02 August 2015
08:27 -
Абдураҳим Пўлат: “Озодлик” радиосида бозордаги пистачкачиларнинг суҳбатини тинглашга мажбур бўлдим, айбдор – Юсуф Жума (Экспромт билан ёзилиб, бироз таҳрир қилинган вариант)
Ўзбекистон МХХсининг хизматидаги ҳаромийлар ишлайдиган “Озодлик” радиосининг ўзбекча программаларини аллақачондан бери эшитмайман, уларнинг сайтини ҳам кўрмайман. Янглишмасам, охирги марта у радиода мен жуда ҳурмат қилган шоира Гулчеҳра Нуриллаева ўзининг китоблари чиқарилмаётгани ҳақида арз қилиб интервью берганини бошқалардан эшитгач, ишонмасдан, у интервьюни шахсан ўзим эшитиб кўргандим. Қирғиз фашистлари ўзбекларни қирғин қилганига 1 йил ҳам ўтмаган бўлишига қарамасдан, Гулчеҳра опа ўша фожеа ҳақида эмас, фақат ўз китоблари ҳақида қайғураётганларини эшитиб, яна битта ёзувчимиздан кўйним қолган эди.
Яқинда шоиримиз Юсуф Жума билан телефонда гаплашаётганимизда, у киши “Озодлик” радиосида Абдулла Орифни қораловчи суҳбат берилганини айтиб қолди.
Абдулла Ориф ўз вақтида, яъни Шароф Рашидов Кремль ва Лубянканинг топшириғи билан ўзбек тилини ҳамма ердан сиқиб чиқараётган пайтда, ўзбек тилининг ва ўзбек миллатининг ҳимоясига чиққан камдан-кам мардлардан бири эди ва айнан шу сабабли миллат ичида ҳурмати баланд бўлган. Аммо, Раъно Абдуллаева Наврўз ва бошқа миллий одатларимизга ҳужум бошлаганда, унинг хизматкорига айланган Абдулла Ориф кейинчалик, минг афсуски, Ўзбекистонда ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш учун бошланган ҳаракатлардан ҳам четда қолиб, аввалги мақесини бутунлай йўқотди.
Ислом Карим ўз режимини мустаҳкамлаб олгандан кейингина Абдулла Ориф режимбошининг хизматига ўтди. Шундай экан, бу миллат хоинини сотқин дейиш ҳам тўғри бўлмасди, чунки, унинг қўлида сотадиган нарсанинг ўзи йўқ-ку...
Лекин у вақти келиб ҳамма малайлар билан бўладигани каби, Ислом Карим тарафидан бир тепиб улоқтирилди ва ҳозирги режимни очиқча танқид қилмаса ҳам, баъзи норозилик белгиларини кўрсатишга бошлади. Шу сабабли МХХ уни ҳозир бироз ўқитиб қўйиш ниятида америкаликларнинг “Озодлик” радиосидаги хизматкорларини ишга туширганига ҳеч шубҳам бўлмади.
Мен қандайдир “Озодлик” радиосининг эмас, АҚШдек давлатнинг сиёсатчилари ва ҳатто ҳукуматига маслаҳатлар бериб, уларни қабул қилдирган одамман. Шу сабабли бу ифлос радиони эшитиб ҳам кўрмаган бўлардим. Аммо, Юсуф аканинг баъзи эҳтиросли, ҳатто ўта эҳтиросли гапларидан кейин, ўша эшиттиришни ўзим эшитиб кўришга қарор бердим.
Тахминан бир соатлик эшиттириш экан. Аммо, бу ифлосликнинг зўрға 20 минутчасини тингладим. Уни YOUTUBE-да 10 кун ичида 1 мингдан ошиқроқ одам эшитиб кўрганидан ҳам тушуниш мумкинки, бу радио билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Солиштириш учун айтаман, бундан 1 ойча аввал бизнинг harakat.net сайтимиздаги Юсуф Жуманинг бир мақоласини фақат Фейсбукдаги саҳифамизда 2 мингга яқин одам ўқиган эди. Яқинда менинг имонийлар мазҳаби тузганим ҳақидаги хабар-мақоламни 2 кун ичида 3 мингга яқин одам ўқиди. Ваҳолангки, биз сайтимизни реклама қилиш билан шуғулланмаймиз. Арзимаган пул билан ўқувчиларимиз сонинг ўнлаб баравар ошириш мумкинлигини ҳам биламан. Аммо, буни ҳозирча истамайман, ўзбеклар ўзи бизни қидириб топсин деган фикрдаман.
Абдулла Орифнинг кимлигини муҳокама қилиш учун 26 йиллик дўстим ва сафдошим Пўлат Охун билан бирга Исмат Хушев ва Жаҳонгир Муҳаммадларни таклиф қилишганини тушундим. 20 дақиқадан кейин бошқалар қўшилган бўлса, бундан ҳабарим йўқ. Аммо, бошланғич 20 дақиқа ҳам кўрсатдики, бу суҳбат бир замонлар Олойбозорида ўтириб пистачка сотадиган ва харидорлар йўқ пайтида ўзаро вайсашиб ўтирадиганларнинг суҳбатини эслатарди.
Пўлат Охун ва Жаҳонгир Муҳаммад ҳамда радионинг иккита ҳаромий хизматичиси қўлларидан келганча Абдулла Орифни қоралашса, Исмат Хушев уни оқлашга ҳаракат қилиб ётибди. Демократик жамиятда ҳар ким ўз фикрини очиқ айтишга ҳаққи бор. Аммо, фикр асосли бўлиши керак, акс ҳолда, бу - пистачка сотувчилар даражасидаги фикрдир.
“Дўст ачитиб гапирар”, “Жойи келса, отангни аяма” деган мақоллар бор ўзбекларда. Шу сабабли ҳозир руҳий касал бўлган дўстим Пўлатжонга ҳам аччиқроқ сўзлар айтилиши - ўша мақолимизга асосланган, ва қолаверса, Пўлатжонни даволаш ниятида айтилган.
Кимдир менинг бу ерда бераётган баҳоларимга ишонмаса, у эшиттиришни ўзи эшитиб кўрсин ва биттагина нарсага эътибор берсин. Абдулла Ориф Ислом Каримнинг ялтоғи бўлгани тўппа тўғри. Аммо, у Салой Мадамин, Дадахан Ҳасан, Дилором Исоқ, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим деган ёзувчилар каби “Бирлик” халқ ҳаракати Ислом Карим режимидан кучлироқ бўлган пайтда уни парчалаб, Ислом Каримнинг тахтини мустаҳкамлаб беришга ХИЗМАТ ҚИЛГАН ЭМАС. Диктаторларнинг ҳар доим сон-саноқсиз ялтоқлари кўп бўлади, Абдулла Ориф улардан бири бўлган, холос.
Миллат ва Ватаннинг бугунги аҳволга тушишида эса, Абдулла Орифнинг айби, бошқалар билан таққосласак, минималдир. Миллат ва Ватан, қолаверса, демократик мухолифат даҳшатли ёмон аҳволда экан, уларнинг асосий муаммоларини, бу аҳволнинг ҳақиқий айбдорларини аввалари ҳам, бу эшиттириш доирасида ҳам, ҳеч тилга олмасдан, 1 соат қандайдир Абдулла Ориф ҳақида эшиттириш қилиш – МХХ назорати остида ишлайдиган “Озодлик”даги ҳаромий ўзбек журналистларининг ҳам америкаликлар, ҳам ўзбеклар олдида қилган жиноятидир.
Пўлат Охун ва Жаҳонгир Муҳаммад Абдулла Орифни сиёсатчи сифатида нотўғри қилган ишларини оғизларини кўпиртириб гапиришгани устидан эса, оғиз билагина эмас, бошқа тешиклар билан ҳам кулиш мумкин ва керак. Эй, пистачкачи хотинлар, ахир у пайтда юқорининг “разнарядкаси” билан маълум миқдорда чўчқа боқувчи, сут соғувчи, ошпаз, токарь, таксичи, ёзувчи ва Пўлат Охун каби комсомоллар парламентга ёлғондакм сайловлар йўли билан киритиб қўйиларди. Улар сиёсатчи эмасди, уларнинг парламент мажлисларида ухлашдан бошқа ишлари йўқ эди-ку. Агар мен бўлмасам, Пўлат Охун ҳам ўшалар қаторида бўларди.
Бундан ташқари, Пўлат Охун ва Жаҳонгир Муҳаммад жуда жуда яхши билишадики, коммунистик режим мени 1989 йилги сайловларда СССР парламентига киритмаслик учун бир округдан мен чўчқа деб баҳолаган ва сўнги йилларда ўзини шайх деб ҳам аташга бошлаган, аммо чўчқалигача қолиб, чўчқалигича ўлиб кетган Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфни, кейин парламентнинг бошқа палатасига сайланиш учун ҳаракат қилганимда, мени тўхтатиб, айнан иккинчи чўчқа, Абдулла Орифни ўтказишган. Нега бу иккита пистачкачи Ўзбекнинг тарихида қоладиган бу нарсани тилга олишмади?
Депутатлар қурултойида ухлаш масаласида эса, бир кун Пўлат Охун билан сал кам уришишгача борганман. Дедимки, нима мажлисларда ухлаб ўтираверасизми, сўзга чиқинг энди. У ўзининг икки ёнига бақувват депутатлар ўтказиб қўйилгани, улар ўриндан туришга ҳам имкон бермасликларини айтганда, шундай деганман: “Сиз депутатлар ичида энг баққуватисизку, қолаверса, катта залда Сизни ушлаб қолишмоқчи бўлса, ҳаммага эшиттириб бақиринг, қўйиб юборишади” дедим. Янглишмасам, 1990 йилнинг 9 ёки 10 сентябрь куни менинг кўрсатмам билан, янглишмасам у биринчи ва охирги марта депутатлар Қурултойида сўзга чиққан ва Ўш-Ўзген воқеалари ҳақида икки оғиз сўз гапирган.
Қолаверса, ўша куни эрталаб, биз “Бирлик” фаоллари Кремлга кираверишда, Ленин музейи олдида даҳшатли пикет ўтказганмиз. Пикетчилар қўлида қирғизлар тарафидан Ўш-Ўзгенда ваҳшийларча ўлдирилган ўзбекларнинг расмлари бор эди. Тошкентдан биз билан бирга келган Гулчеҳра Нуриллаева ва минг афсуски, ҳозир исмлари эсимда бўлмаган, аммо топса бўладиган, 2-3 ўзбек қариялари бор эди. Ана уларнинг олдида тиз чўкишимиз керак. “Озодлик” ҳақиқий демократик радио бўлсайди, у ерда ишлайдиганлар ҳайвон бўлмасайди, ўша қарияларни топиб суҳбат қилардилар. Ўйлайманки, ҳозир уларнинг ёши 80-90 лар орасида. Эртаси куни “Комсомольская правда” газетаси бу пикетимиз ҳақида “Кеча дупутаталар моргдан ўтгандек Кремлга кирдилар” деб ёзилган мақола чиқарган. Ишонмаганлар буни архивлардан топиб, текшириб кўришлари мумкин.
Яна қизиғи шундаки, “Озодлик”нинг эшиттиришида Абдулла Ориф миллат ва ватан олдида қилган қандайдир айблари учун қораланади, аммо ўша “айблар” нима эканлиги тилга ҳам олинмайди. Шармандалик!!!! Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлати қандай аҳволга туширилгани, масалан, қирғиз фашистлари ўзбекларни қирғин қилганда ўзбеклар, хусусан, Абдулла Ориф ҳамма тешикларини қисиб ўтиргани, ҳозир миллионлаб ўзбеклар руслар ва қозоқларга мардикорлик қилаётгани, Ўзбекистон иқтисодининг кучи билан Қозоғистондан 8 баравар орқада қолганлиги, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолга туширилгани УМУМАН ТИЛГА ОЛИНМАЙДИ. Айнан шулар Абдулла Ориф хизмат қилган режимнинг айбларику. Булар тилга олинмаса, у ҳолда Абдулла Орифнинг айби нима эди ўзи, нима учун уни бу пистачкачи хотинлар қораладилар?
“Озодлик” радиосидагилар ҳаромий бўлмаса эди, айнан Ўзбек миллати ва Ўзбекистоннинг бугунги аҳволи ва уларни шу аҳволга олиб келинишида катта роль ўйнаган, миллатга сотқинлик қилган Салой Мадамин, Дадахан Ҳасан, Дилором Исоқ, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Усмон Азимларни муҳокама қилган бўлишарди. Аммо, бунга МХХ рухсат бермайди, чунки у сотқинлар Ислом Карим учун катта иш қилган ва эвазига Ислом Каримдан дарҳол бир талай нарсалар олган ёки келажакда олишларига ваъда берилган одамлардир. Ислом Каримнинг ўша пайтдаги асосий рақиби, қанчалик бошқа айблари бўлмасин, миллатпарвар бўлган Шукрулла Мирсаидни ўлдирганалар ҳам ўша ҳаромийлардир.
Улар Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатининг орқасига болталар билан урдилар. Абдулла Ориф эса, урса игна билан урди. Дарвоқе, вақти келгани учун айтаман, Жаҳонгир Муҳаммад ва Пўлат Охунлар қўлларида болта бўлмагани учун пичоқчалар билан роса орқадан урушга ҳаракат қилишди, аммо йўл бермадик. Бунинг устига, пичоқча болта эмас. Лекин, бунинг учун ҳам жавоб бериш вақти келади. Жавобни “Озодлик”даги ҳаромийлар ҳам берадилар.
Дарвоқе, Исмат Хушев Абдулла Орифни оқлашга ҳаракат қилар экан, Ислом Карим аввал улуғ ишлар қилганини айтгани устидан ҳам ҳамма тешиклар билан кулиш керак. Ахир Ислом Карим ўзбек тили давлат тили бўлсин деб Ўзбекнинг тарихида биринчи марта намойишга чиққан ўзбекларни калтаклатган, қаматган одам-ку. Буларнинг ҳаммаси киноларга олингaн ва бизнинг сайтимизда турибди. Айнан Ислом Карим мен ва “Бирлик” Ўзбекистонда яратган демократия асосларини мустақил бўлишимиз биланоқ йўқ қилди, демократиясиз эса, ривожланиш йўқ.
Айнан Ислом Карим Ўзбекистонда бозор иқтисоди яратмаслик учун ҳамма нарсани қилди ва қилмоқда. Исматвой, 4 та қулоғинг билан эшитволки, дўконлар ва майда хунармандчиликни хусусийлаштириш – бозор иқтисоди эмас. Бизда ҳамма катта бизнесс давлатнинг қўлида, биронта кўзга кўринадиган хусусий инвестор йўқ, катта инвестор, яъни катта бой бўлишга ҳаракат қилганлар, мустақилликнинг биринчи йиллариёқ бошқаларга дарс бўлсин деб қамоққа ташланган, демак, ривожланиш бўлмайди. Ислом Каримнинг ўзбекларни қозоқлардан орқада қолдириш учун атайлаб қилган ишлари, фақат айб эмас, жиноятдир. Буларга ҳали жавоб бериш керак бўлади. Бу ишларни қилган Ислом Каримнинг Исмат Хушев каби хизматкорлари ҳам унинг жиноятларига шериклар ва ҳали жавоб берадилар. Энг яхшиси, миллат олдида қилинган ўша ишлар, ўша жиноятлар учун тиз чўкиб кечирим сўрашдир. Кечириш ёки кечирмаслик миллатнинг иши.