21 September 2004
03:00 - 22:30 - Бухорода «Бирлик» Партиясининг ташаббус гурухи тузилди - Бахром Хамроевнинг иши бўйича аппелация суди 23 сентябрда бўлади 19:00 - «Эзгулик»: Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланди-ми? 9:00 - Бўритош Мустафоевга кўра Ўзбекистонда мухолиф партия
22:30 - Бухорода «Бирлик» Партиясининг ташаббус гурухи тузилди

Бугун «Бирлик» Халк Харакати Партияси (БХХП) Бухоро вилоят ташкилотини кайтадан тузиш буйича ташаббус гурухининг йигилиши бўлди. Йигилишда партиянинг фаолиятини бу вилоятда хам жонлантириш, сайлов кампаниясида кузатувчилар гурухларига тартиб бериш ва партия тарафдорлари орасидан ташаббус гурухлари оркали сайловларга номзодлар кўрсатиш масалалари кўриб чикилди. 11 нафар «Бирлик» фаоли иштирок этган анжуман кун тартибидаги бошка мавзуларда хам бахс-мунозаралар бўлди. Вилоят партия ташкилотининг Таъсис конферанциясини чакириш юзасидан Ташаббус гурухи рахбари этиб, «Бухоро ёшлари» газетасининг собик мухаррири, журналист Саидбурхон Кодиров сайланди. Конференцияда иштирок этган мухбиримизнинг билдиришича, Таъсис конференциясини якин кунларда Бухоро шахрида чакириш мулжалланмокда.

Ташаббус гурухининг мажлисида БХХП раиси ўринбосари Дайнов Ташанов иштирок этди ва бу ердаги ишларни ташкил этиш юзасидан мулохазаларини билдирди.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, «Бирлик» халк харакатининг Бухоро вилоят ташкилоти 1989-92 йилларда фаолият олиб борган бўлса хам, айникса, Бирлик-Эрк можароларидан кейин бу вилоятда «Эрк» партиясининг мавкеи кучли бўлган. Хозир «Бирлик» Партиясининг бу вилоятдаги ташкилотини оёкка кўйиш учун эса, бирликчи ва эркчилар елкама-елка ишламокдалар.

Бахром Хамроевнинг иши бўйича аппелация суди 23 сентябрда бўлади

«Харакат» журналининг Россия Федерациясидаги вакили, «Бирлик» халк харакатининг Зарафшондаги асосчиларидан бири Бахром Хамроев Россия махсус хизмат органлари тарафидан чўнтагига 3 грамм героин ташлаб кўйилиб хибсга олингани ва 1 ойча аввал 1,5 йил ички ишлар вазирлиги белгилайдиган жойда яшашга махкум килинганини хабар килгандик. Бахром Хамроевнинг апеляцияси бўйича Москва шахар судида унинг иши кайта кўриб чикилиши керак. Унинг хотини Асия Исмоиловадан олинган хабарга кўра, Бахромнинг адвокати алмашгани туфайли, аввал 12 сентябрга белгиланган суд мажлиси 23 сентябрга колдирилган. Расмий манбалардан тасдикланмаган маълумотга караганда, Россия Федерациясининг омбудсмени Владимир Лукин бу ишдан хабардор, у суд номига Бахром Хамроевга нисбатан берилган хукмни бекор килишни сўраб ходатайство хам юборган.

19:00 - «Эзгулик»: Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланди-ми?

«Эзгулик» жамиятининг Фаргона вилоят бўлими Кўкондан таркатган хабарида айнан шундай савол кўйилган. Бу саволнинг тугилишига сабаб бўлган вокеа куйидагича.

Маълумки, кеча, яъни 2004 йил 20 сентябрь куни соат 19.45 да Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 20 сентябрдан Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланганлигини расман эълон килди. Яна шу хам маълумки, сўнгги ойларда мухолиф партиялари расман рўйхатдан ўтказилмаганлари учун жойларда ташуббус гурухлари тузиб, улар оркали ўз вакилларини депутатликка номзод килиб кўрсатишга тайёргарлик кўрмокдалар. Фаргона водийсидаги мухолифатчилар, жумладан Кўконликлар, бу масалада ўз илгорликларини кўрсатиб келдилар.

Кўконлик мухолифатчилар 20 сентябрдаёк ташаббус гурухи тузиш ниятида эканликларини билдириб, килинадиган ишларни маслахатлашиш учун Кўкон шахар хокимлигида жойлашган махаллий округ сайлов комиссиясига келдилар. Аммо хеч кимни тополмадилар. Демак, 20 сентябрда Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошлангани йўк.

Эртаси куни, яъни, бугун яна комиссияга борган мухолифатчи-сайловчилар округ сайлов комиссияси раиси Сохиб Мавлоновни топишга муваффак бўлдилар. Лекин, у киши хали хеч нарса билмаслигини, унга хали хеч кандай ваколат берилмаганлигини айтиш билан чекланди. Мухолифатчиларнинг «Сиз Халк демократик партиясининг аъзоси эдингиз-ку, кандай килиб сайлов комиссиясида холис иш олиб борасиз?» деган саволига эса, ундан шундай жавоб олдилар: «Ха, мен ХДП аъзосиман, лекин сайлов кампанияси пайтида вактинча партиядан чикдим». Бу холат Ўзбекистонда сайлов кўмпанияси канчалик «холис» эканлигини билдиради.

Хуллас, 21 сентябрда хам Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошлангани йўк. Марказий сайлов комиссиясининг раиси Бўритош Мустафоев кечаги матбуот конференциясида ўзига берилган бир саволга жавобан «Ўзбекистонда мухолиф партиялар йўк» деган эди. Аслида эса, Ўзбекистонда хали сайлов комиссиялари йўк, сайлов кампанияси бошлангани йўк.

9:00 - Бўритош Мустафоевга кўра Ўзбекистонда мухолиф партия йўк

Кечаги хабарларимиздан бирида Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланиши муносабати билан Тошкентдаги Миллий матбуот марказида биринчи бор матбуот конференцияси ўтказилганини билдирар экан бир хатога йўл кўйганимиз учун ўкувчиларимиздан кечирим сўраймиз. Маълум бўлишича, унда Марказий сайлов комиссиясининг раиси Бўритош Мустафоев шахсан катнашган экан. Унинг бир журналист билан куйидаги савол жавоби хаммани кизиктираса керак.

Савол: Сайловда мухолиф партияларнинг катнашмаслиги унинг адолатли ва демократик ўтишини англатадими?

Б.Мустафоев: Ўзбекистонда сиз айтаётган, ўйлаган мухолиф партия ўзи борми? Йўк! Агар сизга ўхшаган ўртокларимиз бизда ўтадиган бу кампанияни хозирдан унака-бунака деб гапираётган бўлмаса,.. Мен кеча Бухорода ОБСЕ (ўзбекчаси ЕХХТ, - Тахририят) нинг эксперти билан гаплашдим. У бизда ўтаётган сайлов тадбири хакида ёки сайлов тадбирини ўтказишга замин бўлган конунлар хакида бир огиз танбих бермади... Шунинг учун демократик сайлов бўлади. Бунга мен аминман. Сиз ўйлаган кишилар катнашса, катнашаверсин. Агар ўша одамлар соглом фикрда юрган бўлса, мана, ташаббускор гурухлардан бемалол катнашаверсин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону