08 October 2007
03:00 -
23:00 - Тоҳир Йўлдош ўлдирилди(ми)? - Ўзбекистон йўлларини АҚШ автомабиллари тўлдиради - Режимбоши пахтакорларга табрик йўллади 22:00 - Судьялар уюшмасининг навбатдаги сеъзди бўлиб ўтди - Умида Ниёзованинг отаси вафот этди 21:30 - Укр
23:00 - Тоҳир Йўлдош ўлдирилди(ми)?

Бир қанча оммавий ахборот воситалари Афғонистон шарқида Америка қўшинлари томонидан ўтказилган ҳарбий амалиётлар чоғида Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилганини ёзишмоқда. “Озодлик” радиосига кўра, бу мужмалроқ маълумотларни Афғонистоннинг Пактика вилояти полиция маҳкамаси раҳбари Набижон Муллахайла тасдиқлапти, дейди мухбиримиз.

Ҳаво ҳужуми ва бомбалар портлатилиши чоғида 16 нафар жангари ўлдирилган ва уларнинг орасида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли террорчиси ҳам бўлган. Аммо, айтиш керакки, Тоҳир Йўлдош ҳақидаги бу каби хабарлар бир неча марта ўз тасдиғини топмаганди.

Ўзбекистон йўлларини АҚШ автомабиллари тўлдиради

Бугун АҚШнинг General Motors автомабиль ширкати раҳбарияти “ЎзАвтоСаноат” маъмурлари билан билан ҳамкорлик ҳақидаги битимга имзо чекди. Энди УзДЭУ автозаводи (эндиликда “GM Ўзбекистон” деб аталади) Chevrolet Captiva, Epica ва Tacuma автомабилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади ва икки йилдан сўнг йилига 250 минг автомабиль ишлаб чиқариш қудратига эга бўлади. General Motors корпорациясининг завод акцияларидаги улуши 25 фоизни ташкил этган. Бу эса кунда-кунора феъли айниб турадиган Ўзбекистон раҳбариятининг истаган пайтда АҚШлик корпорацияни мамлакатдан қувиб чиқаришга имкон беради.

Режимбоши пахтакорларга табрик йўллади

Президент Ислом Карим мамлакатда биринчи бўлиб пахта режасини тўлдирган Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорларига бугун табрик йўллади. Давлатга пахта сотиш бўйича йиллик шартнома режасини бажарган воҳа аҳли режимбошининг табригини пахта пайкалларида қарши олди. Мактаб ўқувчилари, талабаларни пахта режаси тўлганига қарамай ҳашарга ҳайдаш давом этмоқда. Оқшомда шўро давридаги бўлгани каби пахтакорлар учун марказий ТВдан концерт дастури берилди.

22:00 - Судьялар уюшмасининг навбатдаги сеъзди бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон судьялари ассосиациясининг навбатдаги сеъзди бўлиб ўтди. Амалда Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий террорини қонунлаштириб берувчи ҳокимиятга айланган бу соҳа эгалари ўзлари учун фуқарлик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг собиқ раиси З. Худойқуловни раис этиб сайладилар.

1997 йилдан бери фаолият олиб борилаётган мазкур уюшманинг жамият ҳаётидаги роли, судьялар мустақиллиги тилга олинган анжуманда Олий суд раиси Б. Мустафоев, Олий хўжалик суди раиси А. Ишметов иштирок этишди. Президент Каримов ташаббуси билан ташкил этилган уюшманинг келгусидаги режалари белгилаб олинди. Табиий, улар аволат устунлиги эмас, режимг учун хизмат қилишни давом эттирадилар.

Умида Ниёзованинг отаси вафот этди

Кечикиб олинган маълумотга кўра, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг падари бузруквори Қурбон ака узоқ давом этган саратон хасталигидан сўнг вафот этди. Қурбон ака сафдош дўстимизнинг Каримов режими исканжасида азобли кунларни бошдан кечираётган лаҳзалардаёқ оғир зарбани ўтказганди. Рамазоннинг Қадр кечасидек улуғ дақиқаларида у кишига Аллоҳнинг раҳматини тилаймиз. Умида ва унинг оила аъзоларига сабр-тўзим берсин.

21:30 - Украина парламент сайловлари натижаларини ҳазм қилолмаяпти

Бу мамлакатда 30 сентябрда ўтказилган сайловларнинг ниҳоий бўлмаган тўла натижалари эълон қилинганига 3 кун бўлди. Ҳали ҳам ниҳоий натижалар эълон қилинмади, ҳукумат ким, мухолифат ким эканлиги маълум эмас. Чунки, парламентга ўтган 5 партия ва блок шундай коалициялар тузиши мумкинки, улардан ҳар бирининг ёки ҳукумат ёки мухолифатда қолиш эҳтимоллиги бор.

Зарғалдоқчилар парламентда кўпчилик бўлсалар ҳам, аммо бу жуда мўрт кўпчилик. Бундан аввалари ҳам бўлганидек, турли гуруҳлар ўзларига бошқа груҳлардан депутатларни оғдириб олишга, қўполроқ қилиб айтса, сотиб олишга бошлашса, яна катта сиёсий кризис бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Аввалги кризисдан сабоқ олган украиналик депутатлар осонликча бир гуруҳдан иккинчисига ўтишмаса керак, аммо президент Юшченко мустаҳкам асосли ҳукумат яратиш мамлакат барқарорлигининг замини эканлигини урғулаб, асосий кучларнинг ҳаммасини бирлаштирувчи кенг коалиция тузишга ундамоқда.

Афтидан, Юшченконинг таъсири билан, бугун зарғалдоқчилар ўзлари ҳукумат тузсалар, мухолтфат вакилларини ҳам ҳукумат таркибига киритишга рози эканликларини билдирдилар. Мухолифатга Бош вазир ўринбосари ва баъзи вазир ўринбосарлари лавозимлари бериш мумкинлигини айтдилар. Бу антиқа таклифни тушуниш қийин. Чунки, муххолифат ҳукуматга кирса, у мухолифтчиликдан чиқади-ку.

Хуллас, мавжуд партиялар орасида сайлов олдидан бўлгани каби позицион ўйинлар кетмоқда. Бу ўйинларнинг аввалгилардидан бир фарқи бор. Сайлов олдидан Янукевич-Мороз коалицияси парламентда мутлақо кўпчилик бўлганди (сотиб олинганлар ҳисобига ҳам). Ҳозир эса, зарғалдоқчилар мўрт бўлса ҳам парламентда кўпчилик овозга эга. Парламентда озчилик бўлатуриб, Юшченконинг ёрдами билан ғалаба қозонган зарғалдоқчилар ҳозирги шароитда бу ўйинларни яна ҳам осонроқ билан ютишса керак.

17:00 - НАТО Гуржистон ва унинг президентини қўллаб қувватламоқчи

Бир неча кун аввал Тбилисида бўлган НАТО Бош котиби Гуржистонни бу ташкилотга аъзо қилиб олиш масаласи ҳали кун тартибида йўқ, деган эди. Аммо, Гуржистон президенти Саакашвилига қарши ички мухолифатнинг чиқишлари, Саакашвилининг Россия билан қарама-қаршилиги янада юқори нуқтага чиқиши (масалан, Душанбедаги МБҲ саммитида) НАТО раҳбарларини Саакашвилини очиқчасига қўллаб қувватлаш керак, деган фикрга келтирганга ўхшайди. Кеча НАТО Парламент Ассамблеясининг Мудофаа ва Хавфсизлик Комитетида Гуржистонни НАТОга аъзо қилиб олиш бўйича план тасдиқлангани айнан шуни кўрсатмоқда.

Маълумки, яқинда Гуржистоннинг собиқ Мудофаа вазири Ираклий Окруашвили телевизион экранларидан президент Саакашвилига қарши жиддий айблар олға сурган ва 2 кундан кейин унинг ўзи қоррупция, лавозимини суиистеъмол қилиш каби айблар билан қамоққа олинганди. Бу воқеа Гуржистондаги мухолифатни жиддий шаклда кучлантирди, у Саакашвилининг истеъфосини талаб қилиб оммавий акциялар – митинглар ўтказабошлади. Аммо, ахборот воситаларининг бугунги хабарига қараганда, Окруашвили президентга қарши қўйган айномаларининг биронтасини тасдиқловчи факт кўрсатолмагач, улардан воз кечганини билдирган.

Агарда шундай бўлса, шошма-шошарлик қилиб қўйган мухолифат катта талофатга учраши ва Саакашвилининг мавқеа кучланиши табиий. Ўзбекистон демократлари Украина президенти Юшченко билан биргаликда Россиянинг собиқ СССР ҳудудларидаги янгича мустамлакачилик сиёсатига қарши очиқча курашаётган Саакашвилига хайрихоҳ бўлишлари табиий.

6:00 - “Бирдамлик”да янги фильм

Халқимизнинг аҳвoли кун сайин ёмонлашмоқда. Ўзбек эрлари қардошларига қул, ўзбек хотин-қизлари чўриликка маҳкум. Араб мамлакатларида фаолият юритаётган фоҳишаларнинг салмоқли қисми ўзбек қизлари эканлиги, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам “тунги капалаклар” мақомидагилар миллатдошларимиз эканлиги ҳақидаги ахборотлар дилимизни оғритади.

Ер oсти ва ер усти бoйликларимиз ҳукуматчилар томонидан толон-тарож қилинмоқда. Қатор қурилаётган қўшма корхоналар – бир ҳовуч президент қуллуқчиларининг мулки. На улардан, на етиштирилаётган миллион-миллион тонна пахта ва бошқа деҳқончилик маҳсулотларидан халққа зиғирча ҳам наф йўқ. Ўзбекистоннинг асосий қисмини ташкил этувчи деҳқонлар иш ҳақи олиб ишлашни унутишди. Улар қиш чилласидан то кузгача фақат оиласининг омон қолиши учунгина ишлайдилар.

Энди бугунги реал аҳволдан келиб чиқиб мулoҳаза қилсак, Каримoвнинг президентлик курсисини сира тарк этгиси йўқ, у умрбод ҳукумат тепасида қoлиш ниятида. Бугунгача ҳам ўзига реал вoрис танламади. Муносиб кишига ўрин бўшатиш, гўёки унинг учун ҳалокатли – у йилларки ҳукумат тепасида туриб қилган жиноятлари очилишидан, номи қора бўлишидан ва шармандаларча қора курсига ўтиришдан жуда қўрқади.

Шу саросима Каримовнинг ҳукумат тепасида умрбод қолишга ундамоқда. Ўз курсисини, бунинг ортидан бошини омон сақлаш учун у нималар қилмаяпти. Бутун матбуот, шу жумладан, теле-радиo жиловланган. Бугина эмас, парабoл антенналар, интернет, уй ва қўл телефoнлари, факс, почта... қўйингки, барча маиший-мулоқот воситалари қаттиқ назорат остига олинган. Ҳар қадамда учрайдиган миршаблар ва кўзга кўринмай гап пойлайдиган айғоқчилар, Миллий хавфсизлик хизматчилари... булар бари бир кишининг — ўз тақдиридан хавотирда яшаётган президентнинг истаги учун хизмат қилади. Хуллас, Ислом Каримовнинг боши омонлиги учун сарфланаётган маблағларнинг чек-чегараси йўқ.
Унинг Андижондаги қирғинбароти ҳам мансаб балосида “вос-вос” бўлаёзганига мисолдир. Бу даражада кўп халқнинг норозилик жунбуши уни саросимага солди ва элни қириб ташлади. Уни Андижон воқелиги жаллоди ва ўзбек халқининг душмани, деб аташ ўринлидир. У жуда юмшоқ алдоқчидир.

Слободан Милошевич ҳам “юмшоқ характерли алдовчи” лақабини олганди. Уни яна Балқон халқининг душмани, Оврўпанинг қонхўр мустабиди ва Балқон жаллоди, деб атагандилар.

Каримов Андижонда халқни қирди. Асосий халқни эса урушсиз - несиз ҳалокатга бошлаб бормоқда. Милошевич эса ўз мамлакатини Хорватия… Босния… Косоводаги урушларга бошлаб борди… Милошевич этник қирғинлар уюштирди… Концентрацион лагерлар барпо қилди. У ишсизлик, қашшоқлик, коррупция, қатағон ва қўрқув келтирди. Бу борада Каримовнинг фаолияти ҳам Милошевичникидан ҳечам кам таърифда эмас.

Каримов ҳокимият тепасига келибоқ, мухолифатга қарши уруш эълон қилди. Бунинг оқибатида юзлаб юртдошларимиз чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.
1998 йили Милошевич этник албанларни Косоводан ҳайдаб чиқара бошлади, бу ҳол қарийб бир миллион қочқин пайдо бўлишига сабаб бўлди. 99-йил бошида амалга оширилган фуқаролар қирғини юзасидан Европанинг ғазабга тўлиши НАТО томонидан оммавий бўмбабўрон қилиш кампаниясининг бошланишига сабаб бўлди.

“ОТПОР” ҳаракати Милошевич диктатурасига қарши 1998 йилда ташкил топган. Унинг рамзида қора фондаги тугилган мушт тасвирланган. “Отпор” деган ном эса “қаршилик кўрсатиш” деган маънони англатади.

2000 йилги сайлов арафасида “ОТПОР” 100 минг кишилик тарафдорлар тўплай олди. Улар асосан ёшлар эди. 19 ёшдан 24 ёшгача - 41 %, 18 ёшгача 30 % ва 25 ёшдан юқориси 29 %.

Ҳаракат таркиби 51 % талабалардан ва 30 % и мактаб ўқувчиларидан иборат эди. Шу жумладан, ишчилар ва ишсизлар ҳам бор эди, лекин улар камчиликни ташкил қилар эди. Хуллас, ҳаракат аъзолари 15 ёшдан 27 ёшгача бўлган ёшлардан иборат эди.

“ОТПОР”нинг ташкил топиши жуда кўп сонли қишлоқ ёшларининг диққатини жалб қилганди. Аммо мухолифат ичида норозиликнинг ўзи кифоя қилмаслигини билган кишилар гуруҳи бор эди. Улар сездирмай ҳаракат қилиш орқали Милошевич ҳокимияти асосларини путурдан кетказишни мақсад қилиб олгандилар, яъни ҳокимият энг қўрққан нарса ҳалигача унга қарши чиқишдан қўрқиб турган оддий халқ эди. Отпорнинг муайян бир идораси ҳам йўқ. Улар камтарона маблағга асосланиб ишлашар, қаҳвахоналарда учрашиб, уяли телефонлар орқали гаплашишарди. Уларнинг айримлари ҳибсга олинганлар, полиция улар ортидан қаттиқ назорат ўрнатганди.

Қаршилик ва ҳукумат босимларига қарамай, “ОТПОР” тобора ривожланиб борарди. Вазият шу даражага етдики, энди ҳукуматчиларнинг, хавфсизлик ходимлари ва полициячиларнинг кўпи у томон оға бошлади. Солдатлар эса халққа қарши ўқ отмайдиган аҳволга етиб келганди. Инқилоб шаклланаётганди. Шундай кун келдики, у пишиб етилди. Сайловлар куни, 2000 йилнинг 24 сентябрь етиб келди.

Сайлов куни демократик мухолифат, аҳолини сайловларга жалб қилиш гуруҳи, “ОТПОР” ўндан ортиқ демократия тарафдорлари бўлган гуруҳлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситалари кампанияга қўшилдилар.
Сайловларни сохталаштириш юзасидан ҳар қандай уриниш режим томонидан фақат Белградда амалга оширилиши мумкин эди.

“10 000 та сайлов участкаси бор ва уларда кузатувчилик қилиш учун 30 000 мингта одам зарур. Улар ҳақиқатан ҳам 30 000 одам йиға олдиларми? Улар бу одамларни йиғибгина қолмай, сайлов натижаларини Белградга зудлик билан етказилиши учун фавқулодда ғайрат кўрсатдилар. Агар сайлов натижаларини сохталаштиришга уринишлар бўлса, уларнинг қўлларида сохталаштиришни аниқлаш учун рақамлар бор эди.

Электрон почталар тармоғи компьютер марказини сайлов натижалари билан таъминлаб турарди. Улар умумий овозлар ҳисобини кутаётгандилар ва унинг натижасидан камдан-кам одам шубҳаланарди. Аммо ҳеч ким қандай иш содир бўлиши мумкинлигини билмасди.

“Биз ғалаба қозонишимизни билардик. Биз Милошевичнинг осонгина таслим бўлмаслигини ҳам билардик. Аммо устунлигимиз шунда эдики, биз кейинги хатти-ҳаракатларга ҳам тайёр турардик. Яъни, у ютқазганидан сўнг, бизнинг ғалаба қозонганимизни тан олмасдан, манипуляцияни давом эттиришига тайёр эдик”, - дер эдилар отпорчилар.

Кейинги кунлар мобайнида Белград нафасини ичига ютганча турарди, Милошевичнинг сайлов комиссияси эса номзодлардан биронтаси ҳам талаб қилинган 50 фоиз овоз ололмаганини, сайловларнинг сўнгги раунди бўлиб ўтиши кераклигини айтди*.

Пойтахтда минглаб одамлар кўчаларга чиқдилар. Бутун Сербия аҳолиси пойтахт томон оқиб келарди...

Ҳар бир халқ ўз орзусидаги ҳукуматнинг сиёсий тинч усуллар билан ҳокимият тепасига келишини ҳоҳлайди. Мабодо Ўзбекистонда шу усул қўлланилса ва ғалаба қилинса, юртимиз абадий диктатура бошқарувидан қутилиши муқаррар. Нoзўравoн курашгина ўзбек ҳалқига демoкратик келажак бера олиши мумкин.

Югославия халқи қисматидаги диктатор ва ўзбек диктаторининг жуда кўп қилмишларини юқорида бир-бирига қиёс қилдик. Худди шундай инқилобнинг ўз диёримизда ҳам бўлишини хоҳладик ва хоҳишларимиз ўлароқ, бизнинг “Бирдамлик” ҳаракати машҳур “ОТПОР”нинг қозонган инқилоби ҳақидаги, диктатор Слободан Милошевичнинг инқирози акс этган “ДИКТАТОРНИНГ АҒДАРИЛИШИ» (Bringing down a dictator) номли фильмни ўзбек тилига таржима қилди. (Мазкур дастур асосан Сюзан ва Перри Лернер томонидан молиялаштирилган. Қўшимча молия Элизабет ва Жон ван Меркенстайн III ҳамда Абби ва Алан Леви томонидан тақдим этилган).

Ўтган йили Бирдамлик ҳаракати аъзoлари АҚШда суратга oлинган фильмни инглиз тилидан ўзбек тилига дубляж қилишга киришгандилар. Ҳаражатлар ҳаракат аъзoларини маблағидан амалга oширилди. Дубляж жуда сифатли чиқди ва албатта фильм ниҳоясида унинг “Бирдамлик” ҳаракати буюртмасига асосан дубляж қилинганлиги, ҳаракатнинг электрон манзили ва телефон рақамлари келтирилган.

Очиғи, бу иш учун фильмнинг яратувчиларидан рухсат олмаган эдик. Бунинг бир сабаби, АҚШ ҳукуматининг ўзбек халқини диктатoр чангалига ташлаб қўйиб, ўз геoсиёсий манфаатларини халқимиздан устун қўяётганлиги эди. Олдин рухсат сўраганимиз тақдирда ҳам рад жавоб олишимиз мумкин эди. Чунки “қуруқ қошиқ оғиз йиртар” деган мақолимиз баробаридаги муомала бўларди.

Фильмнинг инглиз тилидаги вариантини кўрибоқ, халқимиз уни томоша қилиши керак, деган хулосага келгандик. У халқимизга сабоқ бўлишидан умид қилганмиз.
Дубляж иши битгач, икки нусхасини унинг яратувчиларига юбoрдик.

Oрадан бир оз вақт ўтиб, машҳур прoдюссер Стеве Йоркдан oгoҳлантирув хати oлдим.
Бу қисқагина хат мазмунан пўписалардан иборат эди. Жанoб Стеве Йорк дубляжнинг жуда қисқа вақтда бажарилганидан ҳайратда эканини яширмаган ва у агар тарқатилган бўлса, бутун ер юзидан йўқотиш талабу-таҳдидини қилган эди. Акс ҳoлда, жавoбгарликка тoртиши муқаррарлигини ҳам эслатган.

Биз жаноб Йоркнинг хатига жавобан, АҚШда яшаётганимиз, судга беришга ҳар қачон улгуриши ва ютиб чиқиши муқаррарлиги, лекин ҳаракатимизнинг фильм учун унга тўлайдиган пули йўқлиги, бир эзгу мақсад йўлида қамалишга розилигимизни билдирдик.

Биз яна унинг фильми албатта қандайдир эзгу мақсадлар билан суратга олинганлигини, худди шундай эзгу мақсадга Ўзбекистон халқи муҳтожлигини, бу фильм ўзбеклар учун катта мактаб ролини бажариши мумкинлигини ёздик. Дубляж борасида ҳаракатимиз аъзолари билан ҳаммаслак шу қарорга келганимиз ва яна улар қарор қилсалар, фильмни кенг кўламда тарқатаяжагимизни ҳам билдирдик. Буюк Гандининг нозўравон кураши моҳияти ва натижаси акс этган бу фильмдан фақат пул ишлаш мақсадини кўзламай, бир бор эзгу мақсадда бизни маъзур тутишини сўрадик.

Фильмга унинг эгаларидан ҳали рухсат ололганимиз йўқ. Шундан сўнг ҳам Стеве Йорк билан бир неча бор хатлашдик ва телефонда суҳбатлашдик. Муносабатимиз илиқлашгандек.

Таваккалига фильмни тарқатишга киришдик. Қани энди бутун ўзбек халқига шу фильмни кўрсатиш насиб этса. Ҳали дубляж учун расман рухсат бериладими, йўқми, буни билмаймиз. Аммo бу эзгу ишни кечиктирмасликка қарор қилдик ва сайтга жойлаштирдик.
Ҳеч бир халқ осон усулда озодликка эришган эмас. Oзoдликка фақат ва фақат курашиб эришилади. Биз танлаган ва тарғиб қилаётган усул эса НОЗЎРАВОН КУРАШ усулидир!

Азиз юртдoшлар! Биз қайси партия ёки ҳаракатда эканлигимиздан қатъий назар, мақсадимиз бир -ДИКТАТОРНИ АҒДАРИШ! “Бирдамлик” ҳаракатимиз ташаббуси билан ўзбек тилига ўгирилган “Диктаторнинг ағдарилиши” фильми шу мақсадда кураш моҳиятлари, инқилоб йўли ҳақда ҳикоя қилади. Сайтимизга киринг ва уни томоша қилинг. Фильмнинг ўзбек халқи учун аҳамиятлилигини ҳис этинг ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатилишига ҳисса қўшинг!

Излаган имкон топади, дейдилар. Кўпчилигимиз оргтехникаларга эгамиз ва уни нусхалаб, кўпайтириш имконига эгамиз. Халқимиз келажаги учун озгина маблағ ва истакнинг ўзи кифоя, ушбу фильм қўлма-қўл бўлиб кетади, деб умид қиламиз. Яқинлашаётган сайлов катта имкониятдир ва уни бой бермайлик!

(* - фильм матнидан айнан олинган)

Фильмнинг www.birdamlik.info cайтидаги дoимий адреси:
http://video.google.com/videoplay?docid=6958206324663770511

Баҳoдир Чoриев
“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари
07/10/07
birdamlikharakati@gmail.com

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону