17 May 2014
23:18 - Абдураҳим Пўлат: Ислом Каримга менинг номимдан ёзилган масхарабозлик хатига изоҳ

Ислом Каримга менинг номимдан ёзилган хатнинг матни “Ҳаракат” Агентлиги сайтининг “Муҳим хабарлар” бўлимида шу йил 17 мартдан бери турибди. Ўтган вақт ичида бир қатор сафдошларим менга телефон қилиб, “бу хатингиз ўта ножиддийку, Сиздан буни кутмагандик, нима бўли ўзи Сизга” маъносида гапиришди. Икки ўқувчимиздан менга хат ҳам келди. Улар ҳам ўз вақтида сайтимизда эълон қилинган. Шундай бўлса ҳам уларни яна бир марта ўқишдан фойда бор. Мана улар.

* * * * * *

Биринчи хат: Абдураҳим Пўлатга очиқ хат – Сиз ҳам масхарабоз бўлмоқчимисиз? (30 март 2014 йил)

Ҳурматли “Бирлик“ партияси фаоллари!

Ушбу хатимни, партия фаоллари, деб бошладим, чунки бу хат фақат Абдураҳим Пўлатга тегишли эмас, ҳаммага, шу жумладан, Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охунга ҳам тегишлидир.

2013 йил ёз ойларида партиянинг интернетдаги “Ҳаракат“ агентлиги умуман ишламай қўйди. Бунинг сабаби Абдураҳим Пўлат билан Пўлат Охун ўртасидаги келишмовчиликлар деб билдим. 2013 йил август ойининг охирларида “Ҳаракат“ сайтининг администраторига (унинг эл. адреси сайтнинг бош саҳифасида турибди) “Ҳаракатдаги бирлик, “Бирлик“даги “Ҳаракат” номли мақоламни жўнатган эдим. Лекин мақолам эълон қилинмади.

Мана ўша хатимнинг баъзи жойлари.

- - - - -

"Бирлик" партиясидаги ўзаро келишмовчиликлар мени жуда ранжитди. Афсус ва яна афсус дейман. Пўлат Охуннинг раис ўринбосарлигидан кетиши, яккаликни афзал кўриши, мана шу мен учун афсус.

"Бирлик" партияси илдизига болта урадиганлар ташқарида жуда кўп. Лекин партия илдизига болта урадиганлар партия ичидан чиқса бу партия учун даҳшат. Пўлат Охундек инсон, партиянинг энг ишончли одамларидан бири қўлига болта олса, бу партия учун даҳшат.

Пўлат Охуннинг осмондан тош тушгандек баёнот эълон қилиб, партия раиси билан ўрталарида муаммолари борлигини айтиб, бу муаммоларни тилга олмасдан, партияни парчалаш/фракциялаш ишига қўл уриши, яна бир неча кундан кейин телефонда эшитилган қандайдир гаплар, яъни бировдан-бировга ўтиб юрувчи тасдиқланмаган гаплар асосида партиядаги лавозимини ташлаб кетишини эълон қилиши – партияга болта уришдан бошқа нарса эмас. Партия раисининг ўринбосари ҳар икки кунда фикрини ўзгартираверса, бундай партияга ишонч қоладими?

Айнан Пўлат Охунниннг баёнотларидан кейин жаҳонга танилиб бораётган “Ҳаракат” Ахборот Агантлиги ҳам феълан фаолиятини тўхтатиб қўйди. Унинг сайтида ҳар замонда бирон нарсанинг эълон қилиниши – ўзини хабар агентлиги деб эълон қилган ташкилотнинг иши эмас. Бундан ҳам муҳими, “Ҳаракат” тарқатаётган хабарларга берилаётган ўта ўта муҳим, ўқувчиларнинг кўзини очадиган таҳлиллар умуман йўқ бўлди. Яъни, “Ҳаракат” ўлди. Бу ҳам Пўлат Охун томонидан партияга болта урилишининг натижасими?

Мен "Бирлик" партиясини аввалги ҳолатини кўришни истардим. Буни бошқа фидоийлар ҳам хоҳлашига шубҳам йўқ. Мен аввал партияни, таъбир жоиз бўлса, “Абдураҳим ПЎЛАТ Охун” шаклида тасаввур қилардим. Ва шундай бўлиб қолишини хоҳлайман.

“Ҳаракат” сайтида Миллат ва Ватан тақдири билан боғлиқ жиддий муаммоларни кўтарувчи материаллар йўқ бўлиб қолгани даҳшатдир.

Мен кўтараётган мавзу Ўзбек халқининг тарихини белгилашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, бу хатимни сайтда эълон қилинишини сўрайман ва бошқаларни муҳокамага чақираман.

- - - - -

Бу хатим эълон қилинмаса ҳам, охир оқибат келишмовчиликлар ўз ечимини топди шекилли, шу йил бошидан сайт ишлай бошлади. “Харакат“ агентлигининг сайтини ўқиб бораман. Яқинда унинг “Муҳим хабарлар“ бўлимида Абдураҳим Пўлатнинг Ислом Каримга очиқ хатини ўқиб лол қолдим.

Бу нима дегани Абдураҳим ака? Кўп уйладим. Ниҳоят Сизга ушбу хатни ёзаяпман.

Кўйнингизга тегмасин, аммо ўзингиз бошқаларни масхарабозликда, мазохистликда айблардингиз. Энди хатингиздан ўша масхарабозлик ва мазохизмнинг нафаси кеб турибди-ку.

Нима деганиз 2-2,5 йилга президентликни сўраганингиз? Ним бу, ё остидан, ё устиданми? Ёки, ётиб қогунча отиб қол-ми? Ёки ростдан ҳам шундай тушкунликка тушдингизми? Бизда президентлик ҳам масхарабозликка айлантирилган, буни ўзингиз ҳам ёзардингиз. Энди шу масхарабозликни давом эттирмоқчимисиз? Ёки, Сизга хос бўлган ўта кинояли ҳазилнинг маҳсулими бу? Нима бўлгандаям, изоҳ бериш керак ахир.

“Это даст мне больше пространства для политического маневра” дебсиз. Қандай маневрлар қилмоқчисиз? Ёки бу сирми? Демократик давлатларда президент бўлишни истаганлар сайловчиларга қандай маневрлар қилиш ҳақида гапириб, бу маневрлардан фойда бўлишига ҳаммани ишонтиришлари керакку. Ёки Сиз ҳам ҳаммани лақиллатиб юриш йўлига ўтмоқчимисиз, кўринишидан, тушкунлик сабабли.

Абдураҳим ака, президентга ёзган хатизга изоҳ беришингизни сўрайман эмас, талаб қиламан. Чунки, бутун мухолифатнинг юзига доғ тушадию бундай хатлардан.

Ҳозир “Ҳаракат“ агентлиги кимни қўлида? Тушуниб бўлмайди. Чунки, “Facebook“даги “Харакат“ умуман йўқ. Қани ”Билик“ни юзи? Қани у ердаги ўзбек фидоийларининг фикрлари? Ахир “Facebook”, ўз оти билан, “юз китоби“ эмасми? Қани энди “Бирлик“ни юзи? Бу дахшат бўлмоқда-ку.

Ўзбекистон режими ва қирғиз фашистлари “Ҳаракат” сайтини ўз мамлакатларида очилмай қилиб қўйган пайтида Фейсбукдаги саҳифани йўқ қилиш - Ўзбекистон режими ва қирғиз фашистларига хизмат қилиш эканлигини ўйламайдиган даражада соддамисизлар?

Ҳурмат ва эҳтиром билан - Жамшид Хон

* * * * * *

Иккинчи хат: Эсингиз жойидами, жаноб Пулатов! (31 март 2014 йил)

Пулатов, ман Талиб Якубовнинг маколаларида сизнинг президентликка булган амбицияларингиз хакида укиганман. Узбек тилида яхши ёзолмасам хам лекин бу тилни жуда яхши хис киламан. Колаверса, сизнинг президентлик лавозимига булган амбицияларингизга карши эмасман, чунки лидерда амбиция булади, бу табиий хол. Сизнинг Назарбоев билан Каримовни киёслаб килган анализларингиз менга ёкади ва уйлайманки, сиз президент булсангиз камида Назарбаев сингари тугри йулни танлай оласиз.

Лекин сайтга хат ёзишимнинг сабаби бошка. Аввал хам ёзмокчи булганман, вактим бўлмаган. Сайтда Жамшид Хан деган кишининг хатини укиб, сизнинг Ислом Каримовга ёзган хатингизни шу хат оркали укидим. Афсуски, сизга булган хурматим тушиб кетди, сизни хам аклдан озаяпти деб уйлаб колдим. Сиз аччик ва ёкимсиз гапирсангиз, чиройли гапира олмасангиз хам тугри гапирардингиз. Фикрларингиз тугрилигига шахсан мени ишонтира олгансиз. Айникса сизнинг совукконлик билан факат мантикий фикрлашингиз манга ёкади. Евросоюзга интеграция сураб ёзган хатингиз, бошқа вокеаларга берган баёнотларингиз манга маъкул булган.

Аммо президент Каримовга “манга жойингизни 2-3 йилга бериб туринг” деб ёзишингиз вообше кулгили, мани кечиринг-у, сизни жинни деб уйладим. Биласизми, “Уч кунлик халифа” деган асар бор. Ушанда аклдан озган афанди уч кунга халифа булиб, роса кулги булади. Сизнинг хатингиз хам афандининг хаёлларига ухшаб колибди. Сизнинг Ахунов Пулатжон деган муовинингиз бор. Хар холда шу бола депутат булган. Котта идораларни курган. Манимча шу болани ишдан хайдаб нотугри килдингиз, бугунги каби Каримовга саводсиз хат ёзишга может шу бола куймасди.

Пулатов, сиз кибернетик олимсиз. Кибернетиканинг асоси тартиб, дициплина. Манга курсатиб берингчи, хатингизда алжирашдан бошка асос борми? Хеч бир партия раиси шунака хат ёзадими. Яна шу хатни уялмай сайтга куйибсиз. Соглигингизни текширтиринг. Мандан хафа булманг, сизни хурмат килмаганимда ёзганларингизни просто укимай куя колардим.

Аслида ман келтираётган дашномларни узингизнинг сафдошларингиз бериши, сизни тугри йулга бошлаши керак эди.

Сиз Каримовга ёзган хатингизга опровержения бериб, Харакат укувчилари, сафдошларингиз ва халкдан кечирим сурашингиз ёки сиёсатдан кетишингиз керак. А так, шармандалик бу. Хафа булманг, мани хатимни хохланг узингиз укинг, хохланг сайтга куйинг, манга фарки йук.

Собир Ядигаров

* * * * * *

Абдураҳим Пўлат: Бу икки хат муаллифларига ва менга шахсан телефон қилган сафдошларига миннатдорчилик билдираман, ва менинг номимдан Ислом Каримга ёзилган хат бўйича эътирозларини тўла тан оламан. Ҳа, бу менга хос бўлмаган услубда ёзилган хат. Ва тан оламанки, у хат алжираш ва масхарабозликдан бошқа нарса эмас.

Аммо, хат – мақсадли, нишонли хат. Мақсадим – бир тош/хат билан иккита қарғани уруш эди. Мен бугун ўша қарғалардан биттасини тилга оламан.

Мен Ислом Карим номига ёзилган хатни эълон қилган вақтимда, мен айтаётган биринчи қарға ҳали тирик эди, яқинда оламдан ўтди. Мен русларнинг “ўлганлар ҳақида ёки фақат яхши гапир ёки ҳеч нарса” мақолини тўғри деб билмайман. Мақол тўғри бўлса эди, ўлиб кетган Гитлер ҳаққида ҳам ҳеч ким ёмон гап айтмаган бўлади.

Хуллас, бу қарға – яқинда оламдан ўтган Зоҳир Аълам. Мен уни анчагина яхши танир эдим, у “Бирлик”нинг асосчиларидан бири эди. Ўзини ҳақиқий ўзбек миллатчиси деб кўрсатишга тиш-тирноғи билан ҳаракат қиларди, мен унинг шундай одам бўлганига, яъни яхши маънода ўзбек миллатчиси бўлганига ишонганман ва ҳозир ҳам ишонаман.

Аммо, сўнгги асрларда ўзбек миллати шундай аҳволга тушганки, оддийларини қўяверинг, зиёли миллатчилари ҳам, бир чақа учун миллатдан ташқари, керак бўлса, хотинию бола-чақаларини ҳам сотиб кетаверадилар. Мана бундайларнинг баъзи бирлари – 53-54 лақабли ҳаромий Салой Мадамин, унинг ўзи каби ҳаромий ҳамтовоқлари Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам (у ҳам яқинда оламдан ўтди), Усмон Азим, Дилором Исоқ ва бошқалар. Табиий, Эркин Ваҳид ва Абдулла Ориф кабилар - бошқа гуруҳдаги чўчқалардир.

Ислом Каримнинг тошириғи билан Ўзбекнинг тарихидаги биринчи миллий-озодлик ташкилот бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракатини парчалаш учун ҳатто менга, яъни “Бирлик” раисига билдирмасдан тайёрланган, билиб қолганимдан кейингина мажбуран менинг ҳам иштирокимда 1989 йил 8 октябрь куни ўтказилган Марказий Кенгаш мажлиси тўла видеога олинган ва истаган одам у билан бизнинг сайтимизда танишиши мумкин.

Асосан менга қарши аввалдан КГБ тайёрланган ҳужумлардан иборат бўлган ўша мажлисда шоира Гучеҳра Нуриллаева “Бирлик”ни парчалаётганларга қараб, аниқ сўзлари эсимда йўқ, аммо шундай маънода гапиради: “Халқимиз ибтидоий ва аянчли аҳволда, сизлар нима билан шуғулланаётибсизлар ўзи?!”

Дарҳол сўз олган Зоҳир Аълам “Биз халқ ҳаракатимиз, демак, халқ қандай бўлса, биз ҳам шундай бўлишимиз керак” деди ўзини аҳмоқликка солиб. Демак, миллат подага айланган бўлса, Зоҳирга кўра, лидерлар уни қайтадан миллат қилишни ўйламасдан, ўзлари ҳам подага айланишлари керак экан-да.

Мана ҳозир ўзбек миллати миллат сифатини ҳам йўқотиб, мардикорлар подасига айланди. Жамият, ҳатто давлатимиз масхарабозлик саҳнасига айланди. Давлат раҳбаринингг оиласи масхарабозлик рамзи бўлди.

Шундай экан, ўзини “халқнинг ҳаракати” деб ҳисоблайдиган “Бирлик” ҳам, унинг лидерлари ҳам, миллатдан орқада қолиб кетмаслик учун масхарабоз бўлишлари керак эмасми?

Зоҳир Аъламга ўхшаганлар нуқтаи-назаридан мен ҳам масхарабозлик даражасига тушишим керак. Мана, кўринглар, мен ҳам шу даражага тушдим, дейиш мақсадида, ўта истеҳзо ва кинояли услубда менинг номимдан Ислом Каримга ёзилган хатни сайтимизда эълон қилдирдим. Аввалари ҳам ёзганимдек, мени Ислом Карим ҳам унинг ўғри ва фоҳиша қизи ҳам, ҳеч қизиқтирмайди. Мени ўзбек миллатининг тақдири қизиқтиради. Шунга ҳаётимни бағишлаганман.

Масхарабозлик руҳидаги хат бўйича мақсадим - бироз вақт ўтқазиб - Зоҳир Аъламга телефон қилиш ва унинг маслаҳати билан масхарабоз даражасига тушганим ва кулгига қолганимни урғулаб, бу усулнинг асосчиси сифатида миллатдан масхарабозлиги, қолаверса миллатга хоинлик қилгани учун кечирим сўрашни иккинчи марта талаб қилмоқчи эдим. Аммо, Оллоҳ бу ифлос ва пасткаш хоинни, мендан тезроқ ҳаракат қилиб, нариги дунёга жўнатди. Ишонаманки, у дунёнинг номини ҳам тилга олишни истамаганим қисмига жўнатди. Чунки, ўз миллатини сотганларнинг жойи ўша қисмда бўлади. Юқорида номи тилга олинган ҳаромийларнинг ҳам жойи ўша ерда бўлишига ишонаман. Акс ҳолда, энг камида, ўзбекларда Оллоҳнинг адолатига ишонч камаяди.

Мен айтган икки қарғадан бирини мендан олдин Оллоҳнинг ўзи урди. Менинг эса, Оллоҳнинг адолати борлигига ишончим ортди.

Иккинчи қарға тўғрисида ҳозир гапирмайман. Аммо, аниқ ишонаманки, бу ёзувларимдан у ўз хулосасини чиқаради ва хатоларини тузатади. Акс ҳолда, у қарғага отадиган тошим қандай даҳшатли бўлишини ҳозир гапиришни ҳам истамайман.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону