03 July 2012
18:50 -
Оилавий масхарабозликми ёки давлат масхарабозлиги: Гулнора Карим энди Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси эмас
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги бугун тарқатган хабарга кўра, мамлакатимизнинг Испаниядаги янги элчиси Дилшод Аҳадов Испания қироли Хуан Карлосга ишонч ёрлиқларини топширибди. Алоҳида таъкидланишича, элчининг қароргоҳи Берлинда бўлади. Одатда бир мамлакатдаги элчини бошқа мамлакатга ҳам элчи қилиб тайинланганда, унинг қароргоҳи биринчи мамлакатда бўлади. Эслатиб ўтиш керакки, Дилшод Аҳадов 2010 йи 24 октябрда қароргоҳи Берлинда бўлган Чехия элчиси этиб ҳам тайинланганди.
Дилшод Аҳадов Чехия элчиси вазифасини ҳам бажараверадими ёки йўқ, номаълум. Қолаверса, у қачон Исплония элчиси этиб тайинланган, ишонч ёрлиқларини қайси куни топширгани ҳам айтилмаган.
Бундан ҳам қизиғи, шу пайтгача Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси бўлиб келган Ислом Каримнинг қизи Гулнора бу лавозимдан қачон олингани ҳам ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Тахмин қилиш қийин эмаски, Гулноранинг элчиликдан кеткизилиши Ислом Каримнинг қандайдир оилавий муаммолари билан боғлиқ. Оилавий масхарабозлик давлат масхарабозлигига айланиши эса, Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги шундоқ ҳам паст обрўсини яна туширади.