18 September 2007
03:00 -
19:30 - Абдураҳим Пўлат: Миллат шундай аҳволдаки, биз тўйда ҳам азада ҳам унинг тақдирини ўйлашимиз керак 16:00 - Президент сайлови вақтида бўлади, “Бирлик” яна ҳақ чиқди
19:30 - Абдураҳим Пўлат: Миллат шундай аҳволдаки, биз тўйда ҳам азада ҳам унинг тақдирини ўйлашимиз керак

Ўзбеклар буюк “Ипак йўлининг” асосий қисмини назорот қилолган ва бошқаролган халқдир. Ўзбеклар Ислом динимизнинг муқаддас китболарига сўнг шаклни беришда асосий роль ўйнаган фарзандлари бор миллатдир. Бизнинг аждодларимиз Самарқанд ва Бухоро каби дунё тарихининг тожлари деса бўладиган шаҳарлар яратишган, ўрта асрларда Улуғбек расадхонасини бунёд этишган ва ишлатишган.
Бугунги аҳволимиз қандай?

Бу улуғ миллат бугун қўшни мамлакатларда мардикорлик билан кун кечирмоқда. Келажагимизни яратиши керак бўлган ёшларимиз илм-фан ўрганишаётгани йўқ, бошқа мамлакатларда хизматкорлик қилмоқдалар, баъзи ҳолларда тўғридан-тўғри қулларга айлантирилганлар.

Бунга ким айбдр? Миллатнинг ўзими? Йўқ, миллатнинг сиёсий элитаси айбдор. Сиёсий элитага мухолифат ҳам киради, демак, мухолифат ҳам айбдор.

Унинг айби нимада? Бу саволга жавоб бериш учун тарихимизга қарашимиз керак.

Қайта қуриш йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида миллий ҳаракат ва фронтлар қурилди. Аммо, фақат Ўзбекистонда миллий ҳаракат ҳатто мустақилликка эришилмасданоқ парчаланди. Миллий ҳарактани парчлаган хоинлар – асосан шоир ва ёзувчиларидан иборат гуруҳдир. Бу гуруҳнинг бошида Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Дилором Исоқова ва бошқалар туришади.

Ҳамма билсинки, бу парчаланиш жараёни тамомийла фидеофильмларга олинган. Биз уларни кўрмасак, у ердаги хоинлик воқеасини тушуниб етмасак, керакли хулосалар чиқариб, келажакда ҳам бўлиши мумкин бўлган нохуш воқеаларнинг олдини олмасак, қул бўлиб қолаберамиз. Асосан ҳақиқий бирликчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўша хоинларнинг кирдикорлари очилди, аммо уларга ҳали ҳам етарлича баҳо берилмади. Шу сабабли, қаранг, 18 йилдан кейин ҳам айнан сайловлар арафасида ўша хоинларнинг “қаҳрамонлигини” қайтармоқчи бўлган одамлар ўртага чиқмоқда.

Сиёсат сиёсий партияларда қилинишини ҳам тушунмайдиган, қайта қуриш йиллар тузилган халқ фронтлари ёки ҳаракатлари конституциядаги яккапартиялик сабабли мажбуран шундай ном олганликларини ҳам идрок қилолмайдиган, биринчи имкон бўлиши биланоқ ҳамма Совет жумҳуриятларидаги фронт ва ҳаракатлар партия номини олганларини ҳам билмайдиган даражада ношуд инсонлар ҳали ҳам ўзбек мухолифати сафларини бўлғатиб юришганинг сабаби ҳам ўша – эски хатолардан етарлича қатъий хулослар чиқарилмаётганидир.

Мен кўп чиқишларимда ўша вақтда миллий ҳаракатимизни болталаганларга ва кейинчалик ҳам сиёсий принципсизлик билан ҳаёт кечирган одамларга салбий муносабатимни билдирганман, билдирмоқдаман, ниятим, билдиришни давом эттиришдир. Тирикларга ҳам бу дунёни тарк этганларга ҳам баҳо беришимиз керак. Акс ҳолда, ўзбекнинг сиёсий майдони болалар боғчаси бўлиб қолаверади.

Охирги вақтларда мен ўзбек шоири Рауф Парфининг ҳаётий масалаларда ўта заиф инсон бўлгани, сиёсий соҳада ўта принципсизликлар қилганини ёздим. Дўстимиз ва сафдошимизнинг руҳи учун ўқиладиган дуоларимиз давом этаберади. Аммо, тирикларнинг келажагини ўйлаб, марҳумларнинг ҳам хатоларини тилга олишга маҳкуммииз. Мақсад - ёшларимиз бундан сабоқ олсин.

Аммо, баъзибир, ўйлайманки, раҳматли Рауф Парфи каби ҳаётий масалаларда заиф бўлган одамлар менга қарши чиқишмоқда. Мен ўзимни ҳақ деб ҳисоблайман. Лекин, фақат ва фақат миллатнинг ҳакам (судья) бўла олишини тан олган ҳолда, сайтимизнинг ўқувчиларига мурожаат қиламан. Сизлар шу масалада фикрларингизни билдиринг. Бу ҳам сизнинг миллат олдидаги бурчингиздир. Тамошабинликдан чиқиб, бу каби жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлсангизгина, миллатнинг аҳволини тузатиш учун ҳисса қўшган бўласиз.

Нодемократик Ўзбекистонда бу каби масалалар бўйича сўровномалар ўтказадиган структуралар йўқ. Биз ўз сайтимизда бу ишни қилишимиз мумкин, аммо, бу хато бўларди. Чунки, ташкилот ўзига тегишли масала бўйича сўровнома ўтказса, барибир ичидаги “шайтон” туфайли сўровнома натижларини ўз фойдасига қилишга ҳаракат қилиш вас-васасига тушиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу сабабли, яна бир экстравагант йўл таклиф қилмоқчиман. Менинг “Миллат келажагини ўйлаб, ҳаммани, жумладан ўтган инсонларнинг ҳам ҳаётий/сиёсий заифликларини муҳокама қилишимиз, уларга баҳо беришимиз керак” деган фикримни қўллаб қувватлайдиган одамлар “Узбекистонэрк” сайтидаги (wwwuzbekistanerk.org) сўровномада иштирок этиб, у ердаги “Программу какой партии Вы поддерживаете?” саволининг жавоблари ичидан “Адолат”га овоз беришсин. У сайтдаги мазкур жавобга ойлар бўйи ҳеч ким овоз бермасдан келмоқда, берилган умумий овоз сони - 7. Фикрлари менга қарши бўлганлар “Эрк” учун овоз бериша қолсин. У бечораларга ҳам сўнгги даврда овоз берадиган одам йўқ.

Агар, бугун менинг бу мурожаатимдан кейин кўпчилик “Адолат”га овоз бера бошласа, ўзбеклар юқорида айтилган масала бўйича ҳам мен билан фикрдош эканликларини тушунаман ва шу йўналишдаги фаолиятимни янада изчилроқ давом эттираман.

Мен қўллаб-қувватлайдиганларга ҳозирданоқ миннатдорчилигимни изҳор қиламан.

16:00 - Президент сайлови вақтида бўлади, “Бирлик” яна ҳақ чиқди

Бу йил президент сайлови конституцияда кўрсатилган вақтда бўладими, бўлмайдими, деган савол мухолифатнинг турли доираларида спеклятив муҳокама қилинди. Фақат “Бирлик” Партияси сайлов вақтида бўлишига ишониб, тайёргарлик ишларини аллақачон бошлаб юборганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сайловлар вақти парламентнинг қарори билан тайинланмайди. Сайловлар вақти Конституцияда узил-кесил белгилаб кўйилган. Унга кўра, масалан, президент сайлови жорийдаги президентнинг ваколати битадиган йил декабрь ойининг учинчи ўнкунлигининг биринчи якшанбасида бўлади. Бу йил бундай кун 23 декабрдир.

Сайловолди кампаниясининнг бошланишини эълон қилиш Марказий Сайлов Комиссиясига (МСК) юклатилган. Президент сайлови ҳақидаги қонунга кўра, сайловолди кампанияси президент ваколатлари тугамасдан камида 3 ой аввал эълон қилиниши шарт. Демак, МСК сайловолди кампанияси бошланганини ўтган йилнинг 22 октябридан аввал эълон қилиши керак эди, қилмади. Аммо, бугун сайловолди кампанияининг бошланишини 21 сентябрда эълон қилажагини билдирди. Демак, бу йилги президент сайлови кўпол қонун бузувчилик билан бошланмоқда. Бу факт янги сайланадиган президентнинг ваколатлари битгунча қадар сайлов натижаларини бекар қилиш талаби билан унга “тинчлик бермасликка” асос яратади. Мухолифат буни эсида тутиши керак.

Аввал хабар берганимиздек, “Бирлик” Партияси президент сайлови ўз вақтида бўлади, деган фикрга асосланиб, сайловларга тайёргарлик анча илгари бошлаб юборган.

Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, сўнги йилларда сиёсий фаолиятдан четда қолган бир гуруҳ собиқ бирликчилар, “Бирлик”нинг сайловолди кампаниясига болта уриш мақсадида “Бирлик” ҳалқ ҳаракатини тиклаш шиори билан иш бошлаганларди. Ваҳоланки, “Бирлик” халқ ҳаракати ўз қурултойида партияга айланишга қарор қилган. Демак, бу гуруҳнинг фаолияти ҳеч қандай қонуний ва маънавий принципларга асосланмаган. Лекин, уларни бошқараётганлар ҳам сайлов вақтида ўтишини аниқ билган одамлар, яъни режим одамлари эканлигига шубҳа йўқ. Акс ҳолда, ҳар қандай ақли бор демократ руҳдаги киши, мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясига қарши айнан сайлов олдидан бундай ифлос ҳаракат қилиш ташаббуси билан чиқмаган бўларди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону