21 June 2018
22:11 - "Бирлик" Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга: Ёлғон иддаолар билан ушлаб турилган Зокир Алиевни озод қилинг

20 июнь, 2018 йил

Кимга: Ихтиёр Абдулла, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси

Кимдан: Абдураҳим Пўлат, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси

Очиқ хат: Ёлғон иддаолар билан ушлаб турилган Зокир Алиевни озод қилинг!

Жаноб Ихтиёр Абдуллаев,

Мен Сизга бундай хат ёзишни бир неча кундан бери ўйлардим. Аммо, Ўзбекистонда давлатчилик масхарабозликка айлангани мен америкаликларга айтаётганимдан ҳам мудҳишроқ эканлигини билганим сабабли, тилга олмоқчи бўлганим мавзуга реакцияни улардан кутдим. Реакция маълум бўлди, энди мен ҳам ўз фикримни билдирмоқчиман.

Ўзингиз ҳам биласизки, Совет КГБнинг давомчиси бўлган Ўзбекистон ДХХсига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, 16 июндан 17-чига ўтар кечаси “Бирлик”нинг расмий аъзоси бўлмаса ҳам, унинг феълан фаоли бўлган Зокир Али (расман – Алиев) Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ДХХ хизматчилари томонидан қўлга олинган.

Хабарларда у 1992 йили Туркиянинг Бурса шаҳридаги Университетга ўқишга боргани, 2000 йили эса, Афғанистонга бориб, “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати”га содиқ бўлишга қасамёд қилгани, Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат кучлари ва коалиция қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этгани айтилади. Бундан ҳам қизиғи, у 2002 йилда Афғонистонда чап оёғидан ўқ еганмиш, Туркияга бориб, у ерда даволанган ва ўша пайтда БМТнинг Анқарадаги офисидан “қочоқ” мақоми олиб, АҚШнинг Лас Вегас штатига келиб, шу ерда яшашни давом эттирганмиш ва 2014 йили АҚШ фуқаролигини олган эмиш.

Бу иддаоларнинг ичида тўғри нарсалар ҳам бор. Масалан, Зокир Алиев ростдан ҳам Ўзбекистон ҳукумати тарафидан 1992 йили Туркияга ўқишга юборилган талабалар ичида эди. Мен ўша пайтда Туркияда яшар эдим. Ўшанда ўқишга келганларнинг баъзилари билан, жумладан, Зокир Алиев билан учрашганман ва уларнинг ҳаммасига шундай деганман: “Бу ерда сиёсатга аралашманг. Ўзбекистондан қочиб келган мухолифатчи лидерларнинг атрофидаги гуруҳларга қўшилманг. Чунки, сизнинг вазифангиз, бу ерда таълим олиш, кейин Ўзбекистон ва унинг халқига хизмат қилиш, келажакда шаклланадиган Турк Дунёси нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Туркия алолқаларининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшиш.”

Аммо, ҳамма ҳам менинг маслаҳатларимга қулоқ солмади, баъзилар “Эрк” партияси раиси Салой Мадамин (53-54 лақабли ёзувчи Муҳаммад Солиҳ) тузаётган террористик гуруҳларга қўшилдилар. Бундан хабар топган Ўзбекистон ҳукумати ўз талабаларини Туркиядан чақириб олди ва шу билан Ўзбекистон-Туркия алоқлари ўта ёмонлашди.

Ўшанда ҳамма талабалар орқага қайтмадилар. Уларнинг ичида ҳеч қачон “Эрк” партияси атрофидаги гуруҳга яқинлашмаган, мен билан доимо дўстона алоқада бўлган, аммо Туркияда Университетни тамомлашга қарор қилган Зокир Алиев ҳам бор эди. Биз у билан доимо дўстона алоқаларда бўлиб турдик, у дунё қараши ҳақиқий демократик бўлган инсонлигини, ислом фанатизми тарафдори эмаслигини жуда яхши билардим.

Аммо Туркияда ислом фанатизми билан суғорилган сиёсатчилар кучайиб бораётгани, улар тезда ҳокимиятга келиши мумкинлигини ҳам сезганим учун, Туркиядан кетишга қарор қилдим ва БМТнинг Анқарадаги офиси ёрдамида 1998 йилнинг январь ойида АҚШга сиёсий қочқин сифатида оилам билан кўчиб келдим. Туркиядалимдаёқ Зокир Алиев ва бу билан бирга бўлган Баҳодир Файзиевга уларни ҳам АҚШга чақиртириб олишга ваъда бердим. АҚШга кетишдан олдин ҳам, у ерга кўчиб борганимдан кейин ҳам, Зокир ва Баҳодир билан доим телефон орқали алоқада бўлдим. У пайтда мобиль телефонлар йўқ, уй телефонлари орқали гаплашардик, яъни улар Туркияда эканлиги ўз-ўзидан маълум эди.

АҚШга келиб ўрнашиб олганимдан кейин БМТнинг Анқарадаги офисига ва АҚШнинг Туркиядаги элчихонасига рекомендация хатлари ёзиб, Зокир Алиев ва Баҳодир Файзига “сиёсий қочқин” мақоми билан АҚШга келишига ёрдам беришларини сўрадим. Бу масала ижобий ҳал этилди ва 1999 йилда Баҳодир Файзиев ҳозир эисмда йўқ, қайсидир бир штатга, 1999 йилнинг охирги кунлари ёки 2000 йилнинг бошларида (ҳозир аниқ куни эсимда йўқ) Зокир Алиев Невада штатига етиб келдилар.

У 2000 йилнинг апрель ойида Невада штатининг ўта машҳур Лас Вегас шаҳрида ишлашга бошлаганини ҳам биламан. Аввал унинг уй телефон номери 702-309-7295, кейин 702-227-599 бўлгани ҳам кундалик дафтарларимда ҳалигача турибди. У ердаги (702) Невада штатининг кодидир. Аммо, у ўзбеклар кўпроқ яшайдиган жойга, жумладан, менга яқин бўлиш ниятида, мен яшайдиган Виргиния штатига 2001 йили кўчиб келди. Бу ерда ўзбек демократларининг йиғилишларида иштирок этишга бошлади. У билан шахсан бирга бўлдик. 2003 йилни ҳозирда марҳум укам Абдуманнобнинг уйида кутганимиз ҳам эсимда.

Унинг “Ўзбекистон: Ҳокимият, сургундаги мухолифат ва бошқа масалалар” номли мақоласи “Ҳаракат” журналининг № 1(28), 2001 сонида эълон қилинган. Бу мақола исломчилар душман кўзи билан қарайдиган демократия руҳида ёзилган. У билан Интернетда қуйидаги адресда танишиш мумкин - http://harakat.net/harakat/?id_harakat=28. Журналнинг ўша йиллардаги ҳамма сони қоғозда ҳам чиқарилиб, Ўзбекистонда тарқатилган. Журналнинг ўша сони ДХХнинг архивида ҳам борлиги шубҳасиздир.

Хуллас, кўриниб турибдики, Зокир Алиев Ўзбекистон ДХХси иддао қилаётгандек, 2000 йили Афғонистонга боргани, у ерда террористларга қўшилгани, Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат кучлари ва коалиция қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этгани, 2002 йили у ерда ярадор бўлиб, кейин Истанбулда даволангани, ундан кейин АҚШга келгани ҳақидаги гап-сўзлар мутлақо ёлғондир. У ҳозир АҚШ фуқароси. Ўзбекистонга қарши ҳеч қандай жиноий иш қилган эмас.

Зокир Алиевнинг қачон АҚШга келгани ва қаерда яшаб, қаерда ишлагани ҳақидаги маълумотларни АҚШнинг расмий идораларидан ҳам олиш мумкин. Аммо, буни кутишга ҳам ҳожат йўқ. Ўзбекистон ДХХси ҳозиргидан ҳам қорароқ доғлар билан тарихда қолишини истамаса, бундай ишлар жиноят бўлгани сабабли, ДХХ раҳбарлари ахир бир кун жазоланишни истамасалар, Зокир Алиевни дарҳол озод қилишлари ва у ўз орзусини амалга ошириб, ўз юртида уйланиб, кейин АҚШга қайтишига имкон беришлари керак.

Абдураҳим Пўлат

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону