангандан кейингина шуғулланиш мумкинлигини айтган.

21 сентябрда сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинди. Аммо, 28 сентябрда ҳам Шуҳрат Полвонов Ташкилий гуруҳнинг ҳужжатларини олишдан бош тортиб, СТГ мажлисида президентликка номзод қилиб кўрсатилиши кўзда тутилаётган Абдураҳим Пўлат шахсан МСКга келиши кераклигини билдирган. Шундан кейин, Ташкилий гуруҳ фаоллари ўз ҳужжатларини почта орқали МСКга юборишга мажбур бўлишган.

МСКнинг почта орқали Ҳайит Абдуллаевга юборган 8 октябрдаги жавоби 13 октябрда эгасига етиб келган. Комиссияси аъзоси Адилов имзоси билан берилган жавоб хатида Ташаббус гуруҳининг мажлиси сайлов кампанияси бошланмасидан илгари ўтказилгани баҳона қилиниб, унинг ҳужжатлари қабул қилинмаслиги билдирилган. Ваҳоланки, қонунлар СТГ мажлисини ўтказиш муддатинигина белгилайди, Ташаббус гуруҳ мажлисининг қачон ўтказилиши ҳеч бир қонунда белгиланмаган.

Демак, Марказий сайлов комиссияси СТГ мажлиси ўтказишга тайёрланаётган Ўзбекистон фуқароларининг аризасининг мазмуни, унда қўйилган талабни идрок этмай, юзаки жавоб бериш билан чекланган. Бунинг устига, Марказий сайлов комиссияси тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан қочиб, яъни фуқароларнинг аризасини қўлдан қўлга олмасдан, почта орқали ёзишма қилган ва натижада СТГ мажлисини ўтказиш учун қонунда белгиланган қисқа вақт ўтиб кетган. Шундай қилиб, сони 300 дан ошиқ бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари, аниқроғи, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқлари бузилган.

“Эзгулик” жамияти мазкур иш тафсилотларини ўрганиш чоғида бир қатор қонунбузарликлар, сайлов комиссияси маъмуриятининг хизмат мавеига нисбатан совуққон муносабатда бўлаётгани ҳолатига дуч келди. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясига фуқароларнинг кириши эркин эмаслиги, аризаларнинг қабул қилинмаслиги, комиссия аъзоларининг фуқаролар сўровига нисбатан қўрс ва дағал муомала қилишлари шулар жумласидандир. Ваҳоланки, халқимиз, миллатимиз келажаги олдидаги масъулиятли кунларда МСК аъзолари ўз бурчларини сидқидилдан адо этишлари зарур.

Жамиятимиз юқорида тилга олинган фуқароларнинг сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлари камситилиши юзасидан масъул идоралари изоҳ беришлари лозим, деб ҳисоблайди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қисқа муддатда МСК раисининг ўрибосари Полвонов ва комиссия аъзоси Адилов томонидан йўл қўйилган қўпол хатога жавоб бериши лозим. “Эзгулик” бу масала бўйича суд оргаганларида ҳам шикоят иши очади ва адолат ғалабаси учун курашади.

10:00 - Қирғизистон Конституцияси ўзгаради, референдумнинг натижалари шуни кўрсатмоқда

Қирғизистон президенти Бақииевнинг ташаббуси билан кеча ўтказилган референдумда қатнашувчиларнинг 75 фоизидан кўпроғи мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва парламент сайловларини яккамандатли округлар ўрнига партиялар рўйхатлари асосида ўтказиш учун овоз берди. Янги конституцияда президентнинг ваколатлари жиддий шаклда ортади.

7:00 - Туркия халқи президентни ўзимиз сайлаймиз деди

Кеча бу мамлакатда ўтказилган референдумнинг ниҳоий бўлмаган натижаларига кўра, 42.6 миллион сайловчидан 28.8 миллиони овоз беришда қатнашган. Уларнинг 68.92 фоизи президент бундан буён халқ томонидан тўғридан тўғри сайланиши учун овоз берган.

Шу пайтгача Туркияда президент Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан сайланарди. Референдум натижалари мувофиқ, мамлакат конституциясида ўзгартириш киритилади ва перезидент халқ томонидан сайланадиган бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону