30 May 2014
16:29 - Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида фикрлар ва Абдураҳим Пўлатнинг таклифлари
Кеча Остонада Россия, Қозоғистон ва Белорусия президентлари Владимир Путин, Нурсултон Назарбой ва Александр Лукашенко Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) тузиш ҳақида Шартнома имзолаганлари, табиий, дунёнинг эътиборидан четда қололмасди ва қолмади ҳам. Масалан, АҚШнинг энг мушҳур газеталаридан иккитасида шундай дейилади. USA Today: Евросиё Иқтисодий Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ СССР республикаларини битта миллатга бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, жипслашган конфедерацияга бирлаштириш бўйича амбицияларини яна ҳам илгари суради. Айни замонда, Россия ва Қозоғистоннинг вакиллари янги Иттифоқ фақат ва фақат иқтисодий эканлиги ва сиёсий жиҳатлари йўқлиги ҳақидаги фикрда қатъий турибдилар. “Сиёсий интеграция йўқлигини таъминлаш учун шартноманинг ҳар бир харфи учун курашдик. Агар Россия бу шартнома доирасида бирон нарса қилмоқчи бўлса, бизнинг розилигимиз керак бўлади. Совет Иттифоқи даврида биздан ҳеч нарса сўрамасдилар, бизни Москвага чақириб, нима қилиш кераклигини айтишарди, холос”, дейди мухбиримизга Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Бакитжон Сагинтаев. The Christian Science Monitor: ЕОИИ Путиннинг президентлик даврининг калит сифатидаги лойиҳасидир. Россия давлатининг раҳбарининг ўзи “эски СССРни янгидан ихтиро қилишга” уриниш нияти борлигини инкор этади. Бироқ, нима бўлганда ҳам, ЕОИИнинг тузилиши сигнал бермоқдаки, келажакада яна бир қатор давлатлар қўшилиши мумкин бўлган иқтисодий блокнинг бошида яна Россия турибди. * * * Қозоқларнинг Казинформ агентлиги сиёсатшунос Содиқ Акижановнинг сўзларини келтиради: “Евросиё интеграциясининг меъмори” Нурсултон Назарбоевдир. У ўз евросиё концепциясини 20 йил аввал олға сурди ва уни ҳаётга жорий қилиш учун собитқадамлик билан фаолият олиб борди. 2000 йилда Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти яратиш бўйича Шартнома имзоланди, 2010 йилда Божхона Иттифоқи иш бошлади, 2012 йилда бери эса Умумий Иқтисодий Майдон бор. ЕОИИнинг контурлари кўринишга бошланиши билан АҚШнинг ҳозир собиқ бўлган Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон 2012 йил декабрида евросиё интеграциясини “минтақани қайтадан советлаштириш йўлидаги қадам” деб баҳолади ва Вашингтон “бунинг олдини олиш ёки тезлигини камайтиш учун самарали усуллар” топишга ҳаракат қилади. Шуни алоҳида айтиш керакки, Ғарбнинг аввали ва кейинги танқиди Россиянинг босими остида феълан Совет Иттифоқини тиклаш тезисига асосланди. 2013 йилнинг январида Қозоғистон Республикасининг Президенти Н.Назарбоев бу масала бўйича ўз позициясини аниқ ифодалади: “Биз умумий мақсадимизга томон кетаверамиз. Яна бир марта таъкидламоқчиман, менинг шахсий ташаббусим, яъни Қозоғистоннинг ташаббуси билан амалга оширилаётган евросиё интеграцияси ҳеч қандай сиёсий иттифоқнинг руҳини ўзлаштирмоқчи эмас, айниқса, абадий йўқ бўлган собиқ Совет Иттифоқининг.” * * * ЕОИИ қурувчиларининг, хусусан, Нурсултон Назарбойнинг ҳам, уларнинг танқидчилари Ҳиллари Клинтон, USA Today ва The Christian Science газеталари мухбирларининг ҳам, фикрларини тўғри ўқий билиш жуда муҳим, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Уларнинг гапларида ҳақиқат ҳам бор, айни замонда бошқаларни чалғитиш истаги ҳам йўқ эмас. Қолаверса, Евросиё ғоясини ким биринчи бўлиб олға сурганини билмайманку, аммо, қозоқларнинг машҳур ёзувчиси Олжас Сулаймон мен у билан кўришиб турган йилларимда, қайта қуриш ва мустақилликнинг биринчи йиллари, бу ғоянинг ашаддий тарафдори эди. Ҳа, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи энди бор нарса. Жиддий реаллик. Аммо, унутмайликки, бор нарсалар ҳам қоғозда қолиб кетиши мумкин, СССР каби ҳаётда жиддий шаклда борлари ҳам тарихий нуқтаи назардан узоққа боролмаслиги мумкин. Нима бўлганда ҳам, яқин орада оёққа туролмайдиган Афғонистонни ҳисобга олмасак, Ўзбекистон энг камида яқин йилларда ЕОИИнинг қуршови ичида қолиши муқаррар кўринмоқда. Давлатимиз иқтисоди шундоқ ҳам чўктирилаётган, ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб, подага айлантирилаётган пайтда ҳамма реалликларни ҳисобга олишга мажбурмиз. Ҳозир миллатни келажагини ўйлайдиганлар “Ўзбекистон нима қилиши керак?” саволининг турли жавобларини муҳокама қилишлари шарт. Россиядан бунчалик қўрқавериш ҳам хато. Ҳозир Россия Украина масласида бунчалик сурбетлашиб бораётган бўлса, бундай бўлишида Ғарбнинг ва Украинанинг, қолаверса, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларнинг айби жуда катта. Россия ва русларнинг ўрта асрлардан қолган империячилик руҳини замонавий оқимларга мослаштириш учун, санкциялардан ташқари, ЕОИИ ва бу каби структураларда Украина, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ролини ошириш устида мунтазам ишлаш керак. Ҳар қандай жамиятни демократиялаштириш мақсадини унутмаслик, шу йўналишда фаолият олиб бораётганлар билан ҳамкорлик қилиш, рағбатлантириш лозим. Бошқа бир муаммо билан ўхшашликларга эътибор бериш ҳам муҳим. Ислом фанатизми ва терроризмини назарда тутмоқдаман. Қаранг, Туркиядек давлат исломлашиш йўлидан кетмоқда. Сўнги йиллардаги воқеалардан кўриниб турибдики, ислом фанатизми ва терроризмини куч билан йўқ қилиб бўлмайди. Исломда ислоҳотлар қилиниб, Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилишига эришилса, муаммоларнинг асосий қисми ўз-ўзидан битади. Худди шунга ўхшаб, Хитой ва Россия каби империя руҳидан қутилишни ўйламаётганларни фақат куч билан эмас, турли политтехнологиялар билан тўғри йўлга солиб юбориш устида ўйлаш керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону