16 December 2011
14:14 - Бугун Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги
Ҳа, айнан 1991 йил 16 декабрь куни Қозоғистон Олий Совети мустақиллик эълон қилган. 1 декабрда эса мамлакатнинг биринчи президенти сайланган. Яъни, президент сайланганда, ҳали Қозоғистон СССРнинг таркибида эди.

Қозоқларни мустақиллик билан табриклаш билан бир қаторда, бу воқеанинг баъзи қизиқ тарафларини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Маълумки, ўша йили 8 декабрь куни Белорусиянинг Беловежские Пуши шаҳрида учрашган Россия, Украина ва Белорусия президентлари Борис Ельцин, Леонид Кравчук ва Станислав Шушкевич СССРнинг расман йўқ қилингани, бу уч мамлакат иштирокида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги номли иттифоқ яратилгани ҳақида ҳужжат имзоладилар. Айнан ўша куни СССРга кирувчи ҳамма республикалар мустақил бўлиб қолганлар. Жумладан, Қозоғистон ҳам.

Шу сабабли, Қозоғистон 16 декабрда мустақиллигини эълон қилиши маълум маънода мантиқсиз воқеа сифатида кўринади. Аммо, бошқа тарафдан, ҳуқуқий маънода, шундай қадам қилишдан бошқа йўл бўлмаган.

Қозоғистон, СССРнинг бошқа республикаларидан фарқли ўлароқ, СССР йўқ бўлгандан кейин ўз мустақиллигини эълон қилиши – Нурсултон Назарбойнинг қўрқоқлиқ даражасига яқин бўлган эҳтиёткорлигининг натижасидир. Кейинчалик ҳам, Нурсултон Назарбой эҳтиётлик билан иш олиб борди. Тахмин қилиш мумкинки, у узоқ йиллар СССРнинг мутлақо йўқ бўлганига ишонмади, Москва ҳамма собиқ Совет республикалари устидан назоратини қайта тиклашини кутди. Йиллар ўтиб, Нурсултон Назарбой Қозоғистон ростдан ҳам мустақил бўлиб қолганини тушунди.

Ана ўшандан кейин, тан олиш керакки, Нурсултон Назарбой мамлакатнинг табиий бойликларининг назорати тўла қўлига ўтганидан ҳам фойдаланиб, Қозоғистонни мутлақо бошқа давлатга айлантирди. Номи кейинчалик Нурсултон деб ўзгартирилишига шубҳа бўлмаган Остона шаҳрини яратди.

Бу минтақада Қозоғистон асосий давлатга айланганини ҳозир ҳеч ким инкор этолмайди. Узоқ асрлардан бери бу минтақада еткачилик қилган ўзбеклар орқага сурилди. Табиий, кенгроқ фикрлаш қобилиятига ҳам эга бўлмаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг сиёсати ҳам Нурсултон Назарбойнинг фойдасига ишлади.

Бугун Қозоғистон ўз мустақиллигининг 20 йиллигини баланд чўққиларни эгаллаган пайтда қутламоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону