“Озодлик” радиоси хабарига кўра, 14 январда Самарқандда журналист Шоди Мардиев оламдан ўтган.
Хасталиги туфайли 72 ёшида орамиздан кетган журналист тақдири билан боғлиқ воқеалар ўз вақтида “Ҳаракат” журнали томонидан ёритилиб борганди. Вилоят прокуроридан пора олганликда айбланиб, 1997 йили ҳибсга олинган ва 1998 йили 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шоди Мардиев бир неча йил аввал халқаро ташкилотлар ва ҳамжамият босимлари остида қамоқдан озод қилинган эди. У ўлимига сабабчи бўлган хасталикни зонада орттиргани айтилмоқда.
Буни қарангки, журналистга пора бердим деб туҳмат қилган прокурор Таълат Абдухолиқзоданинг ўзи ўтган йилнинг 15 майида маҳаллий газ таъминоти идораси ходимидан 8000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида ҳибсга олиниб, кейин жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинди. У мамлакатдаги таниқли медиа-магнат Фирдавс Абдухолиқовнинг амакиваччасидир.
1998 йили Шоди Мардиевга ҳукм ўқилгандан кейин чет элда яшаётган бир гуруҳ мухолифатчилар баёнот эълон қилиб, унинг озод этилишини сўрашган эди. Чақириқнинг матни билан қуйидаги адресда танишиш мумкин:
http://harakat.net/harakat.php?id_harakat=14&id_topic=216&id_stat=363
Мазкур чақириқда журналистнинг Сирдарёда қўлга олиниб, ўша ерда судлангани айтилган. Бу ерда хато борми, деган саволга ҳозирча тўлиқ жавоб тополмадик.
Таълат Абдухолиқзоданинг ҳибсга олиниш воқеаси билан эса, хабар сўнгидаги линк орқали танишинг.